Саҳобиддин Сирожиддинов, «Аdvokat»журнали махсус мухбири.
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаларида ўтказилаётган «Малака имтиҳон»ларидан лавҳалар
Бугун шитоб билан ўзгариб, ривожланиб бораётган давр ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ва айниқса, адвокатура тизими ходимлари олдига қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини турли тажовузлардан ҳимоя қилишдек муҳим, айни пайтда ниҳоятда долзарб вазифа қўймоқда.
Чунки, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини бевосита ҳимоя қилишдек улуғ вазифа фуқаролик жамиятининг асосий ва муҳим институтларидан бири бўлмиш — адвокатура институти зиммасига юклатилганки, бу вазифа ҳам шарафли, ҳам масъулиятли, ҳам мураккабдир.
Адвокатура тизими фаолиятининг мураккаблиги шундаки, шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва уларни қайта тиклашни таъминлайдиган бошқа органларнинг ваколатларини камситмайди, такрорламайди, балки фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлигини турли иқтисодий-ижтимоий ва айниқса жиноий тажовузлардан, шунингдек, судларда тергов ва дастлабки суриштирувларда эса асоссиз айбловдан қонун доирасида ҳимоя қилади ва умуман ҳимоянинг барча мавжуд воситаларини янада тўлдиради.
Бундай мураккаб ҳимояни амалга ошириш учун адвокат аввало чуқур ҳуқуқий билимга ва бой ҳаётий тажрибага эга бўлмоғи даркор.
Бугун жойларда ўтказилаётган «малака имтиҳон»ларининг асосий мақсади ҳам худди шунга — адвокатлар зиммасига юклатилган вазифанинг ғоят мураккаб ва масъулиятлилигидан келиб чиққан ҳолда бугунги кун адвокати бу мураккабликларга қай даражада тайёр эканлигини аниқлашга қаратилган.
Замон адвокатига қўйилаётган талаб нечоғлик залворли эканини Адлия вазирлиги ва Республика Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида тайёрланган «Адвокатура бўйича малака имтиҳони билетларига киритилган саволлар рўйхати»дан ҳам аниқ кўриниб турибди. Жумладан, «Ҳуқуқий тармоқлар назарияси» бўйича киритилган саволларга ва «Ҳуқуқнинг амалий қўлланилиши» бўйича киритилган масалаларга жавоб бериш талаби қўйилганки, бундай талаб манман деган адвокатни ҳам шошириб қўйиши шубҳасиз.
Бироқ, мазкур саволларнинг асосий қисмини адвокатлар ўзларининг кундалик фаолиятларида қўллаб келишаётган «Адвокатура» тизими, «Жиноят ҳуқуқи», «Фуқаролик ҳуқуқи» ва «Жиноят процесси» билан боғлиқ саволлар ташкил этади.
Суд амалиётининг энг муҳим жиҳати бўлмиш «Фуқаролик процесси» бўйича юздан ортиқ савол киритилиб, фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, судьяларни мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби қатор ҳуқуқий муносабатларни қамраб олган бир қанча масала ҳам имтиҳон билетларидан жой олган.
Бугунги бозор иқтисоди шароитида «Хўжалик ҳуқуқи»ни мураккаб ва сертармоқ иқтисоди±тнинг «қон томири» дейиш мумкин. Бу мавзуга доир ва «Хўжалик процессуал ҳуқуқи» бўйича ҳам талай саволлар киритилган. Хўжалик судида иш қўзғатиш, хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар турию миқдорини билиш, масалани адолат тарозисида тортиб бир қарорга келиш осон иш эмаслигини ҳар бир адвокат жуда яхши тушунади, албатта.
«Меҳнат ҳуқуқи» ижтимоий муносабатлар орасида энг нозик ҳуқуқий муносабат бўлиб, бу масалага доир саволлар ҳам адвокатдан аниқ жавоб талаб қилади. «Уй-жой ҳуқуқи» уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар бўлиб, бу мавзуга доир саволлар ҳам бисёр.
Санаб ўтганимиздек, «Ҳуқуқ тармоқлари назарияси» бўйича саволларга ва «Ҳуқуқнинг амалий қўлланилиши» бўйича зукколикни талаб этувчи масалаларга жиддий тайёргарлик кўрган адвокатлар малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтаётганлиги қувончли албатта.
Имтиҳон топширувчилар Адлия вазирининг 2009 йил 14 мартдаги 66-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги Низом»нинг 25-банди талаблари асосида малака комиссияси мажлисининг ўтказилишидан 10 кун олдин мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилинганлар.
Имтиҳон билетларидаги савол ва масалалар мазкур Низомнинг 29-банди талаблари асосида тайёрланган бўлиб, адвокатлар эркин эмин тайёргарлик кўришлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ҳар иккала ҳудудий бошқармада имтиҳон топшириш учун ажратилган хоналардаги тартиб-тамоил эса рисоладагидек.
«Малака имтиҳони»дан муваффақиятли ўтган Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъатининг Божхона ишлари бўйича ихтисослаштирилган юридик маслаҳатхонаси адвокатлари Мансур Маҳкамов билан Муроджон Абдураимовларга мурожаат қилдик.
— «Малака имтиҳони» айни пайтда ташкил этилди, — деди Муроджон Абдураимов. — Чунки шу имтиҳон эсдан чиқаёзган ва эътибордан четда қолаётган айрим мавзуларни ўқиб-ўрганишга, эсга олишга, янгиларини билиб қўйишга замин яратди.
— Аслини олганда бу имтиҳон бизнинг иш фаолиятимиз сарҳисоби бўлди десам кўпчилик фикримга қўшилади албатта, — деди Мансур Маҳкамов. — Чунки, имтиҳон билетларидаги савол ва масалалар ўзимиз кундалик иш фаолиятимизда кунда-кунора дуч келаётган, бошқача айтганда кўп йиллик тажрибамизда қўллаб, амалиётда синовдан ўтказиб келаётган мавзулардир. Бунинг ваҳимага тушадиган ёки аюҳаннос соладиган бирон бир сабаби йўқ. Тўғри замон ўзгармоқда, талаб ўзгармоқда, бу эса ҳар биримиздан замонга мос билим ва тажриба талаб қилади. Шу жиҳатдан олганда имтиҳон билетларидаги айрим масалаларнинг мураккаблиги ва айниқса замон билан ҳамоҳанг «жиноят» турлари ва «ҳимоя» жараёнларига тайёргарлик кўришнинг ўзига хослиги бизни ҳушёрликка, замондан, янгиликдан орқада қолмаслигимизга туртки берди.
— Мен имтиҳонга тайёргарлик кўриш жараёнида «Р. ва Ш.лар компьютер тармоғига кириб, туман банкидаги мижозларнинг ҳисоб рақами ҳақидаги маълумотларни олиб, уни ошкор қилиш билан қўрқитиб, банк бошлиғи У.дан 5000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишади. Қилмишга баҳо беринг» каби ўнлаб, кўринишдан содда, аммо ўзига хос мураккабликка эга бўлган масалаларга дуч келдим, – деди Тошкент вилояти Оҳонгарон шаҳар «Имконият» адвокатлик фирмаси раҳбари Салимжон Жўраев. – Гап бу масалани ечишда эмас, балки гап биз ривожланган ва тараққиёт тобора ўсиб бораётган жараёнда яшаб, ишлаётганимизда, шу билан бирга, жиноят олами ва жиноят турларининг янгича тус олаётганидадир. Демак, бу бизни доимий изланишга, билим ва тажрибаларимизни янада бойитиб боришга чорлайди.
Суҳбатдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларидан сездикки, бугунги кун адвокати нафақат гумонланувчи, айбланувчи ва ёки судланувчи манфаатларини ҳимоя қилади, балки жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар, хўжалик ишларида қарздор ёки қарз берувчи манфаатларини, ҳозирги бозор иқтисоди шароитида, банклар, банк мижозлари, давлат корхоналари билан бир қаторда шахсий ва хусусий корхоналар, фирма ва тижорат тармоқларининг манфаатларини ҳам ҳимоя қилади.
Демакки, ҳимояга муҳтож субъектлар ва манфаатлар хилма-хиллиги ҳимоя жараёни ранг-баранглигини ҳам талаб этади.
Имтиҳондан ўтган қай бир адвокат билан суҳбатлашмайлик, улардаги кўтаринкилик, бурчга садоқат ва янгиликка интилишни кўриб қувондик. Бу имтиҳон шунчаки имтиҳон эмас, балки давр талаби эканлигига иқрор бўлдик.