Yangi hujjatlar

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини тинглашди

2014 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурор назоратининг ҳолати ва уни янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан қонун устунлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни профилактика қилиш бўйича зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинганлиги кўрсатиб ўтилди.

Прокуратура органларининг алоҳида эътибори фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Шу билан бирга, ғоят муҳим давлат дастурларини, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини, фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасидаги дастурларни рўёбга чиқаришга, улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ҳолларига йўл қўймасликка қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижро этилишини назорат қилишга муҳим эътибор берилди.

Прокуратура органларининг эътибори кўпроқ аҳоли бандлиги, ёшларни ва коллежлар ҳамда лицейларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратнинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитига эга бўлиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқларига риоя этилишини самарали таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг суд томонидан ҳимоя қилинишга бўлган ҳуқуқларини амалда рўёбга чиқариш масалаларига ҳам қаратилди.

Ҳисобот даврида инсон манфаатларининг устуворлиги принципини таъминлаш, шунингдек, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши бўйича қонунчилик талабларини бажариш прокуратуранинг доимий назоратида бўлиб келди.

Маърузада таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишларга қарамай, мансабдор шахслар фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини инкор этиши ҳоллари мавжуд. Чунончи, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги камчиликлар Қишлоқ ва сув хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда бошқа давлат органлари фаолиятида аниқланган.

Шу билан бирга, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида прокуратура органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда янги қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва талабларини бевосита ижрочиларга етказиш, улар томонидан қонун ҳужжатларининг нормалари аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида анча ишлар қилинган.

Маърузада кўрсатиб ўтилганидек, жорий йилда давлатимиз раҳбарининг «Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Бош прокуратура таркибида Қонун ҳужжатларининг ижро этилишини назорат қилиш бўйича бош бошқарма ташкил этилди. Бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили бўлди.

Сенаторлар прокуратура органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсияларни билдирдилар.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига