Yangi hujjatlar

Амнистия қарорлари инсон манфаатлари йўлида

АМНИСТИЯ ҚАРОРЛАРИ ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА
Шерзод Абдуллаев, Андижон вилояти Кўрғонтепа туман «Ҳуқуқ» адвокатлик бюроси адвокати
“Адвокат”, 2011 йил 4-сон.
«Катталик ва улуғликнинг лаззати бировдан ўч олмоқ эмас, балки авф қилмоқдадир»Абдулла АВЛОНИЙ

Истиқлолга эришганимиздан кейинги ўтган тарихан қисқа даврга назар ташласак, Президентимиз раҳнамолигида ва бевосита ташаббуслари билан инсонпарварлик тамойилига амал қилган ҳолда ҳуқуқ тизимида ўзига хос хусусиятларга эга бўлган амнистия институти ташкил қилинди. Амнистия сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, унутиш, кечириш, авф этиш деган маъноларни билдиради. Амнистия институти ўз мазмун-моҳиятига кўра, жиноят содир этган ёки жазо ўтаётган шахсларга нисбатан давлат томонидан кўрсатиладиган инсонпарварлик ва бағрикенглик намунасидир. Бироқ амнистия қарорини оқлаш тушунчаси билан чалкаштирмаслик лозим. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига мувофиқ, инсонпарварлик тамойилига амал қилган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисларида амнистия тўғрисидаги қарори қабул қилинади. Амнистия қарорини қабул қилишдан кўзланган биринчи мақсад давлатнинг жамият аъзоларига нисбатан ғамхўрлик ғоясида акс этади. Амнистия қарорининг қабул қилиниши нафақат жиноят содир қилган шахслар ёки маҳкумларнинг манфаати нуқтаи назаридан, балки уларнинг оила аъзолари, қариндош уруғлари, вояга етмаган фарзандлар ота-оналарининг меҳридан баҳраманд ўсиши, шунингдек, оилада иқтисодий ва маънавий муҳитни вужудга келтиришда катта ўрин тутган ота ва оналарнинг иштирокини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Баъзи бир давлатларда, жумладан, Белгия, Германия, Дания, Норвегия, Швецария ва бошқа бир қанча давлатларнинг қонунчилигида амнистия институти мавжуд эмас. Президентимизнинг ташаббуслари билан мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ҳуқуқ тизимида амнистия институти ташкил қилингани мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр қиммати ҳамда инсон манфаатлари олий қадрият даражасида улуғланган жамиятда яшаётганлигимиздан далолатдир.

Жиноий жавобгарликдан озод қилишда амнистия қарори мажбурий ва ҳеч бир шарт талаб этмайдиган асос ҳисобланади. Амнистия билан жавобгарликдан озод этиш мазкур акт қўлланилган шахс учун олдинги лавозимига тикланиши ва ишда бўлмаган вақт учун ҳақ тўланишини суд тартибида талаб қилиш ҳуқуқини вужудга келтирмайди. Амнистия актига амал қилиш даврида содир этилган қилмишга нисбатан эмас, балки амнистия қарори кучга киргунга қадар содир этилган қилмишга нисбатан қўлланилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 68, 76 ва 79-моддаларига мувофиқ амнистия қарори қўлланилиши натижасида қўйидаги ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши мумкин: Шахс жиноий жавобгарликдан озод этилиши, маҳкум асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан озод этилиши, маҳкумга тайинланган асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазо муддатларининг камайтирилиши, маҳкум жазо муддатидан илгари шартли равишда озод этилиши, маҳкумга тайинланган жазонинг ўталмаган қисми енгилроғи билан алмаштирилиши, жиноят содир этган шахсдан судланганлик муддатидан илгари олиб ташланиши мумкин. Муқаддам амнистия қарорига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиши рад этилган ёки амнистия қарорига асосан жиноий жавобгарликдан ёхуд жазодан озод этилган шахсга нисбатан амнистия қарори қўлланилмайди. Жиноят-процессуал кодекси 23-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ агар текшириш натижалари бўйича шахсга нисбатан ўтмишда амнистия қарори қўлланилганлиги тўғрисида маълумот тўплаш имкони бўлмаса шахсга нисбатан амнистия қарори қўлланилиши шарт. Шахс томонидан амнистия акти кучга киргунга қадар бир неча жиноят содир этилган бўлиб, улардан айримлари амнистия акти таъсири доирасига тушса, бошқалари эса тушмаса, амнистия акти унинг таъсир доирасига тушувчи қилмишларга нисбатан қўлланилади. Қонунга кўра амнистия актини қўллаш учун жиноят иши бўйича жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогарни розилиги талаб этилмайди. Жиноят иши бўйича амнистия акти қўлланилишига норози бўлган жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар тегишли орган қарори ёки ажрими устидан умумий асосларда шикоят (протест) бериши мумкин. Амнистия актини қўллаш тўғрисида суриштирув, тергов органи қарор, суд эса ажрим, айблов ҳукми чиқаради.

Мамлакатимизда инсон шаъни олий қадрият ҳисобланиб, давлатимизда олиб борилаётган барча сиёсий ҳаракатлар, ислоҳотлар марказида шахс ва унинг манфаатлари туради. Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг асосий йўналишларидандир. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор алоҳида таҳсинга лойиқ.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига