Yangi hujjatlar

«Қарз икки қўлдан» ёҳуд қарздорлик эпидемиясидан ўзаро ҳамкорлик сари

«ҚАРЗ ИККИ ҚЎЛДАН» ЁҲУД ҚАРЗДОРЛИК ЭПИДЕМИЯСИДАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК САРИ
Зоҳид Зокир, «Intellekt Investments» ОАЖ бош директори
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.
«…Тобора чуқурлашиб бораётган жаҳон молиявий инқирози мамлакатимизга таъсир кўрсатмайди, бизни четлаб ўтади, деган хулоса чиқармаслик керак. Масалани бундай тушуниш ўта соддалик, айтиш мумкинки, кечириб бўлмас хато бўлур эди.

Барчамиз бир ҳақиқатни англаб етишимиз лозим — Ўзбекистон бугун халқаро ҳамжамиятнинг ва глобал молиявий-иқтисодий бозорнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.»Ислом КАРИМОВ, «Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари» асаридан

 

Дунёда авж олаётган молиявий кризис тадбиркорлик субъектлари учун буюртмалар ва тўловларнинг борган сари камайиб бориши, натижада сармоя ва айланма маблағлар тан­қислиги кўринишида намоён бўлмоқда. Бунинг натижаси эса аён — қарздорлик тобора ортиб, тадбиркорлик субъектларининг ўзаро низолари кўпайиб, чигаллашиб бораётир. Молиявий инқироз авж олган ҳозирги шароитда барча низоларни ҳал қилишга умид борми? Албатта, бор! Чунки аввалги кризисларда ҳам кимлардир деярли талофат кўрмаган, ёки ҳатто бойиган, кимлардир эса хонавайрон бўлган. Ким қайси йўлни танлаган бўлса, натижа ҳам шу бўлган.

Кризис — бу иқтисодиёт ва инсонлар учун синовдир. Иқтисодий организм йиғилиб қолган касалликлардан халос бўла олса, янги куч билан янги поғоналарга кўтарилади, тушкунликка тушиб, вақт­ни бой берса, ҳақиқий инқирозга учрайди.

Буюртмалар ва айланма маблағлар камайиши натижасида пайдо бўладиган ўзаро қарз­дорлик занжирлари ва унинг оқибатида келиб чиқадиган низоларнинг олдини ола билиш — шундай профилактик тадбирларнинг биридир.

Эшмат Тошматдан қарз олиб, Аҳмаддан олган қарзига бериб юборди. Аҳмад энди Раҳматдан олган қарзидан қутилди, у эса тезда Тошматдан олган қарзини қоплади. Тошматнинг пули ўзига қайтди, фақат унга энди Раҳмат эмас, Эшмат қарз. Натижада тўрт киши орасидаги тўрт қарздорлик ўрнига бир қарз қолди, тўрт низо фақат бир низога келтирилди.

Тошматнинг пули камлик қилганда нима бўларди? Ҳеч нарса, фақат сал кўпроқ ҳафсала қилиниб, ушбу «занжир» бир неча бор айлантирилса, озгина маблағ жилғаси дарёдай қарзни қоплайверарди.

Ушбу соддагина «занжир» асосида нафақат оддий тадбиркорлар ва кичик корхоналар, балки йирик ва жуда йирик корхона ва компаниялар ҳам кўп йиллардан бери ўзаро тўловларини қоплаб келишмоқда.

Бундан хулоса шуки, ўзаро келишиб ишлайдиган ва ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажарадиган ҳамкорлар учун кўп айланма маблағ талаб қилинмайди ва кризис ҳам унчалик катта хавф туғдирмайди. Лекин, қандай қилиб шундай мустаҳкам ҳамкорлик занжирларини яратиш мумкин ва унга қанчалик ишонса бўлади?

Бу масалада жаҳон тажрибасига муро­жаат этиш ўринлидир. Охирги жаҳон урушидан деярли бутунлай вайрон бўлиб чиққан ва табиий ресурслари кам бўлган Япония ўзининг асл бойлиги – меҳнаткаш ва ҳалол халқига таяниб тезда энг бой мамлакатлар орасида мустаҳкам иккинчи ўринга чиқди.

Бунинг сирларидан бирини, ўз пайтида, журналист В. Цветов бир япон қишлоғида ўз кўзи билан кўришга муваффақ бўлган. У бир фермер 50 минг товуқни фақат икки узун бинода боқаётгани ва бошқа иншооти йўқлигини кўриб, ҳайратга тушган.

— Ем учун омборхонангиз қани, тухумларни қаерда сақлайсиз? — деб сўради журналист фермердан.

— Бир кунлик ем учун омборхонани нима қиламан? — деди фермер ҳайрон бўлиб.

— Эртага ем келмай қолса, ёки тухумларни олиб кетишмаса нима қиласиз?

— Емни жаноб Хосода албатта олиб келади, у шунга ихтисослашган — деди фермер.

— Эртага олиб келмасачи? Масалан, касал бўлди, ёки вафот этди? — деди журналист, ўз юртидаги одатларни эслаб.

— Унда унинг аёли ёки ўғли олиб келади.

— Иккалови жаноза билан овора бўлди дейлик.

— Унда унинг қўшниси ёки қариндоши олиб келади.

— Сизда нима, жаноб Хосода билан шундай даҳшатли контракт тузилганмики, осмон ўпирилиб ерга тушса ҳам у бажарилаверади? — сўради журналист.

— Контрактнинг нима кераги бор, — ҳайрон бўлди фермер, — жаноб Хосода, — деб тушунтира бошлади у, — менга емни ҳар куни олиб келишга ваъда берган.

— Майли, — деб тинчлана бошлаганди журналист, лекин иккинчи саволи эсига тушиб, яна сўради. — Тухумларни қаерда сақлайсиз?

— Тухумларни бир фирма вакили ҳар куни олиб кетади ва ҳеч қачон панд бермайди. У ҳам ҳеч қандай контрактсиз олиб кетади, — деди фермер саволларни кутиб ўтирмай.

Бундай мустаҳкам, узлуксиз ва соат юришидай аниқ ишлайдиган ишлаб чиқариш муносабатлари барча япон компанияларида ҳам қўлланилган. Масалан, 80-йилларда 420 минг автомобил чиқараётган «Ниссан» заводларида конвейерда автомобил йиғиш учун бутловчи қисмларнинг фақат икки соатга етарли захираси бўлган. Чунки ҳамкор фирмалар етказиб беришда фақат икки соатгагина кечикиши мумкин бўлган. Бундай муносабатлар ҳамкорлар орасида ўзаро инсоний алоқалар, ўз обрўсини сақлашга, ўзбекча қилиб айтганда «лафзида туриш»­га, ҳаёт-мамот масаласи сифатида қарашга асосланган.

Кўпинча «ўзбекчилик» деганда маросимларда албатта қатнашиш ва ўзи ҳам уларни албатта ўтказиши, мулозаматлар ва совға-саломларни канда қилмаслик, қариндош-уруғ ва таниш-билишларни қўллаш тушунилади. Миллий урф одатларни бажариш ёшликданоқ онг­га сингиб кетади. Лекин, шундай расм-русумларни тадбиркорликда ҳам инсоний муносабатларга асосланган автоматик равишда ишлайдиган механизмларга айлантира олган тадбиркорлар оддий шартнома асосида ишлаётганларга нисбатан солиштириб бўлмайдиган даражада афзалликларга эга бўлишини ҳамма ҳам тушуниб, қадрига етавермайди.

Ҳўш, корхона юристи ёки адвокатга буларнинг нима дахли бор? Ахир улар низолар билан иш кўрадику, яъни инсоний муносабатларга ўрин қолмай, катта мулкий зарарлар пайдо бўлгандагина жалб қилинадику, деган саволлар туғилиши табиий. Бунга жавоб – мақола бошида келтирилган қарзлар занжиридан икки турда ишлаётган ҳамкорларнинг икки хилда чиқишидир.

Оддий шартнома асосида иш кўрган адвокат низолар занжирига дуч келади ва ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч қачон ҳеч нарса тўлаш нияти йўқлигидан, мулк билан қоплаш ҳам мавҳумлигидан ўз корхонаси манфаатларини амалда ҳимоя эта олмайди. Суд қарорини ўз фойдасига чиқарса ҳам, қарз йиллаб қопланмаслиги ва инфляцияда деярли йўқ бўлиб кетиши оддий ва кўникиб кетилган ҳол.

Энди тасаввур қилингки, ўзаро доимий алоқада бўлган корхоналар келишган ҳолда, ҳар бири ҳамкорлари манфаатини ўйлаб, кам айланма маблағ бўлса ҳам, мажбуриятларини албатта бажариб борса ва қарзларини оқилона камайтира боришга ҳаракат қилса, низолар деярли пайдо бўлмайди. Қайси юрист ёки адвокат шу мақсадда ҳамкор корхоналар билан доимий ва қунт билан музокаралар олиб борса, баъзи низоларда ўз корхонаси учун вақтинча зарар бўлса ҳам, ҳамкорларининг иши юришишини таъминласа, асл мақсадга эришган бўлади, яъни корхонаси ишончли ҳамкорга эга бўлади ва қўшимча омборлар ва маблағларга хожат бўлмайди. Нега? Чунки, жаноб Аҳмад жаноб Раҳматга ваъда берди ва доим ўз ваъдаси устидан чиққани учун иккови ҳам бойимоқда.

«Қарс икки қўлдан» чиқади. Аммо биз бу иборани иқтисодга мослаштириб «Қарз икки қўлдан» дедикки, буни тушунганлар тушунади. Тушунмаганлар эса…

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига