Дилмурод ИСРОИЛОВ, «Advokat» журнали Бош муҳаррири
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.
2008 йил 1 май куни адвокатура тизимида янги давр бошлаб берган муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинганига бир йил тўлди.
Бу тарихий ҳужжатда олдимизда турган стратегик мақсад — ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида ҳуқуқий ҳимоянинг тамал тоши бўлмиш мукаммал адвокатура тизимини такомиллаштириш, бу борада нафақат суд-ҳуқуқ тизимидаги фуқаролик, жиноий ва хўжалик ишларида, балки жамиятимизнинг барча ижтимоий соҳаларида ҳам салмоқли вазнга эга бўлган ҳимоя тизимини шакллантириш учун лозим бўлган энг муҳим вазифалар мажмуи белгилаб берилган эди.
Мазкур Фармон талабларининг ижросини таъминлаш учун ўтган йилнинг 12 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси таъсис конференцияси қарорига биноан Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси негизида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси илгаригидек ихтиёрий жамоатчилик ташкилоти эмас, балки мамлакатдаги барча адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган уюшма мақомига эга бўлди.
Албатта, ҳар қандай янгиликнинг ҳаётга кириб келиши ҳеч қачон хамирдан қил суғургандек осон кечмагани каби бу ўзгаришлар ҳам баъзи адвокатларда маълум саволларни уйғотаётгани табиий ҳол. “Нима учун мажбурий?” ёки “адвокатлик мустақиллиги қаерга кетди?” қабилидаги эътирозларнинг пайдо бўлгани ҳам сир эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзининг касбий уюшмасига аъзо бўлган адвокат энг аввало ҳозирги мураккаб замонда бу айни унинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган ташкилот эканлигини тушуниб етиши керак.
Бугунги кунда демократия тизими ривожланган деярли барча мамлакатларда жорий қилинган Адвокатлар палатаси ўзининг адвокатлар учун ҳам, жамият учун ҳам, давлат учун ҳам фойдали институт эканлигини исботлаб бўлган.
Адвокатнинг мустақиллигига келсак, палатага аъзо бўлган адвокатнинг имкониятлари кенгайса кенгаядики, асло камаймайди, яъни ҳам мустаҳкамланади, ҳам кафолатланади. Халқимизда “ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, деб бежиз айтилмаган.
Демак, Адвокатлар палатаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кундан эътиборан, яъни 2008 йилнинг 23 октябридан бошлаб мамлакатимиздаги барча адвокатлар унинг аъзоси бўлиб ҳисобланади.
Жорий йилнинг биринчи кунидан “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Биз бу борада кўплаб адвокатларнинг фикр мулоҳазаларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосаларга келдик.
Кўп йиллик тажрибага эга адвокатларнинг таассуротлари деярли бирдек, яъни “ва ниҳоят” деган мамнуният билан ифодаланса, ёшроқ адвокатлар Қонундаги имтиёзлардан ва бундай имкониятлар айни уларнинг даврига тўғри келганидан руҳи кўтарилган. Ҳаттоки ҳар қандай янгиликка танқид кўзи билан қарайдиганлар ҳам “бу қонун адвокатларни шундай “қуроллантирдики”, энди бундай шароитда адвокат бўлиб ишлаш ҳам масъулиятли, ҳам шарафлидир,” дейишяпти.
Бироқ, масаланинг энг муҳим тарафи бор, яъни, берилган имкониятларни ҳаётга татбиқ қилиш. Ҳали бизнинг кўплаб ҳамкасбларимиз талай идора ва муассасаларда бу Қонунни узоқ тушунтиришиб, ўз ҳақ ва ҳуқуқларини талаб қилишларига тўғри келади. Улар эса баҳор келганини тан олмаган муз бўлаклари каби совуққонлик билан адвокатларимизнинг асаб торларини чертишади. Бу ўринда шуни айтиш жоизки, эскилик ҳеч қачон янгиликни очиқ чеҳра билан кутиб олмаган, унга ўз ўрнини бажонидил бўшатиб бермаган. Янгилик ўзининг қайноқ тафти ва ҳақлиги билан совуққонликни эритиб, эскиликни суриб чиқаради. Ҳар бир адвокатимиз иш жараёнида муқаррар учраши мумкин бўлган бу каби қийинчиликларга юзма-юз келганда, ана шу ҳаёт қонуниятини эсдан чиқармасликлари лозим.
Адвокатлар палатасининг 2008 йил 12 сентябрда бўлиб ўтган Таъсис конференциясида яна бир муҳим ҳужжат — адвокатларнинг янги “Касб этикаси қоидалари” қабул қилинди. Бундан асосий мақсад — жамиятимиз ижтимоий-ҳуқуқий ҳаётининг фаол иштирокчиси бўлмиш адвокатлар фаолиятини янада аниқроқ белгилаб бериш ва назорат қилишдир.
Чунки, адвокат хузурига ҳуқуқий ёрдам сўраб келган ҳар бир фуқаро унга ўз муаммоси, дарди, керак бўлса, тақдирини ишониб топширади. Шундай экан, бугунги воқелик бу касб эгаларидан алоҳида одоб ва интизомни, масъулият ва омонатдорлик ҳислатлари мужассам бўлишини тақозо қилмоқда. Бу қоидаларнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, булар тараққий этган давлатларда атрофлича сайқалланган “Касб этикаси қоидалари”андозалари асосида ишлаб чиқилган.
Юқори даражадаги малака бугунги кунда деярли барча касб эгалари учун зарурий талаб бўлиб бормоқда. Адвокатлар учун бу янада муҳим аҳамият касб этади. Сабаб, бугунги кун адвокати мисоли бир “Луқмони Ҳаким”. Қонунлар, қарорлар, қонун ости ҳужжатлари, низомлар ва турли меъёрий ҳужжатларнинг ўзи бир талай, уларнинг ичидаги масалалар эса… Энди уларни билиш, мағзини чақиш — бир иш, ҳар бир маълумотдан ўз ўрнида фойдалана олиш — яна бир иш. Адвокат эса ҳар қандай жиноий, фуқаролик ва хўжалик судлари ишларига ёки ҳаётий воқеага масъулият билан ёндашиб, айни шу иш ёки ҳодисани ўзига хос ва мос қонуний қолифга жойлаштириши лозим. Бунинг учун эса чуқур билим, катта тажриба ва ўткир зеҳн талаб қилинади.
Шу кунларда жойларда малака комиссиялари адвокатлардан имтиҳон қабул қила бошлади. “Аълочи ўқувчи”лар имтиҳонлардан қўрқмагани каби, ўз билимига ишонган адвокатлар ҳам имтиҳонлардан кўпам чўчимайди. Бироз китобларни варақлаб, ёддан кўтарилганларини эслашади ва янгиларини алоҳида қунт билан ўзлаштиргач, имтиҳонга ёруғ юз билан келаверадилар. Билим сандиғи саёзроқ адвокатлар эса билимларини ошириш ўрнига эътирозлар билдириш билан овора бўлиб вақтни кетказиб, синовдан ўтолмагач, яна бир талай важ-карсон кўрсатадилар. Шунинг ўрнига дўппини чеккага қўйиб, чуқурроқ ўйлаб кўрсалар, вақтни аслида нимага сарфлаш кераклигини тезроқ тушунган бўлишармиди?!
Нима бўлган тақдирда ҳам, адвокатлар малакасини юқори даражага кўтариш — бугуннинг қатъий талаби ва бу борада юмшоқ кўнгиллилик, таниш-билишчилик каби иллатларга мутлақо ўрин йўқ. Чунки, айни шу имтиҳонларнинг натижаси ўлароқ адвокатура тизимининг яқин келажакдаги сифат даражаси белгиланади.
Юқорида таъкидлаганимиздек “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони эълон қилинганига бир йил тўлди. Комил ишонч билан шуни маълум қилиш мумкинки, бу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг асосий қисми бажарилди. Яъни, адвокатуранинг ташкилий тизими янгиланди, суд-ҳуқуқ тизимида либераллаштириш жараёни амалга оширилаяпти, суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини ва адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш мақсадида маълум вазифалар бажарилиб, тегишли қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бу Фармонда яна бир муҳим масала бор, адвокатлик касбининг мавқеи ва нуфузини ошириш. Маълумки, бундай масалалар одатда қисқа фурсат ичида ҳал этилмайди. Чунки, бу вазифанинг ечими ҳар бир адвокатдан ва ҳар бир адвокатлик тузилмаси раҳбаридан алоҳида ғайрат, изчил саъй-ҳаракат, давомий меҳнат талаб қилади. Гап масаланинг ижобий ҳал қилиниши учун мавжуд факторлар, қонун-қоидалар, меъёрий ҳужжатларда берилган имкониятлардан унумли фойдаланишда қолди.
Айрим судларда адвокат учун алоҳида хонанинг йўқлиги бу масалани ижобий ҳал қилинишига тўсиқ бўлиб турибди. Ташкилий жиҳатдан кўп ҳам мураккаб бўлмаган бу масала адвокатнинг мавқеига путур етказишини суд ҳовлисида соатлаб “сайр” қилган адвокатлар жуда яхши билишади.
Муаммонинг яна бир нозик жиҳати шундан иборатки, бу масала адвокатларимизнинг дунёқараши билан боғлиқдир. Йиллар давомида шаклланган стереотиплар, одат ва кўникмаларни ўзгартириш, янгилаш, керак бўлса бузиш зарур. Шу билан бирга тезкор ўзгариб бораётган воқеликка объектив, тўғри баҳо бера олиш қобилиятини шакллантириш ҳам адвокатнинг муваффақиятли фаолиятининг асосий омили бўлади. Афсуски, ҳамма адвокатларимиз ҳам бу ишни осонлик билан ҳал қила олишади, деб айтолмаймиз.
Айни шу ерда бизнинг, яъни оммавий ахборот воситалари ходимларининг ёрдами ўта муҳим. Биз журналистлар ҳар бир адвокатга бу соҳада содир бўлаётган янгиликларни, ўзгаришларни ва муҳим хабарларни вақтида етказиш билан бир қаторда соҳа мутахассислари ёрдамида атрофлича таҳлил қилиб боришимиз, хорижий ва ўз юртимиздаги илғор тажрибаларни кенг ва чуқур тарғиб қилишимиз даркор. Умуман олганда жамият бугунги кун адвокатидан нимани талаб қилаяпти, ана шу долзарб масалани атрофлича ёритиб бориш бизнинг асосий вазифамиздир.
Халқаро ҳамжамият томонидан ҳуқуқий-демократик давлатнинг асосий бўғини сифатида тан олинган адвокатура тизими мамлакатимизнинг энг муҳим ижтимоий-ҳуқуқий институтлари қаторидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб бораётгани — бизнинг улуғвор режаларимиз босқичма-босқич амалга ошаётганининг амалий исботидир. Бу шарафли, шу билан бирга мураккаб вазифани адо этишда ғайрат қилаётган ҳар бир адвокатимизга матонат ва қаноат, ўткир зеҳн ва саломатлик тилаб қоламиз.
Омад Сизга ҳамиша ёр бўлсин!