Yangi hujjatlar

Амнистия акти – унинг асосида жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

АМНИСТИЯ АКТИ
унинг асосида жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Шоназар Бердиев, юридик фанлари номзоди
Олий суд ахборотномаси, 2008 йил 1-сон.

Амнистия акти ҳуқуқ тизимида ўзига хос хусусиятларга эга бўлган институт ҳисобланади. «Амнистия» сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, «унутиш», «кечириш» деган маъноларни билдиради. Амнистия институти ўз мазмун-моҳиятига кўра, жиноят содир этган ёки жазони ўтаётган шахсларга нисбатан давлат томонидан кўрсатиладиган инсонпарварлик ва бағрикенглик намунасидир. Бироқ уни реабилитация, яъни оқлаш тушунчаси билан чалкаштирмаслик лозим.

Амнистия тушунчаси жиноят содир қилган шахсларни жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш, тайинланган жазони қисқартириш, тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш, қўшимча жазодан озод қилиш, шунингдек, илгари суд томонидан белгиланган жазони ўтаб бўлган шахслардан судланганликни олиб ташлашни ифода этади.

Шу маънода амнистия акти жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи жиноят қонунини бекор қилмайди ёки ўзгартирмайди, шунингдек, маълум иш юзасидан чиқарилган суд ҳукмига нисбатан норозиликни билдирмайди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, амнистия жиноий жавобгарликдан озод қилишда мажбурий ва ҳеч бир шарт талаб этмайдиган асос бўлиб ҳисобланади. Бундай асос суриштирув, тергов идоралари ёки суднинг ихтиёрига боғлиқ эмас. Шу билан бирга у уларнинг ихтиёрига ёки бошқа шароитга боғлиқ қилиб қўйишни ҳам назарда тутмайди.

Яна шуни айтиш керакки, амнистия билан жавобгарликдан озод бўлиш мазкур акт қўлланилган шахс учун олдинги лавозимига тикланишини ва ишда бўлмаган вақт учун эса ҳақ тўланишини суд тартибида талаб қилиш ҳуқуқини вужудга келтирмайди.

Авф этиш, яъни амнистия масаласига ҳуқуқшунослик фани тарихида турлича муносабат билдирилган. Чунончи, Европа фалсафа ва ҳуқуқ мактабининг йирик вакили И.Беккариа бу масалани салбий баҳолаган. Унинг фикрича, «жазо енгиллаштирилган сари жамиятда шафқат ва кечиримли бўлишга зарурат камайиб бораверади». Жазолар жўяли (тўғри тайинланган), суднинг эса адолатли бўлиши таъминланадиган қонун ҳужжатларида кечиришга ўрин бўлмаслиги лозим, деган фикрни илгари сурган.

Бундан ташқари олим «кечириш институти»нинг Жиноят кодексига киритилишига ҳам қарши бўлган. Унинг фикрича, жиноятнинг кечирилиши мумкинлиги ва бунинг оқибати жазо билан хотима топиши шарт эмаслигини одамларга кўрсатиш, уларда «жиноятга жазо йўқ», деган дунёқарашни шакллантиради. Модомики, кечириш мумкин экан, у ҳолда кечирилмаган шахсга ҳукмнинг ижро этилиши одил судловдан кўра ҳокимиятнинг зуравонлиги бўлиб кўринади (Беккариа Ч. О приступлениях и наказаниях. М., 1995. С.243-244).

Инглиз ҳуқуқшуноси И.Бентамин эътирофича, агар қонун жуда шафқатсиз бўлса, афв этиш сингари зарурий қўшимчага эҳтиёж сезилади. Лекин бундай қўшимча мукаммал қонунларга эга бўлган жамият учун иллат саналиши шубҳасиз.

Умуман олганда, адабиётларда амнистия институти қўллашга қарши бўлганлар жиноятчиларнинг кечирилиши жиноятчиликнинг авж олишига сабаб бўлади, деган фикрни илгари суришган.

Баъзи давлатларда, жумладан, Белгия, Германия, Дания, Норвегия, Швейцария ва бошқа бир қанча давлатларнинг қонунчилигида амнистия институти мавжуд эмас.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «амнистия институти инсонпарварлик намунаси бўлиб, жиноий жазоларни тежаш мақсадига қаратилган ва жазони енгиллаштиришга имконият берувчи ижобий чоралардан биридир», деган фикрдаги олимлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг эътирофича, давлат жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириш билан бир вақтда ўзига уларни кечиришга ҳам ўрин қолдиради. Бизнингча ҳам, айбдорга жазо тайинлаб, уни жамиятдан ажратгандан кўра, унга нисбатан кечиримли муносабатда бўлиб, сабоқ чиқариш учун яна бир бор имкон бериш ижобий самара беради.

Энди амнистия актининг ҳуқуқий хусусиятларига тўхталадиган бўлсак, бу унинг ҳуқуқий жиҳатдан пайдо бўлиши ва уни амалга оширишда ваколатли идораларни аниқлаш ҳуқуқини мустаҳкамловчи давлат ҳуқуқига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Гарчи амнистия акти Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси билан тартибга солинса-да, мазкур институтни фақат жиноят ҳуқуқи соҳасига тегишли деб бўлмайди, чунки амнистия акти жиноят қонуни эмас. Акс ҳолда барча амнистия актларини Жиноят кодексига киритиш лозим бўлар эди. Бундан ташқари, амнистия жиноят қонунидан вақт бўйича амал қилиш принципи юзасидан тубдан фарқ қилади. Мазкур принципга мувофиқ амнистия акти у эълон қилингунга қадар содир этилган қилмишларга нисбатан татбиқ этилади. Жиноят қонуни бўйича эса, қилмишнинг жиноят ва жазога сазоворлиги, содир этилган қилмишлар учун жавобгарлик фақат жиноят қонуни кучга киргандан кейингина қўлланилади.

Бундан ташқари, амнистия акти Парламент томонидан қабул қилинса-да, бироқ уни тайёрлаш жараёнида жиноят ҳуқуқи, жиноят жараёни ва жиноий ижроия ҳуқуқи ғоялари асос вазифасини ўтайди. Шу сабабли амнистия институтини жиноят ҳуқуқисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Ҳуқуқшунос олимлар амнистия институтининг ҳуқуқий табиати тўғрисида турлича фикрлар билдиришган. Масалан, Н.Д.Дурманов, С.Г. Келина, В.В.Скибицкий амнистияни конституциявий ҳуқуқ (См.: Дурманов Н.Д. Советский уголовный закон. М.; 1967 С.36.; Калина С.Г. Теоретические вопросы освобождения от уголовной ответственности М., 1974 С.87.; Скибицкий В.В. Освобождение от уголовной ответственности и отбывания наказания. Киев, 1987 С. 67, 176.), К.М.Тихенко, О.С.Зельдова, В.И.Курлянский эса жиноят ҳуқуқи соҳасига тегишли (См.: Тищенко К.М. Эффективность института помилования в уголовном праве: Автореф… дисс. Канд. юрид. Наук. М., 1985. С. 12; Маогулова И.Л. Указ. Соч. Там же.), деган хулосага келган. В.Е.Квашис, С.И.Комарицский, И.Л.Марогулова амнистия институтини комплекс характерга эга бўлган қонунчиликнинг турли соҳалари билан тартибга солинадиган, соҳалараро институти (См.: Квашис В.Е. гуманизм советсткого уголовного права. М., 1969. С. 64-65; Комарицкий С.И. Амнистия в советском праве и ее эффективность: Автореф. … дисс. Канд. Юрид. Наук. М., 1985. С. 12; Марогулова И.Л. Указ. Соч. С. 53.) сифатида таърифлаган. Бизнингча, амнистияни соҳалараро институт деб ҳисобловчи олимларнинг фикрлари тўғри. Чунки амнистия акти аксарият мамлакатларда давлат раҳбари ва парламент ўртасида ўзаро келишув асосида қабул қилинади.

Амнистия акти рози ёки норозиликларидан қатъи назар, қонунда белгиланган барча шахсларга татбиқ этилади. Бироқ амнистияга мувофиқ жиноий жавобгарликдан озод қилинган шахс қилмиши учун унга қўйилган айбдан норози бўлса, ишни кўриб чиқиш учун судга мурожаат этиши мумкин. Бундай ҳолда суд шахснинг айбдор эканлиги хусусида хулосага келган тақдирда амнистия актини қўллаб жавобгарлик ёки жазодан озод этади. Давомли жиноятлар содир этилган тақдирда амнистия акти бундай жиноятнинг охирги ҳодисаси у қабул қилингунга қадар содир этилган бўлсагина қўлланилади. Умумий қоидага кўра, давомли жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан амнистия акти уларнинг қилмиши у кучга киргунга қадар тугаган бўлса татбиқ этилади. Бу қоидадан амнистия актининг ўзида белгилаб қўйиладиган истиснолар бўлиши мумкин.

Амнистия актининг муҳим жиҳатларидан бири шуки, унда ушбу ҳужжатни қўлланиш мезонлари белгилаб қўйилади. Жиноят процессида қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амнистия акти асосида муайян шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш, жиноят иши қўзғатилган босқичда уни қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори билан, тергов босқичида ёки тергов тугаб ҳукм чиқарилмаган ишларга нисбатан, жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор билан, суд муҳокамаси босқичида жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги суд ажрими билан амалга оширилади. Амнистия бирор-бир тоифадаги маҳкумларни ёки уларнинг муайян белгиларига қараб, айтайлик, ёши, жинси, соғлиғининг ҳолати, ногиронлиги, қарамоғидаги шахслар, муқаддам судланмаганлиги каби бир қатор хусусиятларни қамраб олади. Агар шахс бир неча жиноят содир этган бўлса ва уларнинг айримлари учун амнистия актида жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод қилиш асослари назарда тутилган бўлса-да, бироқ бундай шахсларга нисбатан амнистия актини қўллаб бўлмайди, чунки бир неча қилмишни содир этган жиноятчининг шахси жамият учун анча хавфли. Айнан бир неча жиноят содир этган шахсларга амнистия актини қўлламасдан унга нисбатан жиноий жазо тайинлаш умумий ва хусусий огоҳлантиришнинг самарасини бериб, айбдор ва бошқа шахсларга жавобгарлик хиссини уйғотади. Амнистия актига мувофиқ келмайдиган жинояти учун эса мазкур шахс жазоланиши лозим. Амнистия актини қабул қилишдан кўзланган биринчи мақсад бу – жамият ва давлатда инсонпарварлик тамойилини амалга татбиқ этишдан иборат. Амнистиянинг қабул қилиниши нафақат жиноят содир қилган шахслар ёки маҳкумларнинг манфаати нуқтаи назаридан, балки уларнинг оила аъзолари, қариндош уруғлари, вояга етмаганларнинг ота-оналарининг меҳридан баҳраманд бўлиши, шунингдек, оилада иқтисодий ва маънавий муҳитни вужудга келтиришда катта ўрин тутган ота ва оналарнинг иштирокини ҳамда жамият манфаатларини инобатга олгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда давлатнинг жамият аъзоларига нисбатан ғамхўрлик ғояси акс эттирилган. Инсонпарварлик – инсонни шахс сифатида тан олишни, унинг қадр-қимматини ҳурмат қилишни ва фаровонлигини ошириб боришга интилишини ижтимоий тараққиётнинг мақсади каби изоҳлайдиган ахлоқий тамойилдир. Шу маънода амнистия институти инсон энг олий қадрият эканини кафолатлайди. Жамиятдаги тартиб ва меъёрларга ҳурматсизлик билдириб, ғайриқонуний ҳаракатлар содир қилган шахслар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Мазкур ахлоқий тамойил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасидаёқ қайд этилган. Амалдаги Жиноят кодексининг 7-моддасида «жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди. Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинлаш ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак”, деб белгиланган. Амнистия актидаги инсонпарварлик ғояси чет эл фуқароларига ҳам қўлланилгани ва уларнинг жиноий жавобгарлик ва жазодан озод этилгани мамлакатимизнинг халқаро меъёрларга содиқлиги баробарида нормаларини қўллаш билан ўзга давлат фуқаролари нисбатан ҳурмат-эътибор намунаси ҳамдир.

Бундай олижаноб ғояларнинг амалиётга татбиқ этилиши маълум бир турдаги ғайриқонуний қилмиш содир этган шахсларнинг ўз қадр-қимматини билиш ва бундан кейин ғайриқонуний ҳаракатлар содир этмаслиги учун ўзини ўзи назорат қилишга йўналтирилгани билан янада эътиборлидир. Бу хусусият “Амнистия актини қўллаш тартиби ҳақида”ги Низомнинг 14-моддасида яққол намоён этилган бўлиб, унда таъқиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этгани учун биринчи марта 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилиниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларнинг жазодан озод этилишида ҳам намоён бўлган. Шу билан бирга амнистия акти шахсларни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш билан бир вақтда янги жиноятлар содир этишнинг олдини олишни хам кўзда тутади (умумий огоҳлантириш). Бундай ҳолатни айниқса, ўта оғир бўлмаган жиноятлари учун биринчи марта судланган вояга етмаганларни ҳам амнистия акти асосида жазодан озод этишда янада яққол намоён бўлган.

Белгиланган Низомга мувофиқ амнистия актини қўллаш, бевосита прокуратура органлари, ИИВ, МХХ, Олий суд томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, Низомда сил касаллигига чалинган 1 ва 2-гуруҳ ногирони ҳисобланган маҳкумларни жазодан озод қилингандан сўнг махсус даволаш муассасаларига жойлаштириш масалалари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, чет эл фуқаролари бўлган маҳбусларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш ишлари масалалари бўйича Ташқи ишлар вазирлигининг иштироки кўзда тутилган.

Шунингдек, амнистия актини қўллаш ёки қўлламаслик масаласи ҳар бир шахсга нисбатан якка тартибда комиссия томонидан кўриб чиқилади. Амнистия акти ўз айбига иқрор бўлган шахсларга нисбатан тегишли тартибда суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан, шунингдек, жиноят ишлари судда кўрилаётган судланувчиларга нисбатан суд томонидан, суд ҳукмига асосан жазо ўтаётган маҳкумларга нисбатан жазони ижро этувчи орган томонидан ҳамда интизомий қисмда жазо ўтаётган ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм командири томонидан ижро этилиши белгиланган.

Низомнинг 15-бандида мувафиқ, барча биринчи марта содир этилган, Жиноят кодексининг 15-моддаси билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киритилган жиноятлар юзасидан олиб бориладиган тергов ишлари ва судда кўрилмаган ишлар тугатилиши лозим.

Жиноят ишларининг суриштирув, тергов босқичи ва судда амнистия тўғрисидаги қарорга мувофиқ тугатилиши шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади. Бундай шахслар томонидан етказилган зарарни ундириш масаласи фуқаролик ишларини судда юритиш тартибида ҳал қилиниши кўзда тутилган.

Тайинланган жазони қисқартириш ёки жазодан озод этиш биринчи инстанция судлари томонидан, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирмаган ишлари кўрилаётган апелляция инстанциясида ёки ҳукм қонуний кучга кирганда кассация ва назорат инстанцияларида қўлланиши мумкин.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, амнистия актлари замирида ҳукм қилинган шахснинг хулқ-атвори масаласи ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Шу муносабат билан ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилган шахсларга, икки ёки ундан ортиқ интизомий жазоси мавжуд бўлган маҳкумларга, ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо озодликдан маҳрум этишга алмаштирилган шахсларга, шартли ҳукм бекор қилиниб, ҳукмда тайинланган жазони ўташ учун юборилганларга, манзил колониялардан тегишли тартибли колонияларга ўтказилган ёки қайтарилган маҳкумларга, ҳукм ижроси кечиктирилган ёки синов муддати давомида қасддан жиноят содир этган шахсларга, ўта хавфли рецедивистларга, муқаддам амнистия ёки афв этиш татбиқ этилганларга нисбатан амнистия акти қўлланилмайди.

Амнистия актида судланганлик масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Мазкур актга мувофиқ, суриштирув, тергов ва суд томонидан жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод қилинганлар судланмаган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2006 йил 22 декабрда “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сонли қарорининг 7-8-бандларида жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан жазо муддатининг ўталмаган қисмидан озод этилганлар ҳам судланмаган ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.

Бу тоифадаги шахслар судланмаган деб ҳисобланса-да, бироқ уларга амнистия акти қўллангани алоҳида рўйхатга олинади ва келгусида янги жиноят содир қилган тақдирда унга нисбатан Низомнинг 17-бандига мувофиқ, иккинчи бор амнистия акти қўлланмайди.

Амнистия актининг 6-бандида, биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят ишлари юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари ҳаракатдан тугатилиши лозимлиги кўрсатилган бўлишига қарамай, айрим туман (шаҳар) прокурорлари қарор талабларига зид равишда жиноят ишларини ҳаракатдан тугатиш ўрнига, жиноят ишларини айблов хулосаси билан судларга юбориб, иш бўйича айбланувчиларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйиб келган. Масалан, Ангрен шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айбланган, муқаддам судланмаган И.Халиловга нисбатан 21.12.2006 йилда айб эълон қилиниб, айблов хулосаси 27.12.2006 йилда Ангрен шаҳар прокурори томонидан тасдиқланиб судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг 15.01.2007 йилги ажрими билан жиноят иши амнистия актининг 6-бандига асосан жавобгарликдан озод этилган. Ваҳоланки, ушбу жиноят иши бўйича И.Халиловга нисбатан дастлабки тергов томонидан амнистия акти қўлланиб, жиноий жавобгарликдан озод этилиши лозим эди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жиноят содир қилган ҳар бир шахсга амнистия актини қўллаш ёки қўлламасликдан қатъи назар, комиссия томонидан унинг иши якка тартибда обдон кўриб чиқилиши ва қонун талаби асосида тегишли қарор қабул қилиниши лозим. Амнистия актини қўллашда, аввало, шахснинг жиноят содир қилганликда айбдор эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, шундан сўнггина уни қўллаш ёки қўлламаслик масаласини муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки амнистия акти фақат айбдор шахсга нисбатан қўлланилади.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига