Yangi hujjatlar

Қотилликнинг сабаби нима, сабабчиси ким ёхуд вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган оғир ва ўта оғир жиноятлар хусусида

ҚОТИЛЛИКНИНГ САБАБИ НИМА, САБАБЧИСИ КИМ ЁХУД ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ТОМОНИДАН СОДИР ЭТИЛАЁТГАН ОҒИР ВА ЎТА ОҒИР ЖИНОЯТЛАР ХУСУСИДА
Аброр НАБИЕВ, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.

Ҳаётий тажриба ва суд идораларида кўрилаётган жиноят ишларининг чуқур таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда жиноятларнинг келиб чиқишига, аввало, оиладаги носоғлом муҳит, болалар тарбиясига бепарволик ёки ҳаддан зиёд қаттиққўллик, шунингдек, оила, мактаб, маҳалла, турар-жойлар бўйича вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, маънавият ва маърифат марказлари ҳамда тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги номутаносиб алоқалар сабаб бўлмоқда.

Ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш учун уй-жой, маҳалла қўмиталари, оқсоқол ва фаолларимиз, мактаб маъмурияти, ҳокимлик ва ички ишлар бўлимлари қошидаги вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссия ва инс­пекциялари, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларнинг ўзаро ҳамкорлигида ўтказилаётган қатор тадбирлар, учрашув ва семинарлар натижасида жиноятлар сони ва тури кескин камайиб бораётганлигини кўрамиз.

Бундай тадбирларнинг ёшлар тарбиясига, соғ­лиги, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга бўлишларига, бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ишларга қаратиш, ўқув даргоҳлари, турар-жойларда тартиб-интизом, ахлоқ-одоб ва тарбиявий ишлар устидан назорат ўрнатишга, ёшларнинг жамоат ишларида фаол қатнашишларига, ҳаётга ва спортга бўлган қизиқишларини рағбатлантиришга ва шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, миллий менталитетимизга ёт бўлган зарарли оқим ва қусурлардан ҳимоя­лашга қаратилгани, айниқса, юқори самара бермоқда.

Бироқ тарбияси эътибордан четда қолган айрим вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ашаддий безорилик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ўғрилик ва фирибгарлик каби жиноятларнинг камаймаётганлиги, айниқса, улар томонидан оғир, ҳатто ўта оғир — қотиллик билан босқинчилик ва талончилик каби жиноятларнинг содир этилиши кишини ташвишга солади.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида қотиллик жиноятини содир этган 1990 йил 22 апрелда Андижон вилоятида туғилган, муқаддам 2 маротаба судланган Ҳаётжон Анорбоевга, 1994 йил 16 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган, 215-мактаб ўқувчиси, илгари судланмаган Абдуваҳоб Каримовга ҳамда 1986 йил 11 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати рус, муқаддам судланган Артур Сизовларга тааллуқли жиноят иши кўриб чиқилди.

Ҳаётжон Анорбоевга дастлаб, 2006 йил 11 январда жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Улуғнор туман судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 169-моддаси, 2-қисми, «г» банди, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, ўғрилик жиноятини содир этгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан бу ҳукм шартли ҳисобланиб, синов муддати белгиланган эди.

Бироқ Ҳаётжон Анорбоев берилган енгил жазодан тўғри хулоса чиқариб, ҳалол йўлга кириш ўрнига орадан уч ой ўтиб, яна худди шундай жиноятга қўл уради. Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Улуғнор туман судининг 2006 йил 12 апрелдаги ҳукмига кўра у энди Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди яъни, такроран ёки хавфли рецидив «ўғрилик» жиноятини содир этганликда айбдор деб топилиб, мазкур кодекснинг 85-моддаси — озодликдан маҳрум қилиш, 60-моддаси — бир неча ҳукм юзасидан жазо тайин­лаш, 61-моддаси — жазоларни қўшишни ҳисоблаш қоидаларига асосан узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан бу ҳукм ҳам шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган.

Бироқ озодликни, енгилликни ва қилинган хатоларини тузатиш учун берилган иккинчи имкониятнинг ҳам қадрига етмаган Ҳаётжон Анорбоев ҳали ўталиши лозим бўлган 1 йилу 5 ой жазо муддати туриб, яна ўғриликка ва орадан кўп ўтмай қотилликка қўл уради.

«Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас», деганларидек ўғрилик, ҳаром йўллар билан топилган пуллар ва ўзгалар мулкини ўзлаштириб, янада «яхшироқ яшаш»га мазахўрак бўлиб қолган Ҳаёт Анорбоев навбатдаги жиноятларини халқимиз таъбири билан айтганда, «тузини еб, тузлиғига туфуриб», унга бошпана, нон-туз берган хонадонларда амалга оширади.

3 йиллик синов муддатига алмаштирилган жазо муддатини ўтаётган фарзандининг юриш-туришига бефарқ қараган ота-онаси, аввало, берилган жазо ижросини таъминлаш ва ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органлар, турар-жойлар бўйича воя­га етмаганлар билан ишлаш комиссияси, маҳалла оқсоқоли ва профилактика инспектори, мактаб маъмурияти, қолаверса, унинг қариндош-уруғлари эътиборидан четда қолган Ҳаёт Анорбоев аввал «Қўйлиқ» бозоридан макон топади.

Бозорда ота-онасига кўмак бериш мақсадида қовун-тарвуз тушириш-ташиш билан шуғулланиб юрган, шу бозор яқинидаги кўп қаватли уйда яшовчи 13 ёшли Абдуваҳоб Каримов билан танишиб қолади. Ўзига хос «ҳаёт кўникмаси»га ўрганиб кетган Ҳаёт Анорбоев эса соддадил Абдуваҳоб билан тезда иноқлашиб олади. Кўп ўтмай унга турар-жойи йўқлигидан, дуч келган жойда ётиб юрганидан, мусофирчиликда қийналиб кетганлигидан нолийди. Соддадил Абдуваҳоб эса уни ўз уйига таклиф қилади. Ота-онасига «бозорда бирга ишлаётган мусофир дўсти» эканлигини айтиб, таништиради. Ота-онасининг розилигини олган Абдуваҳоб эса Ҳаёт Анорбоевни худди ўз акасидек кўриб, у билан бирга яшаб, бирга ишлаб юраверади…

«Қозонга яқин юрсанг қароси, ёмонга яқин юрсанг балоси юқар», деганларидек, Абдуваҳоб ҳам секин-секин ҳунар кўрсата бошлади, бир неча кунлаб уйдан «қочиб» кетадиган одат чиқарди.

Бироқ 9 қаватли бинонинг 6-қаватида яшаб келаётган хонадон соҳиби, Абдуваҳобнинг отаси Мадамин Каримов «хўроз билан каптарга» алоҳида «меҳр» қўйиб­ди­-ю,­ аммо бу икки «ошна»нинг кундалик ҳаёт тарзи билан қизиқиб ҳам кўрмабди чоғи…

Кўп ўтмай «қовун-тарвуз» фасли тугаб, ишсиз қолган «ошна»лар бозор ёнидаги ҳожатхонадан макон топишади. Улар муқаддам судланган, 1986 йил Тошкент шаҳрида туғилган, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 2004 йил 21 октябрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми, 227-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, мазкур кодекснинг 59-моддасига асосан ­2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилиниб, белгиланган жазони 2007 йил 20 майда тўла ўтаб бўлиб, шу ҳожатхонада ишлаб юрган Артур Сизов билан осон «тил» топишади.

Бироқ бозорда топганига қониқмаган Ҳаёт Анор­боев 2007 йил 12 ноябрда ўз қишлоғини оралаб кўради ва яқин қариндоши — шу қишлоқда, яъни Тошкент вилоя­ти, Бўка тумани Й.Хожиметов фермерлар уюшмаси, Олтиш маҳалласида яшовчи Эргаш Жиянбоевнинг хонадонида тунаб қолади. Эртаси куни хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, Эргаш Жиянбоев оиласига тегишли бўлган 100 минг сўм пул ва жами 420 минг сўмлик кийим-кечак ва ҳар хил матоларни ўмариб келиб, бозорда арзон гаровга сотиб, пулини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборади.

Орадан бир ой ўтиб, Абдуваҳоблар хонадонидан бир каптар билан бир хўроз «йўқолиб» қолади. Буни сезиб қолган хонадон соҳиби Мадамин Каримов икки «ошна»­ни уйдан қувиб солади. Шу баҳона ўз маконидан айрилган «икки ошна» ўзга макон — ҳожатхона «соҳиби» Артур Сизов билан тил бириктириб, Мадамин аканинг «таъзирини бериб қўйиш» режасини тузадилар. Режага кўра улар пайт пойлаб, уйда ҳеч ким йўқлигида Мадамин аканинг бошига ғишт билан уриб, ҳушидан кетказиб, унинг бор пулларини ва уйдаги қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаб чиқишлари лозим эди.

Жиноий мақсадни амалга ошириш учун 2007 йил ­22 де­кабрдан 23 декабрга ўтар кечаси, Ҳамза тумани, «Фар­ғона йўли» кўчаси, 4-уй, 93-хонадонга келишиб, ичкарида кўпчилик бўлгани учун шу уйнинг 9-қаватига чиқиб, «пайт» пойлашади. Бироқ белгиланган режани тунда амалга оширолмагач, улар шу бинонинг томида тунаб қолишади. Эрта тонгда томдан туриб Абдуваҳобнинг ота-онаси хонадондан чиқиб кетишларини кузатишади. Эрталаб тахминан соат 8:30 ларда Мадамин ака, кейинроқ тахминан соат 10 лар атрофида Абдуваҳобнинг онаси билан укаси Жавоҳирлар уйдан чиқиб кетишади. Учовлон бино томидан 9-қаватга, сўнгра 6-қаватга тушадилар. Абдуваҳоблар хонадонининг ташқи эшиги очиқлигидан фойдаланиб, Ҳаёт аста ичкарига киради, Артур эса пастга тушиб подъезд олдида туриб, Абду­ваҳобнинг ота-онаси келиб қолишса, шерикларига хабар бериш учун қоровуллик қилади.

Эшик олдида қолган Абдуваҳоб эса, уйда фақат опаси — 1993 йилда туғилган Ирода Каримованинг ўзигина қолганлигини билгач, уй ичига писиб киради. Бу орада Ҳаёт ошхонада картошка тозалаб ўтирган Ироданинг орқасидан сездирмай бориб, қўлларини қайириб олиб, сўнг бир қўли билан унинг оғзини ёпиб, ётоқхонага судраб чиқади.

Виждони-ю, имонини аллақачон пул ва ҳаром-хариш нарсаларга алмаштириб улгурган Абдуваҳоб эса шкаф эшигида осилиб турган бўйинбоғ билан ўз опасининг бўйнига сиртмоқ солиб, бўғиб ўлдиради. Сўнг иккаласи уйда кўзга кўринган ва қўлга илинган нарсаларни сумкаларга солиб чиқиб кетмоқчи бўлиб туришганида ташқари эшик тақиллаб қолади. Абдуваҳоб «отам келди», деб ўйлаб товуқхонадан бир дона ғишт олиб, ичкари эшик орқасига яшириниб туради. Ҳаёт эса эшикни очиши билан Абдуваҳоб уйга кириб келган укаси Жа­во­ҳирнинг бошига ғишт билан уриб йиқитади. Укаси эса кутилмаган зарбдан эсанкираб, аранг «ака» дей­ди-ю, ерга йиқилиб тушади. Ҳушсиз, жон талвасасида типирчилаётган Жавоҳирнинг бошига яна бир марта ғишт билан қаттиқ уради. Укасининг оғзи ва бурнидан қон отилиб чиқади-ю, тинчиб қолади.

Икки қутурган кимса Жавоҳирни судраб каптархона ёнига ётқизиб, устини фанер билан ёпиб қўядилар. Шериклари кечикаётганидан хавотирланиб хонага кириб келган Артур Жавоҳирнинг аҳволини кўриб, «нима қилиб қўйдиларинг» деб бақириб юборади. Абдуваҳоб билан Ҳаёт эса тезроқ кетиш керак деб, пул, «ДВД ­плеер», турли кийим-кечак ва қимматбаҳо буюмлар солинган сумкаларни кўтаришиб, бирин-кетин бинодан чиқиб кетишади.

Воқеадан хабар топган қўни-қўшнилар Абдуваҳобнинг онаси Доно Каримовага хабар беришади. Ўз уйида бир йўла икки нафар вояга етмаган фарзандларининг ваҳшийларча ўлдириб кетилганини кўрган Доно Каримова ҳушини йўқотиб, йиқилади…

Кўрилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида уч қотил қўлга олинади.

Бу мудҳиш воқеа юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўтказилган суриштирув-тергов ва тўпланган далил­лар жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилди.

Қилмиш-қидирмиш. 17 ёшида қўли қонга ботган қотил Ҳаёт Ҳасанович Анорбоевга 15 йил, ўзининг ёлғизгина опаси ва укасини ўз қўллари билан ваҳшийларча ўлдирган 14 ёшли Абдуваҳоб Мадаминович Каримовга 10 йил, бу жирканч режада фаол иштирокчи бўлган 22 ёшли Артур Викторович Сизовга 15 йилу бир ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Бу ва бу каби мудҳиш жиноятлар ўз фарзандларининг тарбиясига эътиборсизлик билан қараётган ота-оналарнинг ҳамда юклатилган вазифаларини тўлақонли бажармаётган мактаб маъмуриятининг, ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла оқсоқоллари, профилактика инспекторлари, яшаш жойлари бўйича вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари ва жиноят содир этиб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинганлар жазоси ижросини назорат қилувчи органларнинг бепарволиги оқибатида юз бермаяптими?

Бу аччиқ савол ҳаммамизни ҳушёрликка ундаши лозим, токи орамизда оралаб юрган бундай кимсаларга жой қолмасин.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига