Yangi hujjatlar

Амнистия – бағрикенглик ифодаси

АМНИСТИЯ – БАҒРИКЕНГЛИК ИФОДАСИ

Светлана Ортиқова, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси

“Ҳуқуқ ва бурч”, 2013 йил 1-сон. Манба

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш бўйича янги концепция ҳаётга татбиқ этилиб, фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқ ва эркинликла­ри тўлақонли ҳимоя қилинмоқда. Буни жиноят қонунчилигини эркинлаштиришга қаратилган чора-тадбирларда ҳам кўриш мумкин. Исло­ҳотлар замирида инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойили, жи­ноят содир эт­ган шахсларга нисбатан кечиримли бў­лиш мақсади мужассамдир.
Жиноят йў­лига кирган шахсларни жазолаш эмас, балки жиноятга жазонинг муқаррарлигини тушунтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, инсонпарварлик шахс ҳуқуқларини таъминлашда муҳим мезонлардан бири ҳисобланади. Сенат томонидан қабул қилинадиган амнистия актини эса инсонпарварликнинг олий намунаси сифатида баҳолаш мумкин.
Амнистия умумий афв бўлиб, олий давлат ҳокимияти органининг хусусий акти, айрим шахсларни жазодан озод қилиш, жиноят ишини бекор этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисидаги қароридир. Унинг асосида хато қилган ёки қилмишидан пушаймон бўлганлар кечирилади, уларга ҳаётларини тўғри йўлга солиш учун имкон бе­рилади.
Мазкур ҳужжат нафақат демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг устувор тамойилларини, балки халқимиз минг йиллардан буён асраб-авайлаб келаётган қадриятларни, бағрикенг­лик ва мурувват каби олий фазилатларни ҳам ифодалайди.
Конституциямизнинг 80-моддаси 10-банди ва 93-мод­даси 23-бандига кўра амнис­тия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига Ўз­бекистон Президенти томонидан тақдимнома киритилади ва шунга асосан юқори палата бу ҳақда махсус қарор қабул қилади.
Сенатнинг 2012 йил 5-6 декабрь кунлари бўлиб ўт­ган ўнинчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари тақдимномасига мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарор ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йилли­ги муносабати билан амнис­тия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўллаш тартиби ҳа­қи­да»ги низом сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўн битта банддан иборат ушбу қарор билан аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда чет давлат фуқаролари; эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этганлар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир­ этгани учун биринчи марта ҳукм қилинганлар; I ва II гуруҳ ногиронлари, ушбу қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилганлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно); озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йилу олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно); тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинч­лик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этгани учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод этилиши белгиланди.
Аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда чет давлат фуқаролари; эҳтиётсизлик туфайли жиноят содир этганлар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани учун биринчи марта ҳукм қилинганлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилади ва улар судланмаган дея эътироф этилади.
Шунингдек, қарорда узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган; ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган; ўта оғир жиноят содир этган; тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этгани учун судланган шахсларга нисбатан ушбу қарор татбиқ этилмаслигига алоҳида урғу берилди ва бу, албатта, адолатдандир.
Бу сафарги амнистия ак­ти­нинг аввалгиларидан фар­қи шундаки, унда қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум­ қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати учдан бир қисмига, ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати эса тўртдан бир қисмига қисқартирилиши белгиланди.
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қи­линганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўллаш тартиби ҳа­қида»ги низом талабига кўра Сенат қарори таъсирига ту­шадиган шахсларга оид жи­ноят ишлари ва материаллар судлар томонидан ҳал этилади. Унда суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура ва суд органлари томонидан амнистия қарорини қўллаш тартиб-таомиллари назарда тутилган. Баён этилганлар мазкур шахслар то­монидан содир этилган жиноятлар юзасидан олиб бо­рилаётган барча тергов иш­лари ва судда кўрилмаган­ ишларга ҳам татбиқ этилиши алоҳида қайд этилган.
Низомда амнистия акти асосида жазодан озод этиладиган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланиб, ҳозир уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга,­ уларни тўла ҳисобга олиш, иш билан таъминлаш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналар, ҳомийлик ва васийлик органлари назоратига топшириш, зарур ҳолларда тегишли таълим муассасаларига юбориш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланиши, шунингдек, унинг очиқ-ойдинлигини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида сенаторлар, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди.
Амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши давлатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият саналишини, юртимизда олиб борилаётган ис­лоҳотларнинг мазмун-моҳия­тида инсонпарварлик тамойи­ли устувор эканини яна бир бор намоён этиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига