Суҳбатни «Advokat» журнали махсус мухбири Саҳобиддин Сирожиддинов олиб борди
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон
Мамлакатимиз Президенти илгари сураётган аниқ ғоялар ва Бош Қомусимизда белгилаб берилган тартиб-тамойиллар асосида ишлаб чиқилаётган ва муҳокама этилаётган ҳар бир қонун, аввало инсон ҳуқуқларига ҳар жиҳатдан мос келиши, юрт тинчлиги, ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиши нуқтаи назаридан келиб чиқиб қабул қилинади. Ва айни пайтда мазкур қонунларнинг устуворлиги ижтимоий-сиёсий, энг аввало инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Фахриддин РАДЖАБОВ билан бўлган суҳбатимиз ҳам худди шу мавзуга қаратилди.
— Фахриддин ЗАЙНИЕВИЧ, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтган бир йил мобайнида қандай қонун лойиҳалари тайёрланди? Палата муҳокамасига киритилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва умуман палата томонидан қонунчилик ва назорат таҳлил фаолияти билан боғлиқ қандай муайян ишлар амалга оширилгани ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
— Аввало, ўтган 2008 йил — Ёшлар йили номи билан тарих саҳифасидан муносиб жой олганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу йил келажагимиз ворисларининг эртаси учун хизмат қиладиган ўнлаб қонунлар, талай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва айниқса Ёшлар йили муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг босқичма-босқич бажариб борилиши билан ёдда қолди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ўтган ана шу бир йилнинг ўзида 60 тадан ортиқ қонун, шундан 10 та янги қонун, 30 тадан ортиқ амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда 20 та халқаро ҳужжатларни ратификация қилишга доир қонунлар қабул қилинди. Қўмитамиз эса ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида фаол иштирок этиб, 20 дан ортиқ қонун лойиҳаси, шу жумладан 4 та алоҳида қонун ва 30 га яқин амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонун лойиҳаларини палата муҳокамасига тақдим этди.
Булар Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб матбуотда эълон қилинди.
Жумладан «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, адвокатура тизимини кучайтириш ва унинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатларнинг ваколатлари ва мақомини прокуратура мақомига тенглаштириш сари қўйилган янги қадам бўлди, десак муболаға эмас.
Жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлашнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш, адвокатликка номзод шахсларнинг малакасига нисбатан қўйилаётган талабларни кучайтириш, адвокатурани ҳалол ва юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни таъминловчи лицензиялашнинг самарали тизимини яратиш, адвокатлик тузилмаларининг ваколатлари ва ҳуқуқий мақомини белгилаб бериш, адвокатуранинг самарали ўзини-ўзи бошқарадиган марказлаштирилган тизимини ташкил этиш, адвокатлар томонидан қонун ҳужжатлари ва касб этикаси қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш механизми ҳамда адвокатларга нисбатан интизомий иш юритиш тизимининг қонуний асосини такомиллаштириш билан боғлиқ асосий масалаларни ҳал этиш мақсадида қабул қилинган мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, такомиллаштирилди.
Албатта, ушбу Қонун бир томондан Ўзбекистонда адвокатура институти фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилса, иккинчи томондан фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ва самарали ҳимоя қилинишига доир ҳуқуқий имкониятлар эшигини ҳам кенг очиб берди.
Ёшлар йили давлат Дастури асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш доираси кенгайтирилди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб этганлик учун жавобгарликни белгиловчи норма киритилди, катта ёшдаги шахсларнинг вояга етмаганларни ғайри-ижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик ва алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган шахслар борлигидан хабардор бўлган муассасаларнинг мансабдор шахслари ва фуқаролар томонидан бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органига хабар бермаслик ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда ғайриқонуний ҳаракатлар содир этганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Одам савдоси умумжаҳон миқёсидаги муаммо ва хавфли трансмиллий жиноятлардан бири сифатида тан олинди. Инсон қадр-қимматига таҳдид солаётган ана шундай қабихликнинг дахшатли шаклига қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шу боис янги қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу жиноятга қарши биргалашиб курашиш учун ҳуқуқий асос яратиб берди.
Одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, унда одам савдосига қарши курашиш, одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳуқуқий тушунчаларини очиб бериш, одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, бўйича идоралараро комиссияларни тузиш, бевосита одам савдосига қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи давлат органларининг ваколатлари, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳал этиш мазкур Қонуннинг асосий мақсади этиб белгиланди.
Ушбу Қонуннинг ижро механизмини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси янги таҳрирда баён этилди ва одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд ундан фойдаланиш мақсадида одамни ёллаш учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси бўйича «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 238-2-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан фуқаролик процессуал кодекси такомиллаштирилиб, суд буйруғи тартибида иш юритиш доираси кенгайтирилди.
Коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзни ундириш ҳақидаги ёки ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақидаги талаб эндиликда тўғридан-тўғри суд буйруғи асосида амалга оширилади.
Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг масъулияти ва нуфузини оширишга қаратилган, жиноий жазоларни ижро этиш босқичларида инсонпарварлик акти бўлмиш Амнистия актини фақат суд томонидан қўллаш тартибини жорий қилиш мақсадида «Амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси янги 63-боб билан тўлдирилди ва унда суриштирувчи, терговчи томонидан материал ёки жиноят иши прокурорга юборилиши, прокурор томонидан амнистия акти асосида жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритилиши ва суд томонидан қарор қабул қилиниши тартиби белгиланди.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш, мажбурий ижро механизмини такомиллаштириш, суд ижрочиларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижро ҳужжатларини қасддан ижро этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш, суд қарорларини ижро этиш жараёнида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам беришнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, суд департаменти фаолиятининг ташкилий ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган «Ижро иши юритишнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади қонунчиликда мавжуд бўлган бўшлиқларни тўлдириш билан бирга, ижро иши юритишнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, суд ижрочиларининг мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва мақомини қонун доирасида мустаҳкамлаб қўйиш, ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик ёки уларни мажбурий ижро этишга қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарликни кучайтиришга йўналтирилгандир. Бу ўз навбатида ижро иши юритишда суд ижрочиларининг жавобгарлигини оширишга, ижро ҳужжатларини ижро этиш жараёнида фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
— Парламентаризм тарихида муҳим сиёсий воқеа бўлган ва сайловга оид қонунчиликни янада такомиллиштиришга ҳамда фракциялар ўртасида фаолликни кучайтиришга сабаб бўлган 2 та энг муҳим қонун ҳақида ҳам қисқача тўхталсангиз.
— Давлатимиз раҳбари бошчилигида босқичма-босқич олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги жабҳасида, хусусан, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада ошириш, шу баробарида демократик жараёнларни давом эттиришда сиёсий партияларга катта ишонч билдирилиб, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаолият юритишлари учун барча имкониятлар яратиб берилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айниқса, «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунларнинг 2008 йил 1 январдан кучга кириши республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва парламентаризм тарихида чинакам муҳим сиёсий воқеа бўлди.
Мамлакатимиз қонунчилик ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг роли ва аҳамиятини ошириш ҳамда сайлов қонунчилигини янада эркинлаштириш масалаларини ҳал этиш ва сиёсий партияларга янада катта имкониятлар бераётган ушбу Қонун билан Конституциямизнинг 77-моддасига ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги 13 та қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, мазкур Қонун билан Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сони 120 тадан 150 тага оширилди, бунда 135 та ўрин сиёсий партиялардан кўппартиявийлик асосида очиқ, тўғридан-тўғри бир мандатли округларда сайланадиган депутатларга ажратилиши назарда тутилган. Бу билан сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги вакиллиги бирмунча кенгайди.
Қонунчилик палатасига 15 та депутатлик ўрни «Ўзбекистон экологик ҳаракати»дан сайланадиган депутатларга ажратилди. Бу билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик аҳволни яхшилаш, инсон саломатлиги учун курашиш, бошқача қилиб айтганда, сиёсий маслагидан қатъий назар, жамиятнинг барча қатламлари манфаатларига бирдек дахлдор муаммоларни ҳал этиш масалаларининг мамлакатимиз ва ҳудудларимиз учун нақадар улкан аҳамиятга эга эканлиги инобатга олинган.
Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган реал жараёнларни, сиёсий партияларнинг давлат ва жамият қурилиши тизимидаги салоҳияти ва роли кучайиб бораётганини инобатга олиб, сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳларидан депутатликка номзодлар кўрсатиш институти бекор қилинди.
Қонунда белгиланган муҳим нормалардан яна бири партияларнинг сайлов жараёнидаги ваколатларини сезиларли даражада кенгайтиришга қаратилган таклифлар асосида партиянинг ваколатли вакили институти жорий этилди, мазкур вакилга сайлов участкаларида овозларни санаш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Бу эса сайловларнинг очиқ, ошкоралигини таъминлашга хизмат қилади.
— Амалдаги қонунлар ижросини ўрганиш, таҳлил этиш ва назорат қилиш ҳамда куни кеча қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли 2001 йил Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига «Ярашув институти» — 66-1-моддаси киритилган эди. Бу эса, ўз навбатида, жиноят ишларини ҳал этишнинг самарадорлиги ва тезкорлигини ошириб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган қилмишлар учун жавобгарликка тортилган фуқаролар сонининг кескин камайишига олиб келди.
Таъкидлаш жоизки, ярашув институти айбдор шахсга содир этган қилмиши учун масъулиятни ҳис этишга ва пушаймон бўлишга имкон беради ҳамда жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ихтиёрий равишда ва зудлик билан қопланишини таъминлайди.
Суд амалиётининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мазкур институт жорий этилган вақтдан бошлаб 88 минг нафарга яқин шахслар (жами судланганларнинг 23,8 фоизи) жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Агар 2002 йилда ярашганлиги муносабати билан 8,7 минг нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган бўлса, 2008 йилда бу рақам 21,8 минг нафарга етган.
Ҳозирда ярашув институти ижтимоий хавфи катта бўлмаган (3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ва асосан, шахснинг жисмоний даҳлсизлигига тажовуз қилиш билан боғлиқ 42 та жиноят таркибини қамраб олган ЖКнинг 31 та моддаси бўйича жавобгарликдан озод қилишни назарда тутади.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик ўрганилганда, ЖКнинг 66-1-моддаси таъсири доирасига тушувчи — содир этилиши, характери ва ижтимоий хавфлилик даражаси бўйича ўхшаш бўлган яна 11 та жиноят турини ярашув институти таркибига киритиш имконияти мавжудлигини кўрсатди.
Яъни, зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш (138-модданинг 1-қисми), хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини бузиш (143-модда), меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш (148-модда), ўзбошимчалик (229-модда), тадқиқот фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини бузиш (256-модданинг 1 ва 2-қисмлари), меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш (257-модданинг 1-қисми), тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш (258-модданинг 1-қисми), ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш (259-модданинг 1-қисми) ва безорилик (277-модданинг 1-қисми) ана шулар қаторига киради.
Охирги беш йиллик статистик маълумотларга кўра, қайд этилган жиноят таркиблари бўйича ҳар йили судланган шахслар сони умумий судланганлар сонининг 1,6 фоизини ташкил қилади.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Жиноят кодекси 66-1-моддасининг биринчи қисми янги таҳрирда баён этилиб, юқорида қайд этилган жиноят таркиблари билан тўлдирилди.
Ярашув институтининг мана шундай такомиллаштирилиши жиноят судлови соҳасидаги либераллаштиришнинг ва мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, янги қабул қилинган қонунлар, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш ва тарғибот ишларини кучайтириш депутатларнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Қўмита томонидан жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ижросини назорат-таҳлил этиш ва уларнинг самарадорлигини ўрганиш соҳасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Андижон вилоятида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга йўналтирилган қонунларнинг ижро этилиши самарадорлиги ўрганилди. Вилоятда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Ахлоқ тузатиш ишларининг жиноий жазо тури сифатида қўлланилиши самарадорлиги Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўрганилди ва назорат-таҳлил якунлари бўйича қонунларнинг ижро этилиши самарадорлигини янада оширишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳозирга қадар Қўмитамиз томонидан бир йил давомида қонунчиликни такомиллаштириш, назорат таҳлил фаолияти билан бир қаторда, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштириш бўйича 10 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди ва ушбу тадбирларда республикадаги манфаатдор давлат идораларининг раҳбарлари ва ходимлари, турли нодавлат ташкилотларнинг вакиллари, олимлар, мутахассислар ва экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этдилар.
Бу тадбирлар Қонунчилик палатаси депутатининг сайловчилар билан алоқаларини кучайтириш, қўмиталарда қонунлар лойиҳаларини кўриб чиқиш, адвокатура институтини, ижро ишини ислоҳ қилишни янада такомиллаштириш, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва бошқа долзарб масалаларга бағишланди. Мазкур масалалар бўйича ушбу соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида қарорлар қабул қилиниб, мафаатдор ташкилот ва муассасаларга ижро учун юборилди.
Қўмитамиз аъзолари қонунларни тарғиб қилишни ўзларининг асосий вазифаларидан бири деб билиб, доимий равишда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилмоқдалар, жумладан, ўтган 2008 йил апрелдан шу йил апрелга қадар улар томонидан газета ва журналларда 170 дан ортиқ мақолалар чоп этилган бўлса, телевидение ва радиода 160 дан ортиқ турли мавзуларда чиқишлар бўлди. Ундан ташқари Интернетда ҳам бир қатор мақолалар жойлаштирилди.
Мазкур 2009 йил Президентимиз ташаббуси билан «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» деб эълон қилингандан сўнг қишлоқларимизнинг тараққиёти, юртимизнинг обод, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишига қаратилган Давлат дастури ишлаб чиқилди. Албатта мазкур дастурда белгилаб берилган тараққиётимиз мезони бўлмиш — иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳалар билан боғлиқ қонунчиликни янада такомиллаштиришга муносиб хиссамизни қўшиб, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида тажриба ва билимларимизни сафарбар этамиз.
— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.