Мавжуда Ражабова, юридик фанлар доктори
Шоазиз Бердиев, Тошкент вилояти прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси
Олий суд ахборотномаси, 2013 йил 2-сон.
Жамиятимизда рўй бераётган туб ўзгаришлар, юртимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, ҳокимиятлар тармоғида ўзаро мувозанатни сақлаш, айни чоғда давлат ҳокимияти органларининг фаолияти ўзаро тийиб туриш принципи асосида ташкил этилгани ҳамда икки палатали парламент фаолият кўрсата бошлаганидан буён жамиятни демократлаштириш янги мазмун-моҳият билан бойиди ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва мавқеи тобора юксалиб бормоқда.
Бу жараёнда парламентнинг юқори палатаси Сенатнинг ташкил этилгани ҳамда унга Конституция асосида қатор мутлақ ваколатларнинг берилгани, айниқса, Сенат томонидан амнистия тўғрисида қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ амалиётларнинг жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди.
Қайд этиш ўринлики, амнистиянинг моҳиятида инсонпарварлик принципи мужассам. Азал-азалдан аждодларимиз доимо ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга интилган, ўзаро жанжалларни эса, муросаю-мадора асосида бартараф этиб, ҳар қандай низоларга барҳам беришга ҳаракат қилган, айниқса, бирон-бир жиноятга қўл уриб, кимгадир моддий ёки маънавий зиён, зарар етказган шахсни гуноҳидан ўтиб яшашга одатлангани, бунга муқаддас ислом дини ҳам изн бергани манбалардан маълум. Шу боис кечиримлилик халқимизга хос энг юксак фазилат, ахлоқ-одоб намунасидир. Айнан инсонпарварлик принципи замирида кечиримлилик ҳам мужассамлашганини ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбарининг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги энг улуғ саналар, айниқса, мустақиллик байрами ёки Конституциямиз қабул қилинган қутлуғ кунларда амнистия ҳужжатини қабул қилиш тўғрисида ташаббус билдираётгани инсонпарварликнинг юксак намунасидир.
Шу ўринда амнистия актлари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтсак, аслида «Амнистия» сўзи грек тилидан олинган бўлиб, гуноҳдан ўтиш, кечириш деган маънони англатади. Юридик нуқтаи назардан қараганда, амнистия акти бирон-бир ҳуқуқбузарлик, яъни маъмурий ёки жиноий қилмиш содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Амнистия актини қабул қилиш ва унинг ижросини таъминлашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонун, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламенти тўғрисида»ги қонун, Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Жиноят ижроия кодекси, Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарорлари, шунингдек, Сенат қарори билан тасдиқланган Сенатнинг қарорини қўллаш юзасидан Низомлар (ҳар бири алоҳида) ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Шу ўринда амнистия ҳужжатининг юридик табиати, моҳияти хусусида батафсил тўхталиш лозим. Авваламбор, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, фақат Ўзбекистон Республикасининг Президенти «Амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритиш» ҳуқуқига эга. Олий Мажлис Сенати эса, мазкур тақдимнома асосида ўзининг мутлақ ҳуқуқларидан бири ҳисобланган «амнистия тўғрисидаги ҳужжатни» қабул қилади. Яъни Сенатнинг ялпи мажлисида амнистия тўғрисидаги масала сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, у ҳақда қарор қабул қилинади. Мисол учун Сенат ташкил этилганидан буён ўтган вақт мобайнида жами 8 маротаба Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарорлари қабул қилинган.
Таҳлиллар шундан далолат берадики, мустақиллик йилларида, мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаёти билан боғлиқ энг муҳим сана ёки байрамлар муносабати билан Президентимиз томонидан ёки 2005 йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан парламент юқори палатаси — Сенат томонидан Конституциямизга таянган ҳолда амнистия актининг қабул қилиниши анъанага айланди. Дарвоқе, Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашиб, икки палатали Парламент ташкил этилгунига қадар, аниқроғи, 2004 йилгача амнистия тўғрисидаги ҳужжат Президентимиз Фармони билан қабул қилинган. Илк бор 1991 йил 31 августда Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармон имзоланган. Шундан сўнг ўтган даврда (1991 — 2004) Президентимиз томонидан жами 15 маротаба амнистия тўғрисидаги фармон қабул қилинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, амнистия билан боғлиқ ҳужжатнинг муҳимлиги, уни амалиётда қўллашда бирон-бир хатоликка йўл қўймаслик, тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун амнистия тўғрисидаги актни қабул қилиш баробарида, мазкур ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ низомлар тасдиқланади.
Амнистия актининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, бу ҳужжат номуайян тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилади, яъни бу ҳужжатнинг таъсирига тушганлар сон жиҳатидан чегараланмайди. Аммо амнистия акти билан маълум тоифадаги жиноятларни (ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ёки оғир жиноятларни) содир этган шахслар жиноий жавобгарликдан озод этилади, яна бир тоифадаги шахслар айблилик масаласи ҳал бўлмай туриб, жавобгарликдан озод этилиши ёки маълум бир шахслар жазони ўташдан озод этилиши ёхуд айримларига нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум этиш жазоси қисқартирилиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, амнистия тўғрисидаги Сенат қарорлари бир-биридан фарқ қилади. Чунки бу ҳужжатни қабул қилишда давлатимиз раҳбарининг тақдимномасида кўрсатилган шахслар тоифаси инобатга олинади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, истиқлол йилларида қабул қилинган амнистия тўғрисидаги ҳужжатлар йилдан-йилга моҳият жиҳатидан ўзгариб, такомиллашиб бормоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу акт мазмун жиҳатидан аниқ ва лўнда, шакл жиҳатидан эса, маълум тизимга келтирилган бўлиб, унда умумий хусусиятдаги қоидалар акс этмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармонидан (2000 йил) бошлаб ҳозирга қадар амнистия ҳужжатларида, мазкур ҳужжат таъсирига тушган чет эл фуқароларини жазодан озод этишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармондан (2001 йил) бошлаб эса, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибидаги тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод этилаётгани ҳам инсонпарварликнинг юксак намунасидир.
Яна бир эътиборли жиҳат шундан иборатки, 1998 йилдан бошлаб амнистия ҳужжати билан маълум бир тоифадаги маҳкумларга нисбатан жазонинг ўталмай қолган қисмини қисқартиришга оид қоида жорий этила бошланди, яъни озодликдан маҳрум қилиш каби жазоларнинг учдан бир ёки тўртдан бир қисми қисқартирилгани уларнинг ахлоқан тузалиш йўлига тезроқ ўтиши учун имкон яратмоқда.
Амнистия актининг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлаш ўринлидир. Зеро, амнистияда акс этган у ёки бу нормани амалда рўёбга чиқариш ва ижро этиш учун суд, прокуратура, тергов, суриштирув, жазони ижро этувчи идоралар масъул эканини унутмаслик керак.
Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш жараёнида эришилган ютуқлардан бири амнистия ҳужжатини қўллаш масаласининг фақат судлар томонидан ҳал қилинишига эришилганидадир. Жиноят кодексининг 68-моддаси (амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиш) ҳамда 76-моддасида (амнистия акти асосида жазодан озод қилиш) амнистия актини қўллаш тартибини қамраб олган. Қайд этилган нормалар талабига кўра, жиноят содир этган шахс амнистия акти асосида жавобгарликдан, асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазолардан озод қилиниши ёки жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши ёҳуд унга тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилиши мумкин. Шу пайтгача қабул қилинган амнистияга оид ҳужжатларнинг биронтасида шахснинг қўшимча жазодан ёки жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши билан боғлиқ қоида учрамайди. Қолаверса, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш Жиноят кодексининг 73-моддасида акс эттирилган бўлиб, у жазодан озод этишнинг алоҳида тури ҳисобланади. Мазкур моддада жазодан озод этиш институтини қўллаш шартлари ва тартиби батафсил баён этилган. Шу сабабли фикримизча, Жиноят кодексининг 76-моддасидан «жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши» жумлаларини чиқариб ташлаш ва «…унга тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилиши мумкин» деган жумлалар эса «… унга тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми қисқартирилиши ёхуд енгилроқ жазо билан алмаштирилиши мумкин» деб ўзгартирилиши мақсадга мувофиқ кўринади.
Ишни судга қадар юритиш босқичида, яъни дастлабки тергов ёки суриштирувда амнистия актини қўллаш тартиби Жиноят-процессуал кодексининг алоҳида тоифадаги жиноят ишларини юритиш бобида ифодаланган. Амнистия ҳужжати асосида жазодан озод қилишнинг жавобгарликдан озод этишдан фарқи шундаки, жиноий жавобгарликдан озод этиб амнистия қўлланганда шахснинг амнистия қўллашга розилиги тўғрисидаги аризаси, албатта, жиноят ишига ёки ишни рад этиш материалларига қўшилиши керак. Шундан сўнггина суриштирувчи ёки терговчи материал ёки жиноят иши юзасидан амнистия актини қўллаш масаласини ҳал этишга киришади, яъни прокурорга тақдимнома билан мурожаат қилиб, судга бу ҳақда илтимоснома билан чиқишни сўрайди. Прокурор материалларни ёки жиноят ишини ўрганиб, амнистия актини қўллашга етарли асос бор, деган хулосага келса, бу ҳақидаги илтимосномани туман (шаҳар) судига юборади. Шу тариқа материал ёки жиноят иши юзасидан суднинг иш юритувида амнистия ҳужжатини қўллаш масаласи муҳокама қилинади. Суд жараёнида прокурорнинг иштирок этиши шарт. Бундан ташқари судда ўзига нисбатан амнистия акти асосида иш рад этилаётган шахс ёки жиноят иши юзасидан гумон қилинувчи, айбланувчи иштирок этади, уларнинг суд мажлисига келмагани ишни ҳал этишга монелик қилмайди. Суд мажлиси якунида амнистия актини қўллаш ёки қўллашни рад этиш тўғрисида суднинг ажрими қабул қилинади. Амнистия актини қўллашда жабрланувчидан розилик олинмайди, яъни бундай ҳолларда жабрланувчининг хоҳиши инобатга олинмайди. Шунингдек, жиноят иши ёки рад этилган материал юзасидан етказилган зарар қопланмагани ҳам суд томонидан амнистия акти қўллашга монелик қилмайди, яъни амнистия ҳужжати асосида бирон-бир шахс ёки айбланувчи ёхуд гумон қилинувчи жавобгарликдан озод этилади, етказилган зарарни ундириш эса, фуқаролик тартибида тегишли суд томонидан кўриб чиқилиши ва етказилган зарарни қоплаш чораси кўрилиши тўғрисида тушунтирилади.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, агар суриштирув ёки тергов жараёнида жиноят ишини тугатиш ёки жиноят иши қўзғатишни рад этган шахс, айбланувчи, гумон қилинувчи амнистия акти қўлланилишидан норози бўлса, иш юзасидан тергов ҳаракатлари тўлиқ давом эттирилади. Кейинчалик жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига келиб тушгандан сўнг амнистия актини қўллаш узил-кесил ҳал қилинади. Бунда амнистияни қўллаш бўйича судланувчининг розилиги талаб этилмайди. Бундай ҳолларда суд ўз ҳукмида амнистия актини қўллаб, судланувчига нисбатан айблилик масаласини ҳал этмай туриб ёки тайинланган жазодан озод этиш тўғрисида тўхтамга келади.
Аҳамиятлиси шундаки, сўнгги тўрт йил мобайнида Сенат томонидан қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш мақсадида сенаторлар ва маҳаллий Кенгаш халқ депутатларидан иборат таркибда жамоатчилик назорати амалга оширилаётгани амнистия тўғрисидаги қарор ижросини таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда.
Шу ўринда юртимизда инсонпарварлик принципига йўғрилган амнистия ҳужжатини қабул қилиш билан боғлиқ бой тажриба хорижий давлатлар тажрибасига нечоғлик уйғун, деган ҳақли савол туғилади.
Дарҳақиқат мамлакатимизда амнистия ҳужжатини қабул қилиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ривожланган давлатлар тажрибаси билан таққосласак, ўзаро ўхшаш жиҳатлар мавжудлигини кўрамиз. Масалан, Франция, Германия, Англия, Белгия, АҚШ ва бошқа қатор давлатларда амнистия ҳужжати фақат қонун чиқарувчи орган, яъни парламент томонидан қабул қилиниши, унда шахсни жиноий жавобгарлик ёки маҳкумларни ўталмаган жазодан озод этиш ёхуд ўталмаган жазо муддати қисқартирилиши, етказилган зарар қопланмагани амнистия қўллашга монелик қилмаслиги, амнистияни қўллашда жабрланувчининг розилиги талаб қилинмаслиги, мазкур ҳужжатни тайёрлашда мамлакатлардаги жиноятчиликнинг реал аҳволидан келиб чиқилиши, мазкур ҳуқуқий ҳужжат қўлланилмайдиган шахслар тоифаси амнистия ҳужжатида кўрсатилиши каби умумий жиҳатлар Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатларига ўхшаш эканини кўрсатади.
Шунингдек, юртимизда қабул қилинадиган амнистия ҳужжати бошқа давлатларнинг қонунчилигидан фарқли равишда ўзига хос жиҳати билан ажралиб туради. Масалан, жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этишда кўпроқ тоифадаги шахслар аҳволининг енгиллаштирилиши, айниқса, амнистия ҳужжати асосида озодликдан маҳрум қилиш жойларидан чиқарилган шахсларни жамият ҳаётига қисқа муддатда мослашувини таъминлашга оид амалий тадбирлар, жумладан, уларни ишга жойлаштириш ёки иш билан таъминлаш, касалларни, жумладан, I ва II гуруҳ ногиронларини даволаш, вояга етмаганларнинг ота-онаси, ҳомий, васийлари тарбиясига топшириш, аёлларни оиласи бағрига қайтишига кўмаклашиш каби ижтимоий мослашув тадбирларини кечиктирмасдан рўёбга чиқаришда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлигига кўпроқ эътибор берилиши хорижий давлатлар амалиётида камдан-кам учрайди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда амнистия ҳужжатини тайёрлаш, сенаторлар томонидан муҳокама қилиб, қабул қилиш баробарида унинг ижросини таъминлашга давлат ва нодавлат ташкилотларининг сафарбар этилгани юртимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини тўла-тўкис шакллантиришга хизмат қилаётгани, сенатор ва депутатлик назоратини амалга оширишда кенгроқ имконият яратилгани, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик принципининг янада чуқурроқ ўрин эгаллаётганидан далолат беради.