Yangi hujjatlar

Ўзбекистонда жамоат жойларида чекканлик учун маъмурий жазо белгиланадиган бўлди

Аввал хабар қилганимдек, 2014 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Дастур етти бўлим ва 125 банддан иборат бўлиб, дастурни амалга оширишда 2014 йилга режалаштирилган жами харажатлар миқдори 4 509,2 млрд сўм ва эквивалентда 302,9 млн долларни ташкил қилмоқда.

“СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ХАБАРЛАР:

Давлат дастури асосида бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Хусусан, дастурнинг 7-бандига биноан, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланди.

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун маъмурий жарималар миқдори оширилади. Маълумот учун айтиш мумкинки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасига (Жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш) биноан:

Кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ҳамда спиртли ичимликларни қуйиб сотишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан бошқа жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш —
энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан учдан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (9 минг 610 сўм).

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади (32 минг 35 сўм).

Шунингдек, қонун лойиҳасида жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилганлик ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарғиб қилинганлиги учун ҳам маъмурий жазо чоралари белгиланади.

Гап шундаки, 2011 йил 5 октябрь куни «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган эди. Мазкур қонуннинг 19-моддасида жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга йўл қўймаслик ҳақида сўз юритилган бўлиб, унда қуйидагича норма белгиланган:

Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди.

Гарчи қонун бўйича, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланган бўлса-да, лекин ушбу тақиқни бузганлар учун биронта жазо белгиланмаган эди.

Мана, ниҳоят “Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида юқоридаги ҳаракатлар учун маъмурий жазо чоралари белгиланадиган бўлди. Ҳозирча, маъмурий жазо миқдори маълум эмас.

Маълумот ўрнида айишим мумкинки, чекиш билан боғлиқ маъмурий жазолар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўз аксини топган. Аммо улар айнан жамоат жойларида чекишни назар тутмайди. Хусусан, қуйидаги моддаларни мисол қилиб келтириш мумкин:

122-модда. Транспортда белгиланмаган жойларда чекиш
Маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида белгиланмаган жойларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан, тамбурларида), шаҳар ичида, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатнайдиган автобусларда чекиш, шунингдек таксиларда, маршрут таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида чекиш —
энг кам иш ҳақининг йигирмадан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳаво кемаларида чекиш —
энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

148-модда. Темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган минтақаларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш
Темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган минтақаларда ва ёғоч кўприклардан 100 метргача бўлган масофада олов ёқиш, ёғоч кўприклар ва тахта тўшамали кўприкларда чекиш —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг тўртдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (3)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига