Yangi hujjatlar

ТУЗАТИШ: Шахматчимиз Баҳора Абдусатторова жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди

Бундан бир неча соатлар олдин Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида болалар ва ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ёш шахматчимиз Баҳора Абдусатторова ғолибликни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдим.

Гап шундаки, мен хабар киритган вақтимда ўйинлар эндигина тугаган, ҳали якуний ва расмий хабар чиқмаган эди. 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги мусобақада иштирок этаётган ҳамюртимиз Баҳора Абдусатторова мусобақа давомида жами 9 очко тўплади. Грециялик Ставроула Цолакидоу ҳам юртдошимиз билан бир хил очко тўплади ва чемпионатда қўшҳокимлик юзага келди.

Швейцарча тизимда ўтказиладиган спорт мусобақаларида икки ёки ундан ортиқ спортчининг очколари сони тенг келиб қолса, Бухгольц коэффиценти асосида ғолиб аниқланади. Ушбу коэффицент бўйича очколари тенг келган шахматчилардан қайси бири рейтинги баландроқ шахматчилар билан куч синашган бўлса, ўша ғолиб дея эътироф этилади. Сўнги тур олдидан мазкур коэффицент бўйича Баҳора Абдусатторовада кўрсаткич яхшироқ эди. Мен шунга асосланиб, Баҳоранинг ғалабасига қаттиқ умид боғлаган ҳолда ўша хабарни киритгандим.

Аммо минг афсус… Минг афсуски, орадан 4 соатча ўтгандан кейин мусобақа ташкилотчилари расмий хабар беришди ва унга кўра, Баҳора Абдусатторова иккинчи, Греция вакиласи эса биринчи ўринни қайд этгани маълум қилинди.

chess-youth-world

11-тур натижалари ва якуний турнир жадвали | worldyouth2013.com

Демак, хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, 14 ёшли шахматчимиз турнирда муваффақиятли ҳамда муносиб иштирок этди. У ҳеч кимдан ортда қолгани ҳам йўқ. Ғолибликни қўлга киритган шахматчи билан бир хилда очко тўплади. Бироқ шахматнинг қўшимча кўрсаткични ҳисоблайдиган қандайдир формулалари натижасига кўрагина Баҳорага кумуш медаль насиб қилди. Таъкидлаш жоизки, турнир давомида ҳамюртимиз Грециялик спортчи билан тўқнаш келмаган ва унга қарши дона сурмаган.

Майли, нима ҳам дердик, бу спорт. Спортда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Асосийси Баҳора Абдусатторовадек иқтидорли спортчиларимиз сафи янада ортаверсин.

Мусобақа якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси битта кумуш медаль билан умумжамоа ҳисобида 12-ўринни қайд этди.

chess-youth

Медаллар бўйича терма жамоалар рейтинги | worldyouth2013.com

Эслатиб ўтаман, эртага тезкор шахмат бўйича сунги раунд баҳслари ўтказилади. Бунда икки нафар ёш шахматчиларимиз – Баҳора Абдусатторова ва Нодирбек Абдусатторов ғолиблик учун катта имкониятга эга. Улар ўтказилган 5 турдан кейин 100 фоизлик натижа кўрсатиб, пешқадамлар орасида боришмоқда. Уларга сўнги раундда омадлар тилаб қоламиз!

Нотўғри хабар ҳамда тушунмовчилик учун барчангиздан узр сўрайман.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига