Дилбаҳор Якубова, Адлия вазирлиги Нотариат, ФҲДЁ ва адвокатура бошқармаси бошлиғи
“Huquq va burch”, 2011 йил 3-сон. Манба
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, аввало, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилган. Мазкур йўналишда Юртбошимиз қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базадаги камчиликларга имкон қадар тезроқ барҳам бериш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ғоят жиддий ўзгаришларни жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида фақат қонунларга риоя этилишини таъминлаш лозим эканини алоҳида таъкидлайди.
Маълумки, Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги Фармони билан хусусий нотариуслар фаолияти тугатилган эди. Бу эса ўз-ўзидан нотариал идораларнинг самарали тармоғини тузиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашни тақозо этди. Мазкур фармон бугунги нотариал амалиётда айрим нуқсонлар мавжудлигини яққол кўрсатиб бериш билан бирга, ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган туб ислоҳотларни амалга оширишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлигининг қатор буйруқлари қабул қилинди ва нотариат соҳасига оид деярли барча норматив ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди. Жумладан, «Нотариус стажёри фаолиятини ташкил этиш тартиби» тўғрисидаги, «Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари» тўғрисидаги, «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси» тўғрисидаги ва «Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби» тўғрисидаги низомлар янги лойиҳаларда қабул қилинди.
Қабул қилинган фармон ва унинг ижросини таъминлашга доир буйруқ ва низомлар асосида давлат нотариал идоралари тармоғи ва нотариуслар сони тасдиқланди, келгусида бажарилиши лозим бўлган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Нотариал идоралардаги шароит яхшиланди, моддий-техник базаси қайта кўриб чиқилди. Нотариал ҳаракатлар махфийлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир нотариус учун алоҳида хона ажратилиб, фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун зарур қулайликлар яратилаяпти. Шу билан бирга, нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларни қабул қилиш учун бевосита нотариал идоралар биносида кассалар очиш чоралари кўрилаяпти, тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминали ва назорат-касса машиналари билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Нотариал округлардаги эҳтиёжни инобатга олиб, қўшимча 200 дан ортиқ нотариал идора ва нотариуслар лавозими ташкил этилиб, мазкур лавозимларга танловлар ўтказилмоқда.
«Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби» тўғрисидаги низомга асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида нотариусларнинг касбий малакасини ошириш муддатлари, ўқишни ташкил этиш ва ўқиш якунида синов топшириш тартиблари белгиланди. Шунингдек, синовларни муваффақиятли топширган нотариусга белгиланган намунадаги сертификат бериш, синовдан ўта олмаган нотариусга эса 3 ой муддатда такроран топшириш назарда тутилган. Агар нотариус такроран синовдан ўтолмаса, уни эгаллаб турган лавозимига муносиб ёки муносиб эмаслиги масаласи тегишли ҳудудий адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши кўрсатилди. Шу асосда янги ташкил этилаётган нотариал идоралар нотариуслари ва нотариал архив ходимларининг касбий ва умумий билимларини ошириш мақсадида Республика юристлар малакасини ошириш марказида ўқитиш ташкил этилди. Нотариусларнинг 5 йилда камида бир марта малака оширишлари белгиланди. Бу билан нотариус бўлиб ишламаган шахсларга нотариус амалиётини чуқурроқ ўзлаштириш, статистик ҳисоботларни юритиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида нотариал архивлар ташкил этилиб, уларда нафақат давлат нотариал идораларидаги ҳужжатлар, балки илгари фаолият юритган хусусий нотариусларга тегишли архив ҳужжатлари ҳам сақланаяпти. Бу юридик ва жисмоний шахсларга маълумотнома ва архив ҳужжатлари нусхасини олишда қулайлик яратмоқда. Адлия вазирлигининг буйруғи билан нотариуснинг ёрдамчиси, стажёри, котиби ва архивариус, кассир лавозимлари жорий этилди. Соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар нотариуслардан ўз ишига юксак масъулият билан ёндашишни тақозо этади. Шу мақсадда 2010 йил 28 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг «Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур низом «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарни давлат томонидан қоплаш тартибини белгилайди. Кўриниб турибдики, бу меъёр фуқаролар ҳамда корхона ва ташкилотлар манфаатининг тўлиқ муҳофаза этилишини таъминлайди.
Юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Нотариус қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйгани аниқланган ҳолларда давлат зарар қопланишини талаб қилиши мумкин. Бу эса соҳа ходимлари масъулиятини оширишга хизмат қилади. Чунки етказилган зарарни хатога йўл қўйган нотариус ҳисобидан ундириш тартиби ҳам низомда белгиланган. Унга кўра, юридик ва жисмоний шахс ўзига етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Суднинг қонуний кучга кирган қарори зарар қопланиши учун асос ҳисобланади.
Етказилган зарарни қоплаш мақсадида жамғармадан маблағ ажратиш учун Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоят, ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармаси суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори адлия бошқармасига тушгандан кейин икки кун муддатда жамғарманинг ижро этувчи дирекциясига мазкур қарорни илова қилган ҳолда буюртманома киритади. Шундан кейин дирекция буюртманома тушган кундан бошлаб икки кун мобайнида кўрсатилган маблағни адлия бошқармасининг шахсий ғазначилик ҳисоб-рақамига ўтказиб беради. Маблағ келиб тушган кундан бошлаб бир кун ичида адлия бошқармаси ушбу маблағни зарарни қоплаш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг тегишли ҳисоб-рақамига ўтказиб беради.
Унутмаслик лозимки, суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори асосида адлия бошқармаси томонидан нотариусни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиши низомда белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, адлия бошқармаси томонидан қопланган сумма кейинчалик аксинча талаб (регресс) тартибида нотариусдан ундириб олиниши лозим. Юридик ва жисмоний шахсга етказилган зарар қоплангандан сўнг икки кундан кечикмай адлия бошқармаси нотариусга аксинча талаб (регресс) билан мурожаат қилади. Нотариус юридик ва жисмоний шахсга етказилган зарарни тўлаш учун адлия бошқармаси қилган харажатни белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қоплаш ҳуқуқига эга. Нотариус томонидан зарарни қоплаш адлия бошқармасининг шахсий ғазначилик ҳисоб-рақамига пул маблағлари киритиш йўли билан амалга оширилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам зарарнинг нотариус томонидан бошқа шаклда қопланишига йўл қўйилмайди.
Меҳнат кодексининг 207-моддасига мувофиқ, нотариусдан ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган етказилган зарар суммасини ундириш адлия бошқармаси раҳбарининг буйруғига биноан амалга оширилади. Буйруқ юридик ва жисмоний шахсга етказилган зарар адлия бошқармаси томонидан қопланган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай қабул қилиниши керак. Нотариус билан меҳнат шартномасининг тугатилиши уни зарар ва тегишли харажатларни қоплаш мажбуриятидан озод қилмайди. Мазкур тартиблар нотариал фаолиятни юритаётган нотариусдан юқори билим, меҳнат тажрибасини ва қонунийлик принципига доимо амал қилишни талаб этади.
Ижтимоий-иқтисодий муносабатлар жадаллик билан ривожланаётган бугунги пайтда нотариат институтига қаратилаётган эътибор жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган ҳар қандай битим ва шартноманинг қонуний асосларга эга бўлишига, юридик жиҳатдан мустаҳкамланишига, шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтиришга хизмат қилади.