Yangi hujjatlar

Жиноят процессида амнистия актини қўллаш унда ҳимоячи иштироки самарадорлигини ошириш масалалари

ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА АМНИСТИЯ АКТИНИ ҚЎЛЛАШ УНДА ҲИМОЯЧИ ИШТИРОКИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ
Файзуллохон Думаев, Андижон вилоят хўжалик суди катта маслаҳатчиси
“Адвокат”, 2011 йил 5-сон.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилади. Амнистия акти норматив хусусиятга эга бўлиб, у амнистия акти билан белгиланган талабларга жавоб берадиган барча шахсларга нисбатан қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2008 йил 45 декабрь кунлари бўлиб ўтган XVI ялпи мажлисида маъқулланган «Амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам айнан жиноят содир этган шахсларга нисбатан амнистия актини қўллашни судлар ваколатига ўтказиш орқали судлар нафақат жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини тайинловчи орган, балки жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазони енгиллаштирувчи қоидаларни адолатли таъминловчи органга айлантирилаётганлигидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, халқимизга хос бағрикенглик ва кечиримлилик тамойиллари қонунларимизда ва амалда ўзининг аниқ ифодасини топмоқда. Зеро, ҳаётда билиб-билмай хато қилган ёки жиноятга қўл урган кишини кечириб, унинг тўғри йўлга тушиб кетиши учун имкон бериш халқимизга хос эзгу амаллардан саналади.

Ўзбекистон Республикасининг жиноят процессуал қонунчилигида амнистия актларининг кенг кўламда қўлланилиши халқаро ҳуқуқнинг инсонпарвар талабларига тўлиқ мос эканлиги билан ҳам эътиборга моликдир.

Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (Ўзбекистон Республикаси томонидан Олий Мажлиснинг 1995 йил 31 августдаги қарорига мувофиқ қўлланилган. 1995 йил 28 декабрдан кучга кирган)нинг 6-моддасига мувофиқ амнистияни барча» ҳолатларда қўллашга тавсия этилади. Чунки, жиноятчиликнинг олдини олиш унга қарши курашиш самарадорлиги жазонинг оғирлигида эмас, балки қонунни бузган шахс жазонинг муқаррарлигини нечоғли англашига боғлиқдир.

Жиноят процессида амнистия актини қўллашда шахс ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳимоячи иштироки муҳим ўрин тутади.

Жиноят процессида амнистия актини қўллашда ҳимоячи иштирокининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 49, 53, 58, 75, 91-моддаларида белгиланган.

Жиноят процессида амнистия актини қўллашда ҳимоячи иштирокини шартли равишда 3 та босқичга ажратиш мумкин.

Биринчи босқич, ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш босқичида, яъни суриштирувчи, терговчи терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини қайси шахсга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масала қўйилаётган бўлса, ўша шахснинг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг аризаси ҳамда амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ҳақидаги тақдимнома билан прокурорга юбориши, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани судга киритиш тўғрисидаги масаланинг прокурор томонидан кўриб чиқилиши билан боғлиқ жараёнларни ўз ичига қамраб олади.

Мазкур босқичда ҳимоячи амнистия акти қўлланилаётган шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади: манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлигини билиш; адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг ишда иштирок этиш; гумон қилинувчи сўроқ қилинаётганда иштирок этиш, шахсга айблов эълон қилинаётганда ҳозир бўлиш ҳамда айбланувчи сўроқ қилинаётганда, шунингдек уларнинг иштирокида ўтказиладиган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этиш ва гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга саволлар бериш; бошқа тергов ҳаракатлари юргизилаётганда суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан иштирок этиш; ўзи иштирок этган тергов ҳаракатининг юритилиши хусусида ёзма мулоҳазалар бериш; илтимоснома бериш ва рад этиш; далиллар сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш ва тақдим этиш; гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар билан, дастлабки тергов тамом бўлганидан кейин эса жиноят ишининг барча материаллари билан танишиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; агар ҳимояни амалга ошириш учун зарур бўлса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборот билан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда танишиш; жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юборишни рад қилиш тўғрисидаги прокурор томонидан чиқарилган қарорлар устидан юқори турувчи прокурорга шикоят бериш.

Жиноят процессида амнистия актини қўллашда ҳимоячи иштирокининг иккинчи босқичи амнистия актини қўллаш тўғрисидаги прокурор илтимосномаларининг суд мажлисида кўрилиши билан боғлиқдир.

Бу жараёнда суд мажлиси прокурорнинг маърузаси билан бошланади, прокурор амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш зарурлигини асослаб беради. Сўнгра амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилаётган бўлса, ўша шахснинг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, ҳимоячининг ва қонуний вакилнинг сўзлари эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади.

Мазкур жараёнда ҳимоячи амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги, прокурорнинг жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантириш ёхуд рад этиш ҳамда терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёхуд жиноят ишини умумий қоидалар бўйича тегишинча терговга қадар текширув ўтказиш ёки дастлабки тергов ишини юритиш учун прокурорга юбориш тўғрисидаги, эҳтиёт чораси тўғрисидаги, ашёвий далиллар тўғрисидаги, фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари тўғрисидаги масалаларни ҳал қилишда ҳимояси остидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, зарур бўлган ҳолларда хусусий шикоят берилишига алоҳида эътибор қаратиши керак.

Жиноят процессида амнистия актини қўллашнинг кейинги босқичи киритилган хусусий шикоятлар асосида тегишинча апелляция, кассация ва назорат тартибида ишларнинг кўриб чиқилишида иштирок этилиши билан боғлиқдир.

Мазкур босқичда ҳимоячи иштирокининг аҳамияти шундаки, амнистия актини қўллаш билан боғлиқ ишларни кассация ва назорат инстанцияларида кўриб чиқишда айбланувчининг суднинг мажлисларида иштирок этишига суднинг рухсати билан йўл қўйилишидир. Бу ўз навбатида ҳимоячи иштирокини янада самарали ташкил қилиш лозимлигини кўрсатади.

Фиркримизча, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 589-моддасига мувофиқ амнистия актини қўллашга оид жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юбориш бўйича прокурорнинг қарори устидан юқори турувчи прокурорга эмас, балки судга шикоят қилиниши лозимлиги белгиланиши ҳимоячи иштироки самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилган бўлар эди.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига