Yangi hujjatlar

Чет тиллар ўқитувчиларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартибига ўзгариш киритилди

2015 йил 9 июль куни Давлат тест маркази директорининг “Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, Низомга бир қатор ўзгаришлар киритилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, худди шу Низомга жорий йилнинг январь ойида тегишли ўзгаришлар киритилган эди ва бу ўзгаришларнинг мазмуни ҳақида Сизга маълумот берган эдим.

Янги киритилган ўзгаришлар Низомнинг 4 та бандига тааллуқли бўлиб, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

1-ўзгариш: Тест синовларига узрли сабабларга кўра (касаллиги, хизмат сафарида бўлганлиги ва ҳ.к.) келмаган ўқитувчилар тўлов ундирилмаган ҳолда тест синовларини қайта топшириш учун узрли сабаб юз берганлигини тасдиқловчи ҳужжатни узрли сабаб бартараф этилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида тақдим этишлари лозим. Илгари бундай муддат белгиланмаган эди ва исталган вақти шундай ҳужжат тақдим этганда топшириш имконияти вужудга келарди.

2-ўзгариш: Илгари тест синовларидан муваффақиятли ўтмаган ёки тестда иштирок этиш учун ариза бериб, тест синовида узрсиз сабабларга кўра қатнашмаган ёхуд тест синовига кечикиб келган ҳамда тест синовидан четлаштирилган ўқитувчи камида бир йилдан кейин тест синовларини навбатдан ташқари қайта топшириши мумкин. Янги ўзгаришга кўра, бир йиллик чеклов бекор қилинди ва юқоридаги сабаблар билан тестдан ўта олмаган ўқитувчилар энди бир йил ўтишини кутиб ўтирмасдан, қайта топширишлари мумкин.

3-ўзгариш: Низомнинг 35-бандига қуйидаги мазмундаги банд киритилди:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 мартдаги 67-сон «Умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари малакасини ва касб маҳоратини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 3-бандига мувофиқ, лавозим маошига ойлик устама олиш ҳуқуқини берувчи тест синовидан календарь йил мобайнида қаторасига икки марта ўтмаган умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари келгуси ўқув йилидан бошлаб ўз маблағлари ҳисобидан малака ошириш курсларидан ўтмагунларига қадар чет тили бўйича ўқитувчилик фаолиятига қўйилмайдилар.

4-ўзгариш: Қайта топшириш учун тўланган маблағлар тушириладиган ҳисобварағи ўзгартирилди. Эндиликда мазкур маблағлар Давлат тест марказининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси маблағлари бўйича бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига туширилади ва биринчи навбатда тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун йўналтирилади. Илгари эса Давлат тест марказининг шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига туширилар эди.

Шунингдек, агар Низом мазмунига эътибор қилсак, илгари қайта топширишдан тушган маблағлар фақат тест синовларини ўтказиш учун ишлатишга сарфланиши белгиланган бўлса, янги ўзгариш бўйича “биринчи навбатда” деган жумла киритилиши эвазига, қайта топширишдан тушган маблағлар бошқа мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкинлигини билдиради.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (50)
  • Йўқ (6)
  • Бироз (3)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига