Хамиджон Жалилов, Тошкент шаҳар хўжалик суди раисининг ўринбосари
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлида турли соҳаларда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жамиятни бошқаришнинг янги тизими ишлаб чиқилиб, йўлга қўйилди. Иқтисодиётни бошқариш ва тартибга солишда давлатнинг ролини камайтириш ҳамда бозор иқтисодиёти талаблари асосида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Қонунлар ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, турли меъёрий ҳужжатлар қабул килинди.
Бозор инфраструктураси механизмлари фаолияти йўлга қўйилгач, у ўз самарасини бера бошлади. Чет эл инвестицияси кириб келди, қўшма корхоналар барпо этилди, ишлаб чиқаришнинг янги соҳалари ишга тушди ва ҳоказо. Шу билан бирга иқтисодиётда бозор қонунлари ўз таъсирини ўтказа бошлади. Натижада аксарият корхоналар бозор қонунларини мукаммал билмаслиги, бозор талаблари доирасида фаолият кўрсатмаслиги натижасида иқтисодий инқирозга юз тута бошлади. Ушбу ҳолатда жамиятда яна бир янги тизим ва ташкилотни яратиш зарурияти туғилди. Шундай янги йўналишлардан бири бу хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги, банкротлик билан боғлиқ бўлган жараён ҳисобланади.
Маълумки, собиқ иттифоқ даврида бизда иқтисодий ночорлик, банкротлик тушунчалари ҳақида тасаввур ҳам йўқ эди, чунки аксарият корхоналар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиб, уларнинг фаолияти юқорида белгиланган режа асосида амалга ошириларди.
Шунингдек, уларнинг олиши мўлжалланган даромади ҳам юқоридан белгилаб бериларди. Шунинг учун ҳам корхоналарнинг зарар билан фаолият кўрсатиши ёки кредиторлик қарзлари кўпайиб кетиши, бугунги кун нуқтаи назаридан келиб чиқиб гапирсак, банкротлиги, иқтисодий ночорлиги тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.
Корхоналарнинг банкротлик ҳолатига тушиб қолишининг бир қанча сабаблари мавжуд. Ушбу сабабларни уларнинг келиб чиқишига, таъсир доирасига қараб бир неча гуруҳларга ажратиш мумкин. Банкротлик сабабларини бир қатор омилларнинг ўзаро боғлиқлиги натижаси сифатида кўриб чиқамиз.
Баъзи омиллар корхонага нисбатан ташқи омил бўлса, баъзилари ички омил ҳисобланади. Ташқи омиллар таъсирини корхона ёки унинг раҳбарияти ўз манфаатлари доирасида ўзгартириши, унга таъсир этиши мумкин эмас. Ички омиллар эса бевосита корхона фаолияти билан боғлиқдир. Шунингдек, банкротлик сабабларини объектив ва субъектив сабабларга ажратиш мумкин. Кўпчилик ҳолатларда банкротлик барча сабабларнинг биргаликдаги таъсири натижасида ҳам келиб чиқади.
Банкротлик сабабларини омиллар таъсири нуқтаи назаридан, юқорида айтганимиздек, ташқи ва ички омилларга бўлишимиз мумкин.
Асосий ташқи омилларга қуйидагилар киради.
– иқтисодий;
– сиёсий;
– демографик;
– халқаро рақобатнинг кучайиши;
– қарздорларнинг банкротлиги.
Асосий ички омилларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
– ўз айланма маблағларининг етишмовчилиги;
-дебитор ва кредитор қарзларнинг кўпайиши;
-сотилаётган маҳсулотнинг нархини аниқлаш
механизмининг яхши йўлга қўйилмаганлиги;
– шартнома интизомига риоя қилмаслик ва ҳоказо.
Мамлакатимизда корхоналарнинг банкротлик ҳолатига тушиб қолишининг объектив сабаблари деганда, хорижий ёки қўшни ҳамдўстлик давлатлари билан бўлган алоқаларнинг мукаммал йўлга қўйилмаганлиги ҳамда улар билан бўладиган иқтисодий муносабатларнинг мураккаблашганлигини тушуниш мумкин.
Субъектив сабабларга эса корхона раҳбарининг уқувсизлиги, қонунларни яхши билмаслиги, давлат томонидан берилган имконият, қулайлик ва енгилликлардан етарли тарзда фойдалана олмаганлиги, бозор иқтисодиётининг ўзига хос қонуниятларини чуқур билмаслиги, шартнома интизомига қатъий риоя этмаслиги каби сабаблар киради.
Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан банкрот деб эътироф этилган корхоналарнинг банкротлик сабабларини таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатадики, мулкида давлат улуши бўлган корхоналар асосан объектив сабаблар туфайли, кичик ва ўрта бизнес корхоналари эса субъектив сабаблар туфайли банкрот бўлган.
Жумладан, «Тошсаноатқурилиш» ОАЖ, «Ўзмевасабзавотимпекс» АЖ, «Паста Камола» қўшма корхонаси, «Тоштекстил» МЧЖ шаклидаги қўшма корхоналар ҳамда шунга ўхшаш корхоналарнинг банкротлиги объектив омиллар билан боғлиқ. Мазкур корхоналарда тасдиқланган бизнес режалар ва «Молиявий соғломлаштириш режа»ларини бажариш юзасидан кескин чоралар кўрилмаган. Хом-ашё ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда қатъий иқтисодий режимни ўрнатиш, бошқарув аппаратини қисқартириш, асосий ишлаб чиқаришда қатнашмаётган асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни сотиш масалаларига етарли даражада эътибор берилмаган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, банкротлик аломатлари корхонанинг иқтисодий ночорлик ҳолатига келиб қолиши сабаблари натижасида вужудга келади. Республикамизда қабул қилинган дастлабки «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунда корхонани банкрот деб эътироф этиш учун 2 та асосий ва муҳим шарт кўрсатилган эди. Биринчидан, корхонанинг мол-мулки қийматидан унинг қарз мажбуриятлари қиймати ошган бўлиши, иккинчидан эса, муддати етиб келган мажбуриятларга оид кредиторлик талаблари 3 ой мобайнида ижро этилмаётган бўлиши керак эди.
2003 йил 24 апрелдан кучга кирган Янги таҳрирдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга кўра, хўжалик юритувчи субъектлар, яъни юридик ва жисмоний шахслар учун банкротлик аломатлари чегараси алоҳида-алоҳида белгиланган. Жумладан, жисмоний шахслар (якка тадбиркорлар) банкрот деб эътироф этилиши учун аввалги қонунда мавжуд бўлган 2 та омил сақланиб қолинди. Юридик шахсларнинг банкрот деб эътироф этилиши учун амалдаги Қонунга кўра, улар кредиторлик мажбуриятларини 3 ой мобайнида бажара олмаётган бўлиши керак.
Банкротлик аломатлари фактлари мавжудлигини аниқлаш учун пул мажбуриятлари ва тўловлар бўйича мажбуриятлар аниқланади.
Пул маблағлари бўйича мажбуриятларга қуйидагилар киради:
– олинган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун кредиторлик қарзлари;
– қарздор тўлаши лозим бўлган қарзлар (фоизлари билан биргаликда) суммаси, қарздорнинг ҳаётига ёки соғлигига етказилган зарар бўйича фуқаролар олдидаги мажбуриятлари, муаллифлар тақдирланиши бўйича фуқаролар олдидаги мажбуриятлари, муаллифлар тақдирланиши бўйича тўловлар, шунингдек, қарздор юридик шахс таъсисчилари олдидаги мажбуриятлари бундан мустасно.
Пул маблағлари бўйича мажбуриятлар аниқланишида бажарилмаган ёки белгиланган тартибда бажарилмаган пул маблағлари бўйича тўланиши лозим бўлган устамалар, жарималар пенялар ҳисобга олинади.
Агар корхонанинг юқоридаги ҳолатлар бўйича банкротлик аломатлари мавжуд бўлса, у хўжалик суди томонидан банкрот деб топилади. Лекин қарздорнинг банкрот, деб эътироф этилиши учун у бўйича иккинчи томондан ариза билан хўжалик судига мурожаат этилиши лозим. Шу ўринда ким ва қайси ҳолатда қарздорни банкрот деб эътироф этиш тўғрисида хўжалик судига мурожаат қилиши мумкин, деган савол туғилади.
Пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига қарздор, кредитор ва прокурор мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан қарздорнинг ўзи, прокурор, солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Агар қарздор мулкида давлат улуши мавжуд бўлса, уни банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига банкротлик масалалари бўйича давлат органи мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Қарздор пул мажбуриятларини бажариш ёки мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятларини белгиланган муддатда бажаришга қодир бўлмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан юқоридаги шахслар қарздорнинг ўзи, прокурор, солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақлидирлар.