Yangi hujjatlar

Амнистия актини қўллашдаги янгиликлар

АМНИСТИЯ АКТИНИ ҚЎЛЛАШДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
Шухрат Рўзиназаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти гуруҳ раҳбари, юридик фанлари доктори профессор.
Нодир Мухторов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар, судларни шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи орган сифатида ролини ошириш, умуман суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш мақсадида зарурий ҳуқуқий базани яратиш ва мавжудларини такомиллаштириш йўлида узлуксиз, тизимли ва мазмун-моҳияти жиҳатидан тадрижий равишда босқичма-бос­қичлик тамойилига асосланган ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги ўзининг самарасини бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2008 йил 4-5 декабрь кунлари бўлиб ўтган XVI ялпи мажлисида маъқулланган “Амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам айнан жиноят содир этган шахсларга нисбатан амнистия актини қўллашни судлар ваколатига ўтказиш орқали судлар нафақат жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини тайинловчи орган, балки жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазони енгиллаштирувчи қоидаларни адолатли таъминланловчи органга айлантирилаётганлигидан далолатдир. Мазкур Қонун 2008 йил 23 декабрда матбуотда эълон қилинди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.

Қонуннинг асосий мақсади амнистия актини судга қадар иш юритиш ва жиноий жазоларни ижро этиш бос­қичида судлар томонидан қўллаш тартиби янги механизмини процессуал жиҳатдан тартибга солиш қоидаларини белгилашдан иборат. Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш жараёнида амнистия акти институтининг ўрни беқиёсдир. Чунки кечиримлилик ва бағрикенг­лик том маънода инсонпарварлик намунасидир.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги қонунига амнис­тия актини қўллаш тартибини такомиллаштиришга оид бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, жиноят процессида суднинг, прокурорнинг ҳамда терговчининг ваколатларига, айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига, гумон қилинувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бундан ташқари, киритилган бир қатор ўзгартишлар тарафларнинг ярашуви билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишнинг процессуал тартибини такомиллаштиришга қаратилган.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг “Суд­­нинг ваколатлари” номли 29-моддаси биринчи қисмига киритилган қўшимча билан судларга прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколати, “Терговчининг ваколатлари” номли 36-модда биринчи ва учинчи қисмларига киритилган қўшимча билан терговчиларга амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритиш ваколати, “Айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” номли 46-модда биринчи қисмига киритилган қўшимча билан айбланувчига амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича, биринчи инстанция ва апелляция инс­танцияси судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса кассация ва назорат инс­танцияси судининг мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда “Гумон қилинувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” номли 48-модда биринчи қисмига киритилган қўшимча билан гумон қилинувчига амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи белгиланди.

“Суриштирувни тамомлаш” номли 342-моддага суриштирувни тамомлаш вақтини белгилаш билан боғлиқ ўзгартиш киритилди ва унга кўра суриштирув жиноят ишини терговчига ўтказиш ёки ишни тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисидаги қарор билан ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома билан бирга прокурорга юбориш билан тамомланади.

Жиноят ишини амнистия акти асосида тугатишнинг суд тартиби жорий этилиши муносабати Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 372-моддасида кўрсатилган дастлабки терговни тамомлаш турлари қаторига дастлабки тергов тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш билан тамомланиши ҳам белгиланди.

Бундан ташқари “Прокурорнинг ваколатлари” номли 382-модда учинчи қисмига киритилган қўшимча билан прокурорга амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ваколати белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси “Маҳкумни амнистия актига асосан жазодан озод қилиш тартиби” номли 536-1-модда билан тўлдирилиб, унга кўра маҳкумни амнистия актига асосан асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ёхуд жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки унга тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш прокурорнинг илтимосномасига биноан маҳкумнинг жазони ўташ жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, ЖПК “Ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш” номли бешта моддадан иборат 63-боб билан тўлдирилди. Мазкур бобда терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчи, терговчи томонидан прокурорга юбориш тартиби, амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани судга киритиш тўғрисидаги масаланинг прокурор томонидан кўриб чиқилиш тартиби, суд мажлиси, суднинг ажрими каби масалаларга тегишли қоидалар мустаҳкамланди.

Хусусан, амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, суриштирувчи, терговчи терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини қайси шахсга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масала қўйилаётган бўлса, ўша шахснинг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг аризаси ҳамда амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ҳақидаги тақдимнома билан прокурорга юборади.

Шу билан бирга агар бир неча шахсга тааллуқли жиноят иши бўйича улардан лоақал биттаси амнистия актининг таъсир доирасига тушса, жиноят ишининг унга тааллуқли қисми тегишли илтимосномани судга киритиш учун алоҳида иш юритишга ажратилиши мумкин.

ЖПКнинг 588-моддасига мувофиқ амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза терговга қадар текширув қайси шахсга нисбатан ўтказилаётган бўлса, ўша шахс, гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан тегишинча терговга қадар ўтказилган текширувнинг, суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида берилиши мумкин.

Мазкур бобда белгиланган 589-модда мазмунига кўра прокурор суриштирувчининг, терговчининг тақдимномаси асослилигини текшириб унга рози бўлган тақдирда, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёхуд жиноят иши билан бирга, улар прокурорга келиб тушган кундан эътиборан беш суткадан кечиктирмай судга юбориши шарт.

Айни пайтда мазкур моддада агар жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юбориш учун асослар бўлмаган тақдирда, прокурор терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчига ёхуд терговчига қайтариш ҳақида асослантирилган қарор чиқариши ва прокурорнинг ушбу қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят берилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномаси 590-моддага мувофиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Унга кўра амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир қилинган ёхуд дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда – жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий судининг раиси, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси белгилайдиган бош­қа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши назарда тутилди.

Шунингдек, суд мажлиси илтимоснома жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилиши ва илтимосномани кўриб чиқиш суд томонидан прокурор албатта иштирок этган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Агар суд мажлиси давомида амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд эмаслиги аниқланса, суд терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини умумий қоидалар бўйича тегишинча терговга қадар текширув ўтказиш ёки даст­лабки тергов ишини юритиш учун прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаради.

Музкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексининг “Жазодан амнистия ёки авф акти асосида озод қилиш тартиби” 166-моддаси “жазони ижро этиш муассасасининг ёки жазони ижро этувчи бошқа органнинг маъмурияти тегишли асос бўлган тақдирда, маҳкумга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани судга киритиш ҳақида прокурорга тақдимнома юбориши шарт” — деган мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Музкур Қонун билан ишни судга қадар юритиш бос­қичида амнистия актини қўллашнинг суд тартиби жорий этилиши муносабати билан прокурорнинг суриштирув ва дастлабки тергов устидан назоратни амалга ошириш борасидаги ваколатларига тегишли қўшимча киритилди. Хусусан, «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28 ва 31-моддаларига қўшимчалар киритилиб, прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш, шунингдек маҳкумни амнистия актига асосан жазодан озод қилиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ваколати ифодасини топган.

Хулоса қилиб айтганда мазкур Қонун билан амнис­­тия актини қўллашни жиноят процессида холис орган, яъни судлар ваколатига ўтказилиши бу бир томондан жиноят содир этган шахснинг амнистия актидек рағбатлантирувчи ҳужжатдан адолатли баҳраманд бўлишини таъминласа, иккинчи томондан суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг ижтимоий ҳаётга татбиқ этилаётганлигининг ёрқин намунасидир.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига