Сирожиддин Рустамов, журналист
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Марказий ҳисобхонаси бош ҳисобчиси Тоҳир Йўлдошевич Муратовга махсус мухбиримиз Рустам Рамзиддинов Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг молиявий тизими, манбаалари ҳамда Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадалларини тўлаш тартиб-тамойилларига боғлиқ бир неча савол билан мурожаат қилди.
Тоҳир Йўлдошевич МУРАТОВ 1968 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1992 йилда Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетини, 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-Молия Академиясини тамомлаган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармаси бўлими бошлиғи ўринбосари, Миробод тумани ҳокимлиги молия бўлими мудири, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган. Бир қатор халқаро ва маҳаллий Олий ўқув юртларининг сертификатлари соҳиби.
— Тоҳир Йўлдошевич, аввало Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг молиявий тизими ва унинг фаолияти қайси маблағлар манбаи ҳисобидан амалга оширилиши тўғрисида тушунча берсангиз.
— Адвокатлар палатаси ўз молиявий фаолиятини Президентимизнинг 2008 йил 1 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 4-банди 3-хат боши ва Республика Адвокатлар палатасининг 2008 йил 12 сентябрда бўлиб ўтган таъсис Конференцияси қарорининг 5-бандида белгилаб берилган ва бошқа қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобидан амалга оширади.
Палата бухгалтерия ҳисобида акс этадиган бино, транспорт, оргтехника, мебель ва бошқа жиҳозлар, моддий активлар ҳисобидаги пул маблағлари — Палатанинг мол-мулки ва маблағлари ҳисобланади. Палатанинг мол-мулки ва маблағлари — адвокатларнинг кириш бадалларидан ҳамда ҳар ойда ўтказиб туриладиган аъзолик бадалларидан, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар манбалари ҳисобидан шакллантирилади. Палата мазкур мол-мулк ва маблағларнинг эгаси ҳисобланади ҳамда унинг белгиланган тартибда ишлатилиши бўйича ҳисоб-китоб ишларини олиб боради.
Кўрсатиб ўтилган маблағлардан фақат Палатанинг Уставида назарда тутилган фаолиятларни амалга ошириш учун фойдаланилади ҳамда бу маблағлар Палата аъзолари ўртасида тақсимланмайди.
Бундан ташқари, Палата ўзининг оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда матбаа ва ноширлик фаолиятини йўлга қўйиш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва усулини белгилайди. Ходимларни рағбатлантиради ҳамда интизомий жазо сифатида маълум миқдорда иш ҳақидан ва моддий мукофотдан маҳрум қилиш чораларини қўллайди. Палатанинг молиявий-хўжалик фаолиятини ташкил этади, тасдиқланган тушумлар ва харажатлар сметаси доирасида маблағларни тасарруф этади.
— Айтингчи, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадаллари миқдори қанча қилиб белгиланган?
— Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, 2008 йил 12 сентябрда, бўлиб ўтган Адвокатлар палатасининг Таъсис Конференцияси қарорининг 5-бандида кўрсатиб қўйилгандек «кириш бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида», «аъзолик бадали эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида» белгиланган.
— Йил давомида кириш ва аъзолик бадаллари тўлови суммаси миқдорлари ўзгариши мумкинми?
— Адвокатлар палатасининг Таъсис Конференцияси қарори билан тасдиқланган кириш ва аъзолик бадали миқдори Конференциянинг янги қарори билан қайта ўзгартирилмагунча ўзгармайди. Аммо, агар республикада энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг суммаси ўзгарса, албатта шунга нисбатан бу миқдорлар суммаси ҳам ўзгариши мумкин.
— Палатага аъзо бўлаётган адвокатлар кириш ва аъзолик бадаллари тўловини қайси ҳисоб рақамига ўтказишлари керак?
— Конференция қарорига кўра тўланадиган кириш ва аъзолик бадаллари фақат Ўзбекистон Республикаси Адвоктлар палатасининг қуйидаги ҳисоб рақамига ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, ҳ/р- 20212000700502261001, Ўзбекистон Саноат қурилиш банки (Ўз СҚБ) нинг Тошкент шаҳар минтақавий бўлими, МФО 00424, СТИР 200553651, ОКОНХ 98200.
Агарда, кириш ва аъзолик бадаллари ҳудудий бошқармалар ёки бошқа адвокатлик тузилмаларининг ҳисоб рақамига ўтказилган бўлса, бу маблағлар дарҳол юқорида қайд этилган ҳисоб рақамига тўлалигича ўтказилиши керак.
— Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадалини тўлаш тартиби ва муддатлари қандай, адвокат кириш бадалини кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб тўлаши мумкинми?
— Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ташкил этилгунга қадар, яъни, 2008 йил 12 сентябргача Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси аъзолигида бўлган адвокатлар мазкур Конференция қарорига асосан кириш бадалини тўлашдан озод этилганлар.
Бироқ, бу тоифадаги адвокатлар ҳар ойда тўлаши лозим бўлган амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдоридаги аъзолик бадалларини тўлиқ ва ўз вақтида узлуксиз тўлаб боришлари шарт.
Мазкур қарорнинг 7-бандида «Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб республикадаги адвокатлик тузилмаларида фаолият кўрсатаётган адвокатлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси аъзоси ҳисобланади» деб белгилаб қўйилган. Шу қоидага мувофиқ ҳар бир адвокат дастлаб кириш бадалини, кейинчалик эса ҳар ойда аъзолик бадалларини тўлиқ ва узлуксиз тўлаб боришлари шарт.
Кириш бадалини ҳам, аъзолик бадалини ҳам кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўланишига йўл қўйилмайди.
— Аъзолик бадалини ўз вақтида тўламаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
— Бадалларни ўз вақтида тўламаслик ёки уч ойдан ортиқ вақт мобайнида аъзолик ва кириш бадалларини тўламаганлик Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Уставида ва Адвокатлар касб этикаси қоидалари ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда адвокатлик мақоми тугатилишига олиб келади.
Аммо янги таҳрирдаги «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг «Адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш» 13-1- моддасида, «Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш» — 15-моддасида ва «Лицензиянинг амал қилишини тугатиш» — 16-моддасида назарда тутилган холлар бундан мустасно.
— Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига аъзо бўлаётган адвокатлар учун адвокатлик фирмалари ва бошқа адвокатлик тузилмалари ўз адвокатлари учун ўз ҳисобидан кириш ва ойлик аъзолик бадалларини тўлаб берса бўладими?
— Албатта, агарда ушбу тўлов Ўзбекистон Республикаси қонунларига, қабул қилинган молиявий меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга ва шу тузилмаларнинг низомларига зид келмаса ўз адвокати ёки адвокатлари учун кириш ва аъзолик бадалларини ўзаро келишилган ҳолда пул кўчириш йўли билан ҳам амалга оширишлари мумкин. Ёки адвокат ўзи олган иш ҳақидан нақд пул тўлашни хоҳласа, жамғарма банклари кассалари орқали Республика Адвокатлар палатасининг ҳисоб рақамига ўзининг иш жойи, исми, шарифи ва тўловни қайси мақсад учун тўлаётганлигини аниқ кўрсатиб, нақд пул билан тўласа ҳам бўлади.
— Адвокатлар палатасининг маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича назорат қайси орган томонидан олиб борилади?
— Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси маблағларидан мақсадли фойдаланиш — Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, молиявий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тасдиқланган Устав асосида амалга оширилади. Адвокатлар палатасининг юқори органи бўлган Палата Конференцияси томонидан адвокатлар орасидан сайланган Тафтиш комиссияси Палатанинг молиявий назорат органи ҳисобланади. Тафтиш комиссияси ўз фаолиятини Адвокатлар палатаси Уставига ва Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомга асосан амалга оширади.
Тафтиш комиссияси Республика Адвокатлар палатаси Конференциясига ҳисобот беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ўзининг молиявий фаолияти юзасидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширгани ҳақида кўрсаткичлар бўйича солиқ ва бошқа тегишли органларга ўрнатилган тартибга кўра ойлик ва чораклик ҳисоботлар тақдим этиб боради.
— Палатага аъзо бўлган барча адвокатлар бўйича ҳисоб-китоб қандай олиб борилади?
— Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари билан биргаликда палатага аъзо бўлган ҳар қайси адвокат томонидан тўланган бадаллар миқдори бўйича йиғилган барча маълумотлар «компьютер маълумотлар базаси»га киритилади. Олиб борилаётган ҳисоб-китоблар бўйича ҳудудий бошқармалар билан республика Адвокатлар палатаси Марказий ҳисобхонаси ўртасида ҳар ой ёки чоракнинг якунида ўзаро маълумотлар алмашинуви ёки солиштириш ўтказилади. Заруриятга кўра, у ёки бу адвокатлик тузилмаси, ҳаттоки палатага аъзо бўлган биргина адвокат тўғрисида ҳам тезкор маълумот олиш зарурияти туғилиб қолса, мавжуд «компьютер маълумотлар базаси»дан фойдаланилади.
Башарти, аъзолик бадаллари тўлови бўйича саволлар туғилса, адвокатлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармаларига мурожаат этишлари мумкин. Ҳар бир адвокат ўз ҳудудий бошқармаси билан доимий алоқада бўлиши керак.
— Охирги савол. Ҳозирги кунда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш тўғрисида кўп гапирилмоқда. Сиз тажрибали иқтисодчи, молиячи сифатида айтингчи, бизнинг бугунги адвокатларимиз молиявий ҳуқуқ ёки молиявий қонунлардан хабардор бўлиши керакми?
— Албатта. Ҳар бир фуқаро шахс сифатида етук мутахассис ёки комил инсон бўлишни истаса, ҳеч қачон олган илмига қаноатланиб қолмаслиги керак. Ҳатто, муборак ҳадиси шарифда ҳам, «Бешикдан қабргача илм изла» дейилган. Бир улуғ донишманддан «шунча ўрганиб нимани билдинг» деб сўрашса, у «ҳеч нарса билмаганимни билдим» деган экан.
Республикамизда мавжуд кўплаб қонунлар билан бир қаторда ундан кам бўлмаган миқдорда молиявий қонунлар, қонунлар ижроси билан чамбарчас боғлиқ бўлган меъёрий ҳужжатлар, йўриқномалар, низомлар, тартиблар ва кўрсатмалар бир-биридан кўп.
Шундан кўриниб турибдики, ҳар бир иқтисодчи-молиячи ҳам молиявий қонунларни чуқурроқ билишга интилади. Мен ўз тажрибамдан шуни айтаманки, доимий иш жараёнимда, деярли кунда, ёки кунора ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда, Ўзбекистон Республикасининг кўплаб Қонунларига мурожаат қилишимга ва ўзим учун қайта изланиб ўрганишимга тўғри келади. Доимий изланиш албатта ҳар бир инсоннинг ҳуқуқий ва маънавий савиясини ўсишига ижобий таъсир этмай қолмайди.
Энди, юқоридаги саволга қайтсак. Адвокат — молиявий қонунларни билиши керак. Бугунги бозор иқтисоди шароитида молия ёки иқтисод билан боғлиқ бўлмаган иш борми?! Демак адвокат ҳеч бўлмаганда, молиявий ҳужжатларни очиб ўқиши ёки молиячи — бухгалтер мутахассисдан маслаҳат олиши шарт.
Чунки, биринчидан, юқорида таъкидлаганимдек, ҳозирги кунда ҳар бир ишнинг замири молиявий муносабатларга бориб тақалади.
Кўпинча адвокатлар судда нозик молиявий қонунларга боғлиқ масалаларга дуч келганда озгина сустлик қилиб, ишни бой бериб қўйишлари аччиқ ҳақиқат.
Иккинчидан, ўзининг юридик фаолияти давомида адвокат бир вақтнинг ўзида турли ишларда қатнашишини назарда тутсак, шу ишлар бўйича турли миқдордаги иш ҳақи, қалам ҳақлари ёки бошқа тўловлар олиши бўйича солиқларни ҳисоблашда ва декларациялар тўлдиришда муаммоларга дуч келади. Демак, адвокат Ўзбекистон Республикасининг барча кодексларини билгани каби молиявий қонунларни, меъёрий ҳужжатларни ҳам ўрганиб қўйиши ўзининг профессионал касби учун зарурдир.
Учинчидан, ҳозирги кунда қонуний асосда, ўзининг шахсий ташаббуси билан адвокатлик бюроси, фирмаси ва бошқа тузилмалар ташкил этган адвокат молиявий муносабатларда, албатта ҳисобчи хизматидан фойдаланиши мумкин, аммо даромадлар олиш, солиқлар ҳисоблаш, ҳисоботлар тузиш ва турли солиқ — назорат органларига тақдим этилган ҳужжатларни юритишда билимдонлик билан ўзи назорат қилмаса, қийналиб қолади.
Тўртинчидан, барча ҳуқуқий масалалар билан боғлиқ молиявий қонунларни ҳам пухта билган ҳамда ўз билимини бойитиб борган, изланувчан адвокат — молиявий-хўжалик ишларини муваффақиятли ҳимоя қила олади. Бундай ишончли адвокат ҳеч қачон ишсиз қолмайди.
— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.