Yangi hujjatlar

Адвокатлар касб малакасини ошириш ва такомиллаштириш: йўналишлар, тажриба ва муаммолар

АДВОКАТЛАР КАСБ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ: ЙЎНАЛИШЛАР, ТАЖРИБА ВА МУАММОЛАР
Шуҳрат СодиҚов, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланди. Мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ 60 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди ҳамда миллий қонунчилигимизга инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтирилган халқаро ҳуқуқ принциплари сингдирилди.

Республикамизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида мустақил суд хокимияти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида махсус ташкил этилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизим ва адвокатура каби демократик институтлар самарали фаолият кўрсатмоқда. Сир эмас, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган институтлар орасида адвокатура институти алоҳида ўрин эгаллайди.

Адвокатура фуқаролик жамиятининг мустақил институти бўлиб, ўз фаолиятини қонун устунлиги, мустақиллик ва бошқа демократик принциплар асосида амалга ошириб, шахснинг ҳуқуқ ва экинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя этиш учун қонунда назарда тутилган барча воситалар ва усуллардан фойдаланади.

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормаларни такомиллаштириш, адвокатура институтини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш, уни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида қабул қилинган «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан бир қатор асосий масалалар ҳал этилди:

Биринчидан, Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси негизида республикада фаолият юритувчи барча адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг марказлашган тизими ташкил этилди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири бўлган марказлашган адвокатура тизимининг ҳуқуқий асоси яратилди.

Иккинчидан, адвокатурани ҳалол ва касб маҳорати юқори мутахассислар билан тўлдиришни таъминлайдиган самарали лицензиялаш тизими яратилди, эндиликда адвокатлик мақомига талабгор шахсларга нисбатан камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш, адвокатлик тузилмаларидан бирида камида олти ой стажировка ўтиши, малака имтиҳони тошириши белгиланди.

Учинчидан, адвокатлик тузилмаларининг, адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси, адвокатлик ҳайъати ва юридик маслаҳатхоналарнинг ваколатлари аниқлаштирилиб, уларнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди.

Тўртинчидан, жиноят процессида ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг кенгайтирилиши, ҳимоячининг шахс ушланган пайтдан ҳимоячи сифатида иштирок этиши, дастлабки тергов жараёнида адвокат томонидан далиллар сифатида ишлатилиши мумкин бўлган маълумотларни йиғиши, уни суриштирувчи ёки терговчига тақдим этиши, суриштирувчи ёки терговчи ушбу далилларни албатта қабул қилиши, терговчининг ушбу ҳаракатини назорат қилиш прокурор зиммасига юклатилганлиги каби бошқа бир қатор ижобий нормалар айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлашга катта ҳисса қўшади.

Бешинчидан, адвокатлар томонидан касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва қасамёдига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширилишининг Адвокатлар палатаси зиммасига юклатилиши — нотижорат адвокатура институтининг ўзини ўзи бошқариш принципига мослигини белгилаб берди.

Албатта, юқорида зикр этилган Қонуннинг қабул қилиниши жамиятда адвокатура институтининг самарали фаолият олиб боришига шарт-шароит яратиб беради ва шу билан бирга адвокатура инс­титути олдида ўз ечимини кутаётган қуйидаги масалаларни ҳам ҳал этиш талабини қўяди.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидан мазкур Қонуннинг ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида адвокатурани янада ривожлантириш, адвокатларни касбий тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш, адвокатларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган таъқиблардан, чеклашлар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш, адвокатуранинг самарали ўзини ўзи бошқарадиган марказлаштирилган тизимини янада ривожлантиришга оид бир неча йилга мўлжалланган асосий йўналишларни белгилаб олиши лозим бўлади.

Жиноят процессида ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя қилишнинг, ҳимоячининг шахс ушланган пайтдан ҳимоячи сифатида иштирок этиши, дастлабки тергов жараёнида адвокат томонидан далиллар сифатида ишлатилиши мумкин бўлган маълумотларни йиғиши, уни суриштирувчи ёки терговчига тақдим этиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Адвокатлар томонидан касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва қасамёдига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишнинг механизмини яратиш лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари қошида ахборот-ресурс марказларини ташкил этиш ва уларни адабиётлар, электрон ахборот тизимлари билан таъминлаш чораларини кўриб чиқиш таклиф этилади.

Бугунги кунда адвокатура соҳасида 4 мингдан зиёд олий юридик маълумотли, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи махсус лицензияси бор бўлган адвокатлар фаолият юритиб келмоқдалар. Фаолият юритаётган адвокатларнинг ҳар уч йилда малакасини ошириш билан бирга, малака ошириш муддатлари оралиғида доимий равишда, ҳудудларда, адвокатларни иш фаолиятидан ажратмаган ҳолда турли мавзуларда олимлар, мутахассис ва амалиётчиларни жалб қилиб давра суҳбатлари, семинарлар, конференциялар ва ўқув тренинглари ташкил этиш лозим бўлади.

Тадбирларда қандай мавзуларни танлаш ва тадбирларни қандай шаклда ташкил этиш масаласини адвокатларнинг ўзлари ҳал этишлари лозим. Адвокатлар орасида долзарб мавзулар бўйича танлов ва конкурслар эълон қилиш лозим, чунки ушбу муаммони адвокатнинг ўзидан яхши биладиган шахс бўлмаса керак.

Юқорида таъкидлаганимдек, адвокатларни ахборот билан, янги қабул қилинган қонун ва қонун ҳужжатлари билан таъминлаб туриш чора-тадбирларини ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган турли мулкий шаклдаги корхоналардагидек электрон ҳуқуқий ахборот тизимларига эга бўлиш, бугун энди оёққа тураётган адвокатура институтига оғирлик қилиши мумкин, албатта.

Бироқ, адвокат бир томондан жамиятда фуқарога Конституцияда кафолатланган, давлат сиёсатининг асосларидан бири бўлмиш ҳуқуқий ёрдамни амалга оширар экан, унга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Lex UZ» ахборот тизимидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Адолат» нашриётида чоп этилаётган юридик адабиётларни адвокатлик тузилмаларига имтиёзли шартлар асосида етказиб бериш чора-тадбирларини ҳам кўриб чиқиш лозим.

Юқорида зикр этилган таклифларнинг амалга оширилиши пировардида давлатимиз раҳбарининг «Адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонларида белгилаб берилган адвокатура институтини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларини бажарган, шахсга кафолатли ва малакали юридик ёрдам кўрсата оладиган ҳақиқий мутахассис — юқори савияли адвокатни шакл­лантиришга муносиб ҳисса қўшган бўлар эдик.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига