Аввал хабар қилганимдек, 2014 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Дастур етти бўлим ва 125 банддан иборат бўлиб, дастурни амалга оширишда 2014 йилга режалаштирилган жами харажатлар миқдори 4 509,2 млрд сўм ва эквивалентда 302,9 млн долларни ташкил қилмоқда.
“СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ХАБАРЛАР:Дастурнинг 7-бўлими «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг мақсадлари ва вазифалари бажарилиши тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш, бунда оммавий ахборот воситаларининг, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларининг ва Интернет тармоғининг имкониятларини фаол ишга туширишга бағишланган бўлиб, мазкур бўлим ўзида 11 та масалани қамраб олган.
Хусусан, йил давомида ЎзА сайтида “Соғлом бола йили” мавзусида фотосуратлар галереясини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш белгиланди. Мазкур ҳааркатлар учун ЎзА маблағларидан 7 миллион сўм ажратилади.
Шунингдек, болалар кинемотографияси савиясини ошириш, ёшларни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига эҳтиром ва миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашга бирламчи эътибор қаратиш учун қуйидаги вазифалар белгилаб берилди:
- Ўзбек Халқ эртаклари асосида саргузашт жанридаги “Эртаклар оламида” тўлиқ метражли бадиий фильм яратиш учун 1 млрд. 510 млн. сўм ажратилади.
- Ўзбек Халқ эртаклари асосида “Чироқ кўтарган мушук” тўлиқ метражли анимацион мультфильм яратиш учун 203 млн. 600 минг сўм ажратилади.
- Замонавий фантастика жанрида “Сеҳрли қалпоқча – 2” бадиий фильмини яратиш учун 600 млн. сўм ажратилади.
Эслатиб ўтаман, мазкур фильмнинг биринчи қисмини ёш ва умидли режиссёр Сарвар Каримов суратга олган эди. Ушбу фильм кўпчилик томонидан илиқ кутиб олинди ҳамда бир қатор миллий ва хорижий мукофотларни қўлга киритди.
- “Зумраша” болалар ҳажвий киножурналининг 12 қисмини суратга олиш учун 820 млн. 400 минг сўм маблағ ажратилади.
- Ёшларни маънавий-аҳлоқий тарбиялашга бағишланган 4 та ҳужжатли фильм яратилади. Унга 104,6 млн. сўм маблағ ажратилади.
Бунбан ташқари интернет тармоғида оммавий ресурсларда республикада амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати натижалари, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чоралар ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури тадбирларини ёритишга доир саҳифалар яратиш учун “Камолот” ЁИҲ маблағларидан 60 миллион сўм маблағ ажратилади ва ташкилотнинг ўзи масъул қилиб белгиланди.
Шунингдек, 2014 йилнинг II – IV чорагида “Ўзбекистон – бахтли болалар мамлакати” ва “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур” мавзуида фотокўргазма ташкил этилади. Мазкур тадбирга Бадиий академия, ЎзА ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси масъул этиб тайинланган бўлиб, фотокўргазмаларни ташкил қилишга 150 миллион сўм маблағ ажратилади.
“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” ва “Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзлари” мавзуларида плакатлар тўпламлари тайёрланиб, чоп этиш белгилаб қўйилди. Мазкур вазифани амалга ошириш учун 200 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, йил давомида болаларни маънавий ва эстетик баркамол этиб тарбиялаш, оилада ўзаро ҳурмат ва меҳрибонлик, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни шакллантириш мақсадида қатор кўрсатувлар тайёрлаш вазифаси ҳам белгилаб олинди. Хусусан, юқоридаги мақсадларда “Соғлом бола – соғлом келажак”, “Оила”, “Соғлом бола”, “Ўзингни англа”, “Оналар мактаби”, “Соғлом фарзанд – юрт таянчи”, “Аёл бахти”, “Дугоналар”, “Аёл ва замон”, “Чеварлик”, “Ўз қўлинг билан яса”, “Чизиш”, “Онам билан ошхонада” номли кўрсатувлар тайёрланиши режалаштирилган.
Кўрсатувларни тайёрлаш учун жами 700 миллион сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.