Yangi hujjatlar

Муштарак мақсад

МУШТАРАК МАҚСАД
Сирожиддин Рустамов, журналист.
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.

Юртбошимиз раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад мужассам.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш Марказида «Одил судловни амалга оширишда тарафлар тенг ҳуқуқлилигини таъминлашнинг назарий-амалий муаммолари»га бағишланган, шунинг­дек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва Тошкент давлат юридик институти ҳамкорлигида ташкил этилган «Жиноят процессида тарафлар тенглиги ва ҳимоя ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга оид жиноят-процессуал қонунчиликни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари»га бағишланган илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Адвокатлар палатаси вакиллари, Тошкент давлат юридик инс­титути, Юристлар малакасини ошириш Маркази ҳамда Бош прокуратура Олий ўқув курс­ларининг профессор-ўқитувчилари ва тинг­ловчилари, магистрантлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этган ҳар иккала анжуманда қонун устуворлигини таъминлашга, унинг мазмун-моҳия­тини тўғри англаш ва амалиётга самарали тадбиқ қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуманда сўзга чиққанлар суд-ҳуқуқ ислоҳотлари соҳасида қабул қилинаётган ҳар бир янги қонун ёхуд унга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни амалиётга тадбиқ қилишда соҳа ходимларининг касбий-малакавий тайёргарлиги муҳим ўрин тутишини, судья­ларнинг масъулияти, маҳорати ва малакасини янада юксалтириш, одил судловни амалга оширишда тарафларнинг тенг ҳу­қуқлилигини таъминлаш қонуний ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишининг муҳим омили эканлигини, судларнинг жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослаштирилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш имконини берганлигини эътироф этишди.

 

Ҳакимбой Ҳалимов

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари:

— Давлат ва жамоат айб­ловчиси суд мажлисида томонлар сифатида жи­ноят процессининг бош­қа иштирокчилари билан бир қаторга қў­йилган ва улар, судланувчи, қонуний вакил, ҳи­моячи, жамоат ҳи­моя­чиси, шунингдек, жабр­ланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари билан бирга суд мажлисида тарафлар сифатида иштирок этадилар ва далиллар тақдим этиш, уларни текширишда қатнашиш, илтимос билан мурожаат қилиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳамиятга молик ҳар қандай масала бўйича ўз фикрларини билдиришда тенг ҳу­қуқлардан фойдаланадилар.

Эндиликда ЖПКнинг 384-моддаси 10-бандида прокурор ёки унинг ўринбосари терговчидан айблов хулосаси билан келган жиноят ишини ўрганиб чиқиш жараёнида — «тергов синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилган-ўтказилмаганлиги»ни кўриб чиқиш билан бирга «барча важлар текширилганлигини ва ҳимоя­чининг илтимосномалари кўриб чиқилганлигини» ҳам текшириши шарт қилиб белгиланди.

Прокурор судланувчининг жиноят содир этганлигини фош этиш, суд тергови жараёнида унинг айбини исботлаш, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, судланувчига нисбатан ­муайян жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги айб­лов нутқи тузиш ва уни судда эълон қилиш йўли билан давлат айбловини қувватлаш функ­циясини амалга оширади.

Суд тергови давомида айблов тегишли далиллар билан тасдиқланмаган тақдирда, прокурор айбсиз шахсга нисбатан давлат айбловини қувватлашдан воз кечади. Бундан таш­қари, прокурор ўзига қонун билан берилган процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларидан фойдаланиб, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бевосита ҳисобга олган ҳолда жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг манфаатларини таъминлайди.

Янги қонунга мувофиқ далиллар тўплаш инс­титутини белгиловчи ЖПКнинг 87-моддасида ҳимоячининг судга қадар далиллар тўплаш жараёнидаги ваколатлари янада кенгайтирилди. Унга кўра «ҳимоячи далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни: – ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ҳамда уларнинг розилиги билан ёзма тушунтиришлар олиш; – давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сўров юбориш ҳамда улардан маълумотлар, тавсифномалар, тушунтиришлар ва бошқа ҳужжатларни олиш орқали тўплашга ҳақли» эканлиги ва шу модданинг учинчи қисми «Ҳимоячининг ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ тўпланган материалларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги илтимосномаси суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан албатта қаноатлантирилиши керак»лиги ҳақидаги мажбурий норма билан мус­таҳкамланди.

Демак, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари, уларни ҳар томонлама ҳимоя­лаш тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя­си устунлиги биринчи ўринга қўйилиб, давлат сиё­сати даражасига кўтарилди. Хулоса қилиб айт­ганда суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларнинг бош мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган.

 

 

Тошпўлат Сайидов,

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси:

— Ўзбекистон Республикасида жиноят-судлов ишларини юритиш Жиноят-процес­суал кодексида белгилаб қўйилган мажбуриятлар асосида барча судлар, прокуратура, тергов, суриштирув ва адвокатура идоралари ҳамда фуқаролар томонидан аниқ ва оғишмай ижро этилиши лозим.

Жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкамлашга, жиноят­ларнинг олдини олишга, шахс, давлат ва жамият манфаат­ларини кафолатли ҳимоялашга қаратилган. Бинобарин, жиноят процессида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига риоя қилинишида тарафлар тенглиги, ҳимоячи ва прокурорнинг тортишувчилик ҳуқуқларининг таъминланиши ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Шундай қилиб, тортишув принципи суд процессининг шундай юритилишини белгилайдики, унда айблов ва ҳимоялаш вазифаси ҳамда унга туташ бўлган фуқаровий даъво ва фуқаровий жавобгарликни қўллаш вазифаси ўзаро ҳамда бир-биридан суд фаолиятидан ажратилган ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя қи­лишда бир хил процессуал ҳуқуқларга эга бўлган тарафлар томонидан амалга оширилади. Суд эса холисона ва бетарафликни сақлаган ҳолда процессда етакчи ўринни эгаллайди, ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама, тўла, холисона тадқиқ этиш учун зарур шарт-шароитлар яратади ва мазкур ишни ҳал этади (ЖПКнинг 409, 412-м. ва ҳоказо).

Жиноят процессида тортишув прин­ципи қуйи­­даги асосий жиҳатларни белгилайди:

1) айбловнинг суддан ажратилганлиги;

2) суднинг процессдаги мустақил, фаол ҳолати ва фақат иш юзасидан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгалиги;

3) ўз вазифаларини бажаришлари учун тарафларнинг тенг процессуал ҳуқуқларга эга бўлиши;

4) айблов билан бир қаторда ҳимоя функция­сининг ҳам одил судлов вазифасидан ажратилганлиги.

Айблов ва ҳи­моя­лашнинг мустақил вазифа сифатида ажратилганлиги ҳамда уларнинг ўзаро бир-биридан суд фаолиятидан чиқарилганлиги тортишув принципи таянадиган ва амал қиладиган асосдир. Айблов, ҳимоялаш ва одил судлов вазифаларининг ўза­ро қандай ажратилганига кўра суд жараёнининг турлари тавсифланади. Қонун айблов, ҳимоялаш ва одил судлов вазифаларини қатъий фарқлаб қўяди (ЖПКнинг 408, 409, 412, 53, ­12-м.)­ ҳамда ҳукм­нинг сўзсиз бекор қилиниши хавфи остида уларнинг бир-бирига қўшилиб кетишини истисно этади (ЖПКнинг 76, 79, 80-м.).

Тортишув ҳуқуқининг тан олиниши — тортишаётганларнинг ўз талабларини асослашлари учун бир хил воситалардан ва имкониятлардан тенг фойдаланиш ҳуқуқининг, шунингдек, бош­қа тарафларнинг фикрларига эътироз билдириш ҳуқуқининг ҳам тенг тан олинишидир.

Давлат ва жамоат айбловчиси, судланувчи, вояга етмаган судланувчининг қонуний вакили, ҳимоячи, жамоат ҳимоячиси, шунингдек, жабр­ланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари суд мажлисида тарафлар сифатида иштирок этадилар ва далиллар тақдим этиш, уларни тад­қиқ этишда қатнашиш, илтимосномаларни киритиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳа­мият­га молик ҳар қандай масала бў­йича ўз фикрларини эркин билдиришда тенг ҳу­қуқ­лардан фойдаланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий су­ди Пленумининг 1996 йил 20 де­кабр­даги «Ҳи­моя ҳуқуқини таъминловчи қонунларни қўллаш амалиёти тўғ­рисида»ги 41-сон қарорида қуйидагилар таъкидланади: «Судлар Жиноят-процессуал ко­дексининг 25-моддаси талабларига биноан тарафларнинг ўзаро тортишуви тамойи­лига сўзсиз риоя қилинишини таъминлашга мажбурдирлар».

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1997 йил 2 августдаги «Судлар томонидан жиноят ишларини биринчи бос­қич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши тўғрисида»ги ­­12-сон­ қарорида ҳам шу масала ўз аксини топган.

Суд ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона тад­қиқ этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиши лозим: тарафлардан қайси бири тақдим этишидан қатъи назар, рухсат этил­маган далил­лар­нинг ишда кў­рилишига йўл қўйилмайди; иш муҳокамасидан ол­дин чиқариб ташланган далилларнинг тадқиқ этилиши масаласини ҳал этади; тарафларнинг илтимосномаларига мувофиқ янги далилларни кўриб чиқади; суд муҳокамасига раҳбарлик қилади ва ҳоказо.

Тортишув жараёнида суд янги айб­лов бўйича ёки янги шахс устидан иш қўзғатиши мумкин эмас, тарафларнинг илтимосномасисиз ишни қўшимча терговга юбора олмайди. Шу ҳолатларни ЖПКда акс эттириш зарурдир.

Жабрланувчи томонидан эътирозлар бўлмаган тақдирда прокурорнинг айбловдан воз кечиши ишнинг тугатилишига олиб келади.

Тортишувда тарафларнинг тенглиги — ҳақи­қатни аниқлашнинг энг кучли усули, тарафларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатидир.

Тортишув асоси бутун суд жараёнининг қиёфасини, таркибий тузилмасини белгилайди, ҳукм­га ўзига хос ишонч беради, унинг ҳуқуқий ва ижтимоий аҳа­миятини оширади.

Суд мажлиси вақтида, айниқса тортишувга киришишда адвокатнинг ҳимоя нутқи алоҳида аҳамиятга эга. Чунки яхши ўйлаб тузилган ҳимоя нутқи суд ишининг натижасига катта таъсир кўрсатиши мумкин. «Адвокатнинг ҳимоя нутқи — бу унинг жиноят иши бўйича судда қилган чиқишларининг юқори чўққисидир», деган эди атоқли олим М.С. Строгович.

Айнан ҳимоя нутқида адвокат иш бўйича ўз хулосаларини, бутун айблов ёки унинг айрим қисмига қарши ўз эътирозларини судга тақдим қилиб, иш ҳолатларини ҳимоя нуқтаи назаридан талқин қилиб ифодалайди. Бунинг барчаси ҳимоячидан катта маҳорат талаб қилади. Бу адвокатнинг ўз ҳимояси остидаги шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қи­лиш борасида машаққатли меҳнат қилиб судланувчига зарар келтириш эҳтимолига йўл қўймай, унинг фойдасига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳам эътиборсиз қолдирмай қилган ишининг маҳсулидир.

Хулоса қилиб айтганда, судларда ишларни юритишда тортишувчилик тамойилининг қўлланилиши судда қатнашаётган тарафларга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишлари учун имконият яратади. Судда иштирок этаётган тарафлардан бирининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат ўз позициясини ҳимоя қилишда, аввало, ўзи йиққан далилларнинг иш учун нечоғли аҳа­мият­ли эканлигини олдиндан текшириши ва мазкур даллилларни ўзи ҳимоя қилаётган тараф манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлата билиши ва судни бунга ишонтира олиши лозим.

Эндиликда, ҳимоячи далиллар сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни: ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ҳамда уларнинг розилиги билан ёзма тушунтиришлар олиш; давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сўров юбориш ҳамда улардан маълумотномалар, тавсифномалар, тушунтиришлар ва бошқа ҳужжатларни олиш орқали тўп­лашга ҳақли.

Ҳимоячининг уш­бу қонунга мувофиқ тўплаган материалларини иш­га қўшиб қў­йиш тўғрисидаги илтимосномаси су­риштирувчи, терговчи, прокурор томонидан албатта қаноатлантирилиши керак.

Қонунчилигимиздаги бундай меъёрлар прокурор ва адвокатнинг тортишувлик тамойилининг тенглашувига хизмат қилиш билан бирга миллий қонунчилигимиз руҳини умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ андозаларига мослаштириш ҳамдир.

Демакки, инсон эрки, қонуний манфаатлари ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканлиги, унинг топталишига йўл қўй­маслик учун терговчи, прокурор, судья ва адвокатлар ўз ваколати доирасида бор имконияти ҳамда салоҳиятини ишга солишлари, бир сўз билан айтганда ҳамма ўз ишига фидойилик билан ёндошмоғи ҳаётий заруратдир.

 

Бахтиёр ПЎлатов,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари катта ўқитувчиси, юридик фанлари доктори, профессор:

— Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳу­қуқ­нинг маъмурий, фуқаролик, хўжалик ва бош­қа соҳаларига қараганда жиноят процессида инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига кўпроқ таъсир ўтказилади. Чунки, жиноят судлов ишларини юритиш ор­қали Конституцияда мустаҳкамланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш эҳтимоли юқо­ридир. Жиноят процессида инсон ҳуқуқларини мус­таҳкам ва кафолатли ҳимоялаш борасидаги оқилона йўналишлардан бири жиноят судлов ишларини юритишда ҳимоячи — адвокат иштирокини сифат жиҳатидан яхшилашдир.

Ҳимоячи ўз ҳимоясидагилардан олинган ваколатлар асосида ҳаракат қилиб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Адвокат процесснинг тенг иштирокчиси сифатида му­айян мустақилликка эга ва у ҳимояни самарали ташкиллаштириш учун зарур бўлган қоидалардан фойдаланади. Адвокат зиммасига шахс­нинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суриштирув, даст­лабки тергов ва суд бос­қичларида ҳимоя қилиш, унга малакали юридик ёрдам кўрсатиш масъулияти юклатилган экан, ундан қонундаги барча ҳуқуқлар, шунингдек, тақиқланмаган усул ва воситалардан тўла фойдалана билиш талаб этилади.

Ҳимоячи эндиликда зарур материаллардан ўз ҳи­собидан нусхалар олиш ёки уларни ўзга шаклда қайд этиш ҳуқу­­қи­га эга бўлди. Шундай ҳуқуқ жабрланувчи (ЖПК-55-м.), фуқаровий даъ­вогар (57-м.) ва фуқаровий жавобгарга (59-м.) ҳам берилган.

Бу тартибнинг келажакдаги истиқболини «Холис экспертлар» ҳақи­даги қо­нуннинг қабул қилинишида ҳам кўриш мумкин. Яъни, ҳи­моячи — адвокат томонидан манфаатдор тарафларнинг ҳисобидан холис экс­пертизалар тайинланилиши, уларнинг натижаларига объектив баҳо бериш учун терговга ёки судга тақдим этилиши ҳуқуқий ҳимоя ва одил судловни амалга ошириш кафолатларини кенгайтиради.

Прокурор томонидан тасдиқланадиган айб­лов хулосаси муҳим процессуал ҳужжат, лекин бу ҳужжат шахсни айбдорлик масаласини ҳал қилмайди. Бу ҳужжат жиноят содир қилган шахс­нинг жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилишга оид тергов версияси, яъни эҳтимоли бўлиб, айбдорлик масаласини ҳал қилиш суднинг ваколатига киради. Шундай экан, тергов материаллари билан танишгандан сўнг, ҳимоя­чига ҳам ҳимоя версиясини тайёрлаб, ишга қўшиш учун тақдим қилиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ кўринади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси юқорида қайд этилган қо­нун талабларини аниқ ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш, уларнинг обрўсизланишига мутлақо йўл қўймасликдан иборат. Суриштирув, тергов олиб боришда гумон қилинувчи, айбланувчи, жабр­ланувчига ва гувоҳга нисбатан ҳимоя ҳуқуқини таъминлашга оид қонун талабларига қай даражада риоя қилингани синчиклаб текширилиши ва йўл қўйилган қонун бузилиши ҳоллари юзасидан прокурорлар назорат ҳужжатлари, судлар эса хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдиришлари шарт.

Суд-ҳуқуқ тизимини либераллашуви, бу шунчаки қонун талабининг юмшатилиши ёки заиф­лашуви эмас. Аксинча, бу қонунларга инсонийлик, адолат ва меҳр-мурувват ғоялари сингдирилишидир. Аниқроқ айтадиган бўл­­сак, қонунларимизнинг демократик асосларининг мустаҳкамланишидир.

Ўзбекистон Рес­­­­публикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикасида ад­вокатура институтини янада ис­лоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2009 йил 1 январдаги Қонуннинг ҳаётга татбиқ қилиниши мамлакатимизда ин­сон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлиб, бу — Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги халқ­аро андозаларга оғишмай риоя этаётганлигининг далилидир.

Ҳозирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлашга қаратилган қонунчилик базаси шаклланди, бугунги кундаги вазифа — қонун устуворлигини ҳаётимизнинг барча жабҳаларида таъминлаш билан бирга, эскича фикрлаш, умуман қотиб қолган қарашлардан тезроқ воз кечиш ва аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини биринчи ўринга қўйиш ва шу асосда бу жараённи тубдан тезлаштиришдир.

Хулоса тариқасида шуни таъкидлаш лозим, яъни суриштирув, тергов ва суд муҳокамаси замирида инсон тақдирини адолатли ҳал қилиш ва ҳар бир иш ортида тирик жон, муайян инсон турганлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз зарур.

 

 

Толибжон Умаров,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари бошлиғи, юридик фанлари доктори, адлия катта маслаҳатчиси:

Мустақилликка эришгач, Ўзбекистонда туб ўзгаришлар даври бошланди. Ҳуқуқий давлат барпо этиш мамлакат сиёсатининг асосий йўналиши этиб танланди, бунда бошқа ижтимоий қадриятлар билан бир қаторда шахснинг ҳуқуқлари устунлиги белгилаб қўйилди. Инсон ҳуқуқлари устуворлиги ҳақидаги янгича тасаввурлар ва уларнинг халқаро шартномаларда мустаҳкамлаб қўйилиши иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврнинг дастлабки кунларига тўғри келди. Бундай қарашлар кўп жиҳатдан уруш келтириб чиқарган ёвузлик ва жабр-ситамларга жавоб тариқасида юзага келди.

Тарихдан маълумки, инсон ҳуқуқлари фуқаролик жамиятининг тадрижий ривожланишида ҳам чуқур из қолдирган. Бунинг натижасида 1679 йилда Хабеас корпус акти қабул қилинган бўлиб, унда шахснинг дахлсизлиги, айбсизлик презумпцияси ва шахс мақомини ҳимоя қилиш учун муҳим бўлган бош­қа тамойиллар белгилаб қўйилган. Инсон ҳуқуқлари – инсониятнинг азалий муаммоларидан бири бўлиб, у шак-шубҳасиз фалсафий, сиёсий, ҳуқуқий, диний, эстетик тафаккурнинг диққат марказида бўлиб келган.

Демократик давлат барпо этиш йўлига ўтиш эса шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш каби функ­цияларга устувор аҳамият беришни тақозо қилади. Инсон ҳуқуқлари таъминланиши – давлатнинг демократиклигини белгиловчи, бошқа давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларда бош мезон саналади.

Ҳозирда инсон ҳуқуқлари муаммоларининг интернационаллашуви, унинг ички давлат доирасидан чиқиб, хал­қаро сиёсат омилига айланиши, инсон ҳуқуқлари бузилиши масаласида халқаро юрисдикцияни тан олиш кузатилмоқда. Шундай ҳолатда инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича давлатнинг масъулияти белгиланиши ва тегишли функцияларининг самарадорлигини кучайтиришга кучли эҳтиёж сезилади.

Инсон ҳуқуқларини замонавий тушуниш — бу жамиятда мавжуд бўлган моддий, ижтимоий ва бош­қа бойликлардан фойдаланишнинг ижтимоий ва юридик имкониятларини яратиш демакдир. Инсон ҳуқуқларига жамиятда инсоннинг эҳтимол тутилган хулқ-атвори ўлчови, яъни қонун билан таъқиқланмаган хатти-ҳаракатларни бажара олиш имконияти сифатида қаралади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясида (1948 йил) инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойи­ли мустаҳкамлаб қўйилди. Бу эса, барча давлатлар, биринчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини табиий, ажралмас ва даҳлсиз деб ҳисоблаши; иккинчидан, жинси, тили, ирқий ва диний белгиларига кўра камситишга йўл қўймаслик; учинчидан, бу соҳада бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиши лозимлигини англатади.

Кўп давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишни, шу билан бирга уларга риоя қилишни ва уларнинг ҳимоясини конституциявий даражада мустаҳкамлаган.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш функ­циялари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари тизими орқали амалга оширилиб, улар ичида судлар, ички ишлар идоралари, прокуратура органлари катта роль ўйнайди. Шу сабабли, бу функция ҳуқуқни муҳофаза қилиш функцияси деб номланган.

Инсон ҳуқуқлари институтининг умумийлик; инсон ҳуқуқларининг ажралмаслиги; бевосита амал қилиши; тенг ҳуқуқлилик; ҳуқуқлар ва эркинликларнинг давлат томонидан ҳимояланиши каби бешта тамойили фарқланади.

Умумийлик тамойили инсон ҳуқуқларининг умум­инсоний аҳамиятини тақозо этади; улар фуқаролигидан қатъий назар ҳар кимга, шу жумладан, чет элликларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, қочоқларга, мажбурий кўчиб юрувчиларга ва бош­қаларга тегишли бўлади.

Муқаррарлик тамойили бир томондан, давлат қонуний асосларсиз жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан маҳрум қилмаслиги ёки уларни чеклаши мумкин эмаслиги, бошқа томондан инсоннинг ўзи ҳам бундай ҳуқуқлардан фойдаланишдан бош тортиши мумкин эмаслигини назарда тутади. Бундай бош тортиш юридик жиҳатдан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бевосита амал қилиш тамойили инсон ҳуқуқларининг қонунчиликда мустаҳкамланишидан қатъий назар амалга оширилишини англатади. Одил судлов органлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилувчи бошқа органлар бевосита аниқ конституциявий нормага ёки кучга кирган халқаро шартномага мурожаат қила оладилар.

Тенг ҳуқуқлилик тамойили барчанинг қонун ва суд олдида тенглигини назарда тутади. Бошқача айтганда, ҳуқуқ ва эркинликлар фуқароларга бир хил ва ҳар бир киши учун истисносиз берилади. Жинси, ирқи, миллати, келиб чиқиши, тили, мулкий аҳволи ёки хизмат лавозими, динга муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига алоқаси ва бошқа ҳолатларга кўра камситишга йўл қўйилмайди.

Ҳуқуқ ва эркинликларнинг давлат томонидан ҳимояланиши тамойили давлатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини яратиш, бундай ҳимоянинг махсус юридик тартибини ўрнатиш мажбуриятидан келиб чиқади. Инсон ҳуқуқлари институти айнан давлат томонидан муҳофаза қилиниши унинг ўзига хос барқарорлигини таъминлайди.

Жиноят-процессуал қонунчиликдаги ислоҳотларнинг асосий мақсади

* Мамлакатимизда жиноят-судлов ишларини юритиш Жиноят-процессуал кодекси билан белгиланган бўлиб, барча судлар, прокуратура, тергов, суриштирув, адвокатура идоралари ҳамда фуқаролар томонидан аниқ ва оғишмай ижро этилиши лозим.

Жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкамлашга, жиноятларнинг олдини олиш, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя этишга ёрдам қилмоғи лозим. Жиноят процессида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига риоя қилинишида тарафлар тенглиги ва ҳимоя ҳуқуқи кафолатларининг таъминланиши катта аҳамиятга эга.

Ҳозирги даврда суд муҳокамасида прокурорнинг иштироки

* Ҳозирги замон қонунчилиги суд муҳокамасида прокурорнинг ҳуқуқий мақомини шахс, давлат ва жамият манфаатларини ёқловчи жиноят процессининг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида бўлиши билан характерланади. Прокурор судланувчининг жиноят содир этганлигини фош этиш, суд тергови жараёнида унинг айбини исботлаш, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, судланувчига нисбатан муайян жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги айблов нутқи тузиш ва уни судда эълон қилиш йўли билан давлат айбловини қувватлаш функциясини амалга оширади.

Ҳимоячининг ҳуқуқий мақоми

* Шу билан бирга амалдаги қонунчиликда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳ ҳимоячига эга бўлишга ҳақли, ҳимоячи улардан олинган ваколатлар асосида ҳаракат қилиб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, процесс иштирокчиси сифатида муайян мус­тақилликка эга ва ҳимояни самарали ташкиллаштириш учун зарур бўлган қоидалар белгиланган. Адвокат зиммасига шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суриштирув, дастлабки тергов ва суд босқичларида ҳимоя қилиш, унга малакали юридик ёрдам кўрсатиш масъулияти юклатилган экан, ундан қонундаги барча ҳуқуқлар, шунингдек, тақиқланмаган усул ва воситалардан тўла фойдалана олиш талаб этилади.

Адвокатура институти ислоҳотлари

* «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2009 йил 1 январдаги Қонун билан адвокатнинг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқ амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилиши ва жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли эканлиги белгиланди. Ҳимоячидан воз кечишга эса, адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашгандан кейингина йўл қўйилади.

Далиллар тўплаш институти

* Далиллар тўплаш институтини белгиловчи ЖПКнинг 87-моддасида ҳимоячининг далиллар тўплаш жараёнидаги ваколатлари кенгайтирилиб, «ҳимоячи далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни: – ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ҳамда уларнинг розилиги билан ёзма тушунтиришлар олиш; – давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сўров юбориш ҳамда улардан маълумотлар, тавсифномалар, тушунтиришлар ва бош­қа ҳужжатларни олиш орқали тўплашга ҳақли» эканлиги ва шу модданинг учинчи қисми «ҳимоячининг ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ тўпланган материалларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги илтимосномаси суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан албатта қаноатлантирилиши керак»лиги ҳақидаги мажбурий норма билан мустаҳкамланди. Бу эса ҳимоячининг судгача бўлган жараёнлардаги ваколатларини кенгайтирди.

Суд муҳокамасигача бўлган жараёнда прокурорнинг вазифаси

* Айблов хулосаси билан келган жиноят иши юзасидан прокурор ҳал этиши лозим бўлган масалалар асослари ва тартибини белгиловчи ЖПКнинг 384-моддасининг 10-бандида прокурор ёки унинг ўринбосари терговчидан айблов хулосаси билан келган жиноят ишини ўрганиб чиқиш жараёнида – «тергов синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилган-ўтказилмаганлиги» билан бирга «барча важлар текширилганлиги ва ҳимоячининг илтимосномалари кўриб чиқилганлигини» ҳам текшириши шарт қилиб белгиланди.

Суд муҳокамасида прокурорнинг вазифаси

* Прокурорларнинг вазифаси судгача жараёнларда юқоридаги қонунлар талабларининг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминлаши, суриштирув, тергов олиб боришда гумон қилинувчи, айб­ланувчи, жабрланувчига ва гувоҳга нисбатан ҳимоя ҳуқуқини таъминлашга оид қонун талабларига риоя қилингани синчиклаб текширилиши ва йўл қўйилган қонун бузилиши ҳоллари юзасидан прокурорлар назорат ҳужжатлари, судлар хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдиришлари шарт.

Келажакдаги вазифаларимиз:

Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш лозим!

Бу эса, мамлакатдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, умуман ҳар бир фуқародан юксак матонат ҳамда жиддий масъулият талаб этади.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига