Yangi hujjatlar

Янги босқич, янги вазифалар

ЯНГИ БОСҚИЧ, ЯНГИ ВАЗИФАЛАР
Тошпўлат САЙИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар Палатаси раиси
“Адвокат”, 2009 йил 1-сон.

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги марраларини забт этгани сари ривожланиш қонуниятига биноан янада катта ва мақомига яраша мураккаб масалаларни ҳал қилиш палласига кира бошлади. Ҳуқуқий-демократик давлат барпо қилиш ана шу вазифалар орасидаги энг муҳими десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки адолатли ва мукаммал ишлаб чиқилган қонунлар тизими жамиятимиздаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа барча соҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаб беради.

Адвокатура институти зиммасида ҳам ана шу стратегик масалаларни ҳал қилишда ўз олдига қўйган қатор муҳим вазифалар мавжуд. Фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифаси – адвокатурани янада ислоҳ қилиш деб бежиз айтилмади, чунки адвокатура инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг асосий институтидир.

2009 йилнинг 1 январидан «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Бугунги кун воқелиги шундан далолат беряптики, шиддат билан ривожланаётган ҳаёт адвокатура олдига янада кенг кўламли вазифаларни қўймоқда, уларнинг имкониятларини кенгайтирилишини тақозо этмоқда. Бу борада халқаро амалиётларда синовдан ўтган ва деярли барча ривожланган давлатлар ҳуқуқий тизимларида қўлланилаётган қонун-қоидалар бизнинг қонунчилигимизга ҳам татбиқ этилиши мамлакатимиз ҳуқуқий тизими ўз тараққиёт даврининг янги бос­қичига чиққанидан дарак бермоқда.

Маълумки, адвокатлар ўз касбий фаолиятларини бажариш жараёнида турли қонунлар ва қонун ости ҳужжатларидаги тафовутларга дуч келишади ва айни шу ҳолатлар баъзан адолатли қарор қабул қилишга тўсқинлик қилади. Ана шу масалаларни бартараф қилиш ишида адвокатлар бошқа ҳуқуқий институтлар билан баҳамжиҳат тарзда ҳамкорлик қилиб, уларнинг ҳал қилинишига ўз ҳиссаларини қўшиши лозим. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу вазифаларни бажариш учун адвокатларнинг билим ва касб маҳоратини юқори даражага кўтариш ва уларнинг мунтазам равишда ўз малакаларини ошириб боришларининг мажбурийлигини жорий қилиш давр талаби деб белгиланди.

Адвокатурани ҳалол ва касб маҳорати юқори даражадаги мутахассислар билан таъминлаш, адвокатлик тузилмаларининг ваколатларини аниқлаштириш ва ҳуқуқий мақомини белгилаш, жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, адвокатлар томонидан касб этикаси қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш механизми ва адвокатларга нисбатан интизомий иш юритиш тизимини, тарафлар вакиллиги институтини такомиллаштириш — адвокатура институтининг янада ислоҳ қилиниши лозим бўлган асосий йўналишлардан биридир.

Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси негизида нафақат ҳуқуқий мақоми, балки таъсир доираси жиҳатидан ҳам анча кенг қамровга эга бўлган ўзини-ўзи бош­қарадиган марказлаштирилган тизим — Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ташкил этилиши ва мамлакатдаги барча адвокатларнинг ана шу тизимга бирлашиши ҳаётий зарурат бўлди. Бугун Ўзбекистон адвокатураси тараққиёт даврининг янги босқичига чиқди. Унинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, ҳар бир адвокат алоҳида ва барча адвокатлик тузилмалари билан биргаликда, баҳамжиҳат тарзда мамлакатимиз олдида турган энг долзарб масала — ҳуқуқий-демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ва ана шу вазифани бажариш йўлида алоҳида ғайрат қилиши лозим бўлади.

Ҳурматли ҳамкасблар! Янги 2009 йил Ўзбекистон адвокатлари учун ниҳоятда ажойиб туҳфа билан бошланди.

Юртимиз ободлиги, оиламиз тинчлиги йўлида астойдил меҳнат қилаётган тадбиркор, ишбилармон, хуллас, ҳар бир фидоий фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишдек, ҳаёт сўқмоқларида адашиб қолганларни тўғри йўлга солишдек, хўжалик, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олиб бориладиган суд жараёнларида ўз билимингиз, бой тажрибангиз ва ҳалол хизматингиз ҳамиша қонун устуворлигини таъминлашдек машаққатли ва масъулиятли ишда барчангизга омад тилайман.

Оилангиздан меҳр-оқибат ва қут-барака аримасин!

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига