Yangi hujjatlar

Қонунчилигимизга уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси киритилди

2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Мазкур ҳужжат асосида, 9 та Кодекс, 19 та Қонун ва 1 та Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси киритилди.

Жумладан, ЖПКнинг “Эҳтиёт чораларининг турлари” деб номланган 237-моддасига “уй қамоғи” ҳам қўшилиб, эҳтиёт чораларининг жами сони 7 тадан 8 тага кўпайтирилди.

УЙ ҚАМОҒИ ҚАЧОН ҚЎЛЛАНИЛАДИ?

Уй қамоғи ҳақида маълумот бериш мақсадида ЖПКга 242-1-модда (прим бир) қўшилди.

Мазкур моддага кўра, уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.

УЙ ҚАМОҒИ ЎЗИ НИМА?

Уй қамоғи гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидир.

УЙ ҚАМОҒИДА ҚАНДАЙ ТАҚИҚЛАР БЎЛАДИ?

Ўзига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсга қуйидаги тақиқлар (чекловлар) ўрнатилиши мумкин:

1) муайян шахслар билан алоқада бўлиш;
2) хат-хабар олиш ва жўнатиш;
3) ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш;
4) уй-жойни тарк этиш.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи барча тақиқларга (чекловларга) ёхуд улардан айримларига дучор этилиши мумкин.

УЙ ҚАМОҒИДАГИ ШАХС ҚАНДАЙ НАЗОРАТ ҚИЛИНАДИ?

Қамоққа олинганнинг яшаш жойи қўриқланиши мумкин. Зарур ҳолларда унинг хулқ-атвори устидан назорат ўрнатилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг уй-жойидан чиқиши бўйича ўрнатилган тақиқларга (чекловларга) риоя этиши устидан назорат амалга оширилаётганда ички ишлар органи унинг яшаш жойида бўлишини сутканинг исталган вақтида текширишга ҳақли.

Текшириш кундузги вақтда кўпи билан бир марта ва тунги вақтда кўпи билан бир марта ўтказилади.

Зарур ҳолларда, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсга нисбатан электрон кузатиш воситалари қўлланилиши мумкин.

Уй қамоғини ижро этиш гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яшаш жойидаги ички ишлар органи зиммасига юклатилади.

УЙ ҚАМОҒИНИ КИМ ҚЎЛЛАЙДИ?

Уй қамоғи фақат судлар томонидан қўлланилади. Бунинг учун прокурор, прокурорнинг розилиги билан терговчи уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатади ҳамда мазкур илтимоснома судга юборилади.

УЙ ҚАМОҒИНИНГ МУДДАТИ ҚАНЧА?

Уй қамоғининг муддати қамоқ тарздаги эҳтиёт чораси билан бир хил. Яъни жиноятлар тергов қилинаётганда уй қамоғи муддати кўпи билан уч ойни ташкил этади.

Уй қамоғининг қонун нормаларида белгиланган уч ойлик муддатини:

5 ойгача — Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ёки вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг;

7 ойгача — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг;

9 ойгача — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг;

бир йилгача — алоҳида мураккаб ишлар тергов қилинаётган ҳолларда оғир ҳамда ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланаётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг илтимосномасига биноан узайтириш имкони суд томонидан кўриб чиқилади.

Муддатни яна узайтиришга йўл қўйилмайди.

АГАР УЙ ҚАМОҒИДА ЎРНАТИЛГАН ТАҚИҚЛАР БУЗИЛСА НИМА БЎЛАДИ?

Ўрнатилган тақиқлар (чекловлар) уй қамоғида бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи томонидан бузилган тақдирда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (21)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига