Yangi hujjatlar

Амнистия актининг ҳуқуқий табиати

АМНИСТИЯ АКТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАБИАТИ
Шоназар Бердиев, юридик фанлари номзоди
Олий суд ахборотномаси, 2008 йил 5-сон.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён ўтган ўн етти йил мобайнида юртимизда том маънода ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилган ислоҳотларнинг самараси айниқса, салмоқли бўлди.

Изчиллик билан босқичма-босқич ва тизимли тарзда амалга оширилиб келинаётган мамлакатни модернизация қилиш жараёни йилдан-йилга чуқурлашиб, янгича мазмун ва моҳият билан бойиб бормоқда.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, барқарор ижтимоий муҳит ҳар бир тармоқ ёки соҳада кўламли амалий чора-тадбирлар кўришга имкониятлар яратмоқда. Эътироф этиш жоизки, жамиятни янгилаш жараёни кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фаровон турмуш кечиришини, ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлари янада теранроқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратилган.

Маълумки, амнистия акти одатда барча мамлакатларда сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳалардаги туб ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ муҳим тарихий саналар муносабати билан қабул қилинади. Хусусан, бизнинг мамлакатимизда ҳам шундай инсонпарварлик амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, жумладан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлиги муносабати билан, 1991 йил 31 августда, сўнгра мустақиллик эълон қилинганлигининг бир йиллиги, уч йиллиги, беш йиллиги, тўққиз йиллиги, ўн йиллиги муносабати, шунингдек, Ўзбекистон жаҳон миллатлар ҳамжамиятига аъзо бўлганлиги муносабати билан (1992 йил 6 апрель), Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг бир йиллиги, беш йиллиги, олти йиллиги, ўн йиллиги, ўн бир йиллиги, ўн икки йиллиги муносабати билан, шунингдек, 9 май Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинганлиги муносабати билан мамлакатимиз Президентининг амнистия тўғрисида жами 15 та Фармони қабул қилинди.

Мамлакатимизда икки палатали Парламент фаолият кўрсата бошлагач, Олий Мажлис Сенати Конституцияда белгиланган ваколати асосида Ўзбекистон Республикаси Прездентининг тақдимномасига биноан амнистия акти ҳақида тўрт марта қарор қабул қилди.

Ана шундай инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг, бетимсол меҳрибонликнинг ташаббускори Ислом Каримов истиқлолнинг ўн етти йиллиги арафасида Ўзбекистон Републикаси Конституциясининг 93- моддасида белгиланган ваколатидан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сенаторлари муҳокамасига суд томонидан айбдор деб топилган шахсларга нисбатан жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида уларни жазодан озод этиш ёки уларга нисбатан бошқа тарздаги енгилликларни қўллаш юзасидан Амнистия тўғрида қарор қабул қилиш ҳақида тақдимнома киритдилар.

Сенаторлар бу масалани муҳокама қилиб, мамлакатимиз хавфсизлиги таъминланганлиги, халқимиз тинч-тотув ва осуда ҳаёт кечираётганлиги, жамиятда миллатлар ва динлараро тотувлик қарор топганлигидан келиб чиқиб шунингдек, Ватанимиз мустақиллигидан буён 19 та амнистия акти қабул қилиниб, жазодан озод этилган айбдор шахслар ҳаётида ижобий ўзгаришлар омили бўлиб қолганлиги ва бундай фаолият самара бераётганлиги сабабли ҳам Юртбошимиз киритган тақдимнома қонуний ва асосли эканлигини инобатга олдилар ва амнистия актини қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2008 йил 28 августда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги 529- сонли Қарорининг қабул қилинганлиги республикамизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, жиноий жазоларни либераллаштириш изчиллик билан амалга оширилаётганлигининг яққол намунасидир.

Мазкур амнистия актининг кириш қисмида унинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига асосан қабул қилинаётганлиги қайд этилган. Бунда энг аввало, мамлакатимизда юздан ортиқ миллатлар ўн етти йилдан буён бир оиладек аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаётганликлари, мамлакат хавфсизлиги таъминланганлиги, инсонпарварлик тамойили ифодалаган бўлиб, унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги тўлалигича мужассам топган.

Амнистия актининг биринчи бандида инсонпарварликнинг кечиримлилик ифодаси биринчи галда тўрт тоифадаги шахсларга, хусусан, ёшидан қатъи назар аёлларга, жиноят содир этган вақтда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ушбу амнистия акти кучга киргунга қадар олтмиш ёшга тўлган, яъни 1948 йил 28 августга қадар туғилган эркакларга ҳамда чет эл фуқароларига улар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган бўлиб содир этган жинояти учун судланган бу шахсларнинг жазодан озод қилиниши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, чет эл фуқароларига нисбатан содир этган жиноятлари учун кечиримли бўлишга алоҳида ёндашиб, уларни жазодан озод қилиш белгиланганлиги мамлакатимиз фуқаролари қатори уларга ҳам инсонпарварлик кўрсатилаётганлигидан ташқари уларнинг давлатларига нисбатан ҳурмат рамзи ҳамдир.

Қарорнинг бу бандида шахсга амнистия актини қўллаб, уни жазодан озод этишда қонунчилик нуқтаи назаридан учта асос, аниқроғи, ҳолат назарда тутилган. Биринчиси мазкур норманинг биринчи марта ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ қилиниши бўлса, иккинчиси Жиноят кодексининг 15-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган ўта оғир жиноятни қасддан содир этмаган шахсларга нисбатан қўлланиши, учинчиси озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги, шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолардан озод этиш назарда тутилганлигидир.

Мамлакатимизда 2008 йил «Ёшлар йили» деб эълон қилинганлиги ва навқирон авлод билан боғлиқ долзарб муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш учун 113-банддан иборат махсус Дастур қабул қилинганлигини инобатга олиб, шунингдек, ёшларнинг қонуний манфаатларини янада тўлиқроқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни ҳаётга қатъий эътиқод ва қарашлар руҳида, менталитетимизга зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура олиш, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида мазкур қарорнинг биринчи бандига кўра, жиноят содир этган ўн саккиз ёшга тўлмаган маҳкумлар жазодан озод қилинмоқда, шунингдек, қарорнинг иккинчи бандидаги кечиримлилик муруввати ёшларга нисбатан ҳам тадбиқ этилиши назарда тутилмоқда.

Қарорнинг 7 банди «б» кичик бандига мувофиқ жиноят содир этган вақтда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг истисно этганда ўта оғир жиноят содир этганларнинг барчасига амнистия акти татбиқ этилмаслиги негизида бизда жабрланувчи ҳимоянинг бош субъекти бўлиб, унинг ҳаётига тажовуз қилиш ўта оғир жиноят ҳисобланиши тўғрисидаги ғоя мужассам.

Амнистия актининг 2-бандига асосан, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган барча шахслар, шу жумладан, ёшлар, шунингдек, гарчанд қасддан содир этилган бўлса-да, бироқ Жиноят Кодексининг 15- моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки Жиноят Кодексининг 15- моддаси учинчи қисмида кўрсатилган уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ унча оғир бўлмаган жиноят содир қилганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахсларни, шу жумладан, ёшларни тайинланган жазо тури ва миқдоридан қатъи назар жазодан озод қилиш назарда тутилган.

Мазкур Қарорнинг 3-бандида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган маҳкумларга амнистия тўғрисидаги қарор қонуний кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида жазони ижро этиш ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссиялари қарорига асосан актив шаклдаги сил касаллигига чалинган, яъни биринчи ва иккинчи гуруҳ диспансер ҳисобидаги маҳкумлар, шунингдек, белгиланган тартибда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилиниши замирида Жиноят Кодексининг 75 – моддаси биринчи қисмидаги «Шахс ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва бошқара олмайдиган даражада руҳий касаликка, шунингдек жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалиниб қолса, жазони ўташдан озод қилиниши ҳақидаги ғояси ётади.

Амнистия актининг 4- банди ҳуқуқий табиати ўзгача бўлиб, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йилдан кўп бўлмаган маҳкумларни (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда касддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод килиш белгиланиши бағрикенгликнинг яна бир яққол ифодасидир. Бунда суд ҳукмига кўра, шахсга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо муддати қанча бўлганлигидан қатъи назар, мазкур маҳкум икки йилгача бўлган муддатдаги ўталмай қолган жазодан озод этилади. Маҳкумларга нисбатан бундай одилона ҳуқуқий сиёсатнинг амалга оширилиши барча маҳкумларнинг, шу жумладан, ёшларнинг ота-онаси бағрига, катталарнинг эса оиласи ҳузурига қайтиб, қолган ҳаётини қонунларга риоя қилиб яшашига замин яратади, келажак ҳаётига нисбатан уларда ишонч уйғотади. Бу билан жиноят ҳуқуқидаги жазонинг хусусий ва умумий огоҳлантириш каби мақсадларига эришилишига имконият яратилади.

Амнистия актининг 5-бандига мувофиқ, содир этган жиноятининг оғирлик даражаси ва тайинланган жазо миқдоридан қатъи назар, мазкур қарор эълон қилинган кунга қадар озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ҳақиқатда ўташнинг уч йилдан кўп бўлмаган муддати қолган маҳкумлар манзил – колонияга ўтказилади.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 6 – бандини Жиноят Кодексининг 68 – моддасидаги асослар бўйича, яъни шахсни жиноий жавобгарликдан озод этган ҳолда қўлланишда ушбу қарорнинг 1 ва 2-бандларида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятга оид материаллар ва ишлар, мазкур Қарорнинг 7- бандида белгиланган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда тугатилмоғи керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси»нинг 2-моддаси «а» кичик бандида «уюшган жиноий гуруҳ» тушунчасига таъриф бериб айтиладики, бундай гуруҳ, муайян давр давомида бевосита ва билвосита, молиявий ва бошқа моддий фойда кўриш мақсадида мазкур Конвенциянинг талқинига асосан битта ёки бир нечта жиддий жиноятларни содир этиш мақсадида келишиб ҳаракат қилувчи, таркибий шаклланган уч ёки ундан кўпроқ шахслардан иборат бўлиб, ўта хавфлилиги билан ажралиб туради.

Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори 7- бандида БМТнинг юқорида қайд этилган Конвенциясидаги ҳолатларни айбдорнинг шахсини ва содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, жиноятни жиноий уюшма шаклидаги иштирокчиликда содир этган, шунингдек, давлатнинг жиноятчига нисбатан муқаддам қўлланган инсонпарварлик мурувватидан хулоса чиқармай яна қасддан жиноят содир этган шахсларга нисбатан амнистия актини қўлламаслик ҳолатлари қайд этилган.

Бунда узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, ўта хавфли рецидивист деб топилган, жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган, жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузиб келган, муқаддам амнистия тартибида жазодан озод бўлгач, яна қасддан жиноят содир этган, шунингдек, ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга нисбатан амнистия акти татбиқ этилмаслиги қатъий белгиланган.

Шунингдек, шу банднинг б) кичик бандига мувофиқ жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан амнистия актини ўта оғир жиноят содир этганлардан ташқари барчасига тадбиқ этилиши, аввало, жабрланувчи ҳимоянинг бош субъекти бўлиб, унинг ҳаётига суиқасд қилиш ўта оғир жиноят ҳисобланиши тўғрисидаги ғоя ётади.

Бундан ташқари, колониялардаги ишлар нечоғлик яхши ташкил этилмасин, барибир, бу ер ёшларни тарбиялашда тўла шароит мавжуд эмаслиги, жиноят қилган инсон ҳали ёш, дунёқараши ва ҳуқуқий онги эндигина шаклланаётган, қонунларга итоат қилувчи киши қилиб тарбиялаш мумкин бўлган пайтда аниқ мақсадни кўзлаб, унинг тарбияси билан шуғулланиш кераклиги, шу билан бирга жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш самарадорлиги жазонинг оғирлиги ва шафқатсизлиги эмас, балки биринчи навбатда, қонунни бузган шахсга жазонинг муқаррарлигини тушунтириш билан ҳам хусусий ҳам умумий огоҳлатиришни амалга ошириш каби ғоялар мужассам.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 8-бандига мувофиқ, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши, шунингдек, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилиниб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар, бинобарин қарорнинг 3- бандида назарда тутилган, яъни мазкур қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган ёки биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган шахслар ҳамда қарорнинг 4- бандида назарда тутилган, яъни озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йилдан кўп бўлмаган, ҳукми мазкур қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод этилиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, умумий қоидага кўра, амнистия акти, у чиқарилгунга қадар содир этилган жиноятларга нисбатан татбиқ этилади. Амнистия акти узоққа чўзилган жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан, агар жиноятнинг узлуксиз таркибини ташкил этувчи барча ҳаракатлар амнистия акти кучга киргунга қадар амалга оширилган бўлса, татбиқ этилади. Амнистия акти асосида шахсни жавобгарликдан ёки жазодан озод этиш давлат томонидан унинг жиноятини эмас, балки ўзини кечиришдир.

Амнистия ҳақидаги акт у ёки бу жиноят учун жавобгарликни белгилаш ҳақидаги қонунни, шунингдек, суднинг маълум бир иш юзасидан чиқарган ҳукмини ўзгартирмайди ёки бекор қилмайди. Амнистия актига асосан айбдор шахснинг суд томонидан тўлиқ ёки қисман жазодан озод этилиши ёки ҳукм билан тайин этилган жазоси енгилроқ жазога алмаштирилиши каби ҳолатлар замирида шахснинг ахлоқан тузалиш йўлига кириб, бундан кейин жиноятга қўл урмайди, деган мазмун назарда тутилганлиги боис кечиримлилик, мурувват ҳамда бағрикенглик йўлини тутиш ўзини батамом оқлашига ишончимиз комил.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига