Ҳакимбой Ҳалимов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари
“Ҳуқуқ ва бурч”, 2010 йил 11-сон. Манба
Амнистия халқимизга хос бўлган кечиримлилик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этган бўлиб, республикамизда давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутувчи байрамлар ва саналар арафасида қабул қилиб келинмоқда. Жумладан, мамлакатимиз мустақиллиги байрами, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши ва бошқа тадбирлар муносабати билан истиқлол йилларида жами 21 та амнистия тўғрисидаги фармон ва қарорлар эълон қилинди. Ушбу сиёсий-ҳуқуқий актларга мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларидаги маҳкумлар озод этилгани ва айримларининг ўталмай қолган жазо муддатларининг қисқартирилгани ҳақиқий маънодаги инсонпарварлик намунасидир.
Олий Мажлис Сенатининг 2010 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорига биноан эса жорий йилнинг 1 ноябригача судларга жами 14381 та илтимоснома киритилиб, уларнинг 13241 таси шу кунга қадар қаноатлантирилди. Шунингдек, 2010 йил 28 августга қадар судларнинг иш юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича 9876 нафар шахсга нисбатан амнистия акти татбиқ этилган. Ушбу вақт ичида судлар томонидан жами бўлиб 23117 нафар шахсга нисбатан амнистия акти қўлланилди.
Амнистия актини қўллашда қонунбузарликларга, суиистеъмолликларга йўл қўймаслик, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказилмаслигини таъминлаш муҳим масала саналади. Бу борадаги асосий масъулият прокуратура органлари зиммасида эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Парламент юқори палатасининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорини қўллаш тартиби ҳақидаги низомда “Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори амнистия тўғрисидаги қарорнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди” деб белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, жойлардаги прокурорлар томонидан мазкур низом, шунингдек, Бош прокурорнинг бу борадаги кўрсатмаси талабларининг тўлиқ ва белгиланган муддатда ижро этилишини таъминлаш устидан назорат ўрнатилди.
Амнистия тўғрисидаги қарорни татбиқ этишда шахснинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоялаш, унинг монеликсиз ва объектив қўлланиши, бу жараёнда суиистеъмолчилик ва қонунбузарликларнинг олди олинишини, айни чоғда ошкоралик ва жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминловчи талаб ва шартлар кўзда тутилган.
Энди бевосита қарорнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритадиган бўлсак, унинг биринчи бандида унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахслар жазодан озод этилиши кўрсатилган.
Қарорнинг 1-бандини қўллашда ўта оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазодан, шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолардан озод этилади. Ушбу банднинг “а” ва “б” кичик бандлари таъсир доирасига, ёшидан қатъи назар, аёллар ва жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар; “в” кичик банди таъсир доирасига 1950 йил 29 августга қадар туғилган эркаклар; “г” кичик банди таъсир доирасига жиноят содир қилгунга қадар доимий яшаш жойи Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган хорижий давлат фуқароси тушиши кўрсатилган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, мамлакатимизда бўлиши учун қонуний асослари бўлмаган чет эл фуқаролари амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилгач, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган тартибда республикамиздан чиқариб юборилади (депортация қилинади).
Қарорнинг иккинчи бандида эса “Эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинсин” дейилган. Бу ҳам халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик намунасидир. Қолаверса, ҳаёт мураккаб, тасодифларга тўла. Билиб-билмай ёки эҳтиётсизлик билан жиноят содир этганларга қилмишларидан тўғри хулоса чиқариш, жиноят йўлига бошқа кирмаслик учун берилган имкониятдир. Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унга кўра, илгари амнистия тартибида жазодан озод бўлгач, яна қасддан жиноят содир этган аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшга тўлган эркаклар ва чет эл фуқаролари, амнистия тўғрисидаги қарорнинг иккинчи бандида назарда тутилган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, шунингдек, қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинганларга такроран татбиқ этилиши мумкинлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган шахслар, шунингдек, ишлари суриштирув, тергов ва суд органлари юритувида бўлганларнинг тегишлиларига ҳам мазкур қарорнинг татбиқ этилиши белгиланган.
Қарорнинг 4-бандида озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йилдан кўп бўлмаган, ҳукми қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумларни (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилиш кўзда тутилган.
Мазкур актнинг 5-бандига кўра, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилиниб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод этилади.
Қарорнинг 8-бандида эса амнистия акти татбиқ этилмайдиган шахслар гуруҳи кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорни қўллаш тартиби ҳақидаги низомнинг 5-бандига мувофиқ судлар:
— ўз иш юритувида (барча инстанцияларда) қайси шахсларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар бўлса, шу шахсларга нисбатан;
— ҳукми қонуний кучга кирган, бироқ ижро этилмаган, қамоқда сақланмаётган шахсларга нисбатан;
— жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар тергов ва суриштирув органлари иш юритувида бўлган шахсларга нисбатан прокурорнинг илтимосномасига кўра;
—жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан жазони ижро этиш муассасаси ёки органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири) томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида прокурорнинг илтимосига кўра амнистия тўғрисидаги қарорни қўллайдилар.
Эътиборли жиҳати шундаки, амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш масаласи судлар томонидан кўриб чиқилаётганда прокурорнинг иштирок этиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Амнистия актига фақатгина маҳкумни ёки жиноят содир этган шахсни жазодан озод этишни кўзда тутувчи ҳужжат сифатида баҳо бермаслик керак. У жазодан озод этилган шахснинг ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Чунончи, амнистияга биноан жазодан озод этилган шахсларнинг ижтимоий кўникмаси ва ҳимоясига оид чораларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида жойларда прокуратура органлари, ИИВ, МХХ, адлия идоралари ва судлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларидан иборат ҳудудий комиссиялар тузилди.
Бу борада Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига жазодан озод этилган шахслар тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда таълим муассасаларига юбориш асосий вазифа қилиб белгиланди.
Туман ва шаҳар ҳокимликларига ҳудудий комиссиялар ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда жазодан озод этилаётган шахсларга, айниқса, вояга етмаганларга ва тақиқланган ташкилотларнинг собиқ аъзоларига нисбатан кўрилаётган тарбиявий таъсир чораларининг узлуксизлигини таъминлаш юклатилади.
Амнистия тўғрисидаги қарорнинг очиқ-ошкора қўлланиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида сенаторлар, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Ушбу гуруҳларнинг асосий вазифалари жазони ижро этиш муассасалари ва органларини бориб кўриш, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш ҳамда уларнинг шахсий йиғмажилдлари билан танишиш, суриштирув ва дастлабки тергов органлари юритувидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ва жиноят ишлари билан танишиш, озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар аҳволини мониторинг қилиш ва бу жараён оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлашдан иборатдир.
Ҳаммамизга яхши маълумки, республикамиз мустақиллигининг 19 йиллик тантаналари “Бу муқаддас ватанда азиздир инсон” деган эзгу ғоя остида кенг нишонланди. Ўтган йилларга назар ташласак, шу давр мобайнида амалга оширилган барча ишлар ягона мақсадга — инсон шаъни ва ғурурини кўтариш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазасини юксалтириш, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Олий Мажлис Сенатининг 2010 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарори ҳам инсонпарварлик, бағрикенглик, шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва лебераллаштириш борасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунаси бўлди дейишга барча асосларимиз бор.