Жорий йилнинг 26 февраль куни “Ёшлар ижод саройи”да “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан 2014 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2015 йил истиқболли режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда, ҳаракатнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда Ҳаракат Марказий Кенгаши, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуман давомида Ҳаракат тизимлари томонидан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”, “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар ва 2015 йилга мўлжалланган истиқболли режалар ҳақида журналистларга батафсил маълумот берилди.
Матбуот анжуманида Ҳаракат лойиҳалари самарадорлигининг ошишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”нинг ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланди.
7 та бўлим, 67 банддан иборат Дастурни 30 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорликда ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори, жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратишга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.
Ҳаракат мазкур Дастурнинг 24 та бандида асосий, 42 та бандида ҳамкор сифатида, ижтимоий шериклик асосида ташкил этилган ҳар бир лойиҳанинг қамрови кенгайиши ва сифатини ошишига хизмат қилди.
Ҳаракат тизимлари томонидан ҳисобот даврида жами 33,6 мингта (2013 йилда 28 мингта) тадбир ташкил этилиб, 18,7 млн. (2013 йилда 11,4 млн.) нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Жумладан, ёшларни ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан 4 мингга яқин учрашувлар ташкил этилиб, унга 300 мингга яқин ёшлар жалб этилган. Шунингдек, ёшларга оид қонунчилик юзасидан бошланғич ташкилотлар фаолллари ва етакчилар томонидан 300 га яқин таклифлар берилиб, сайлов қонунчилигини тушунтириш юзасидан иқтидорли талабалардан иборат тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Маънавий-маърифий йўналишда Республикамизнинг барча ҳудудларида Ёшлар фестиваллари ташкил этилиб, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда қадриятларимизни тарғиб этишга хизмат қиладиган янги лойиҳалар амалиётга самарали татбиқ этилди. “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси доирасида 45 турдаги 221 мингдан ортиқ китоблар чоп этилиб, Ҳаракатнинг бошланғич ташкилотларида “Камолот” кутубхоналари фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳаракатнинг негизи бўлган бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўналишида энг намунали бошланғич ташкилотлар ва уларнинг етакчиларини рағбатлантиришга қаратилган уч босқичли ўқув-семинарлар ва республика Форуми ташкил этилиб, уларга жами 13,5 мингга яқин етакчилар жалб этилди.
Ёшларнинг таклифи асосида, Ҳаракат тизимларида фаолият юритувчи раҳбар ва масъул ходимларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган вазифаларни тизимли ташкил этиш” бўйича махсус дастур асосида ўқитилиши тизимли йўлга қўйилди.
Ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилган “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловларида ўтган йил давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иштироки 3,5 баробарга ортди. Хусусан, танлов ғолибларига 15,7 млрд. сўм имтиёзли кредит олишга тавсияномалар берилиб, 1 100 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Спорт ва ўсиб келаётган авлоднинг жисмоний тарбиясини ривожлантириш йўналишида спортнинг 12 тури бўйича ташкил этилган лойиҳаларда 2,5 млн.дан ортиқ ёшлар (шундан, 552 мингдан ортиғи қизлар) қатнашди. 2014 йилда Ҳаракатнинг таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлари ўртасида спортнинг футбол, футзал, шарқ яккакураш турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўналишида “Тоза қўллар”, “Ёшлар чекишга қарши!”, “Ёшлар эко ҳаётни танлайди” каби янги лойиҳалар доирасида барча туман ва шаҳарларда мунтазам фаолият олиб борадиган кўнгилли ёшлардан иборат соғлом турмуш тарғиботчилари шакллантирилиб, улар учун семинар-тренинглар ташкил этилди.
Ёшлар сиёсатига оид Дастурга асосан мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 йилнинг 1 январига қадар 50 та ёш оилаларга “Камолот” уйлари топширилди.
Матбуот анжуманида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Ҳаракат томонидан республикамизнинг барча таълим муассасаларида 120 минг нафардан ортиқ ёшлардан иборат 12 мингга яқин “Нуронийлар эъзозимизда” ёшлар патронаж гуруҳларини ташкил этиш белгиланган. Мазкур гуруҳлар томонидан ҳудудларда истиқомат қилувчи 10 мингдан зиёд уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, 30 мингга яқин ёлғиз қариялар ва ногирон кексалар ҳолидан мунтазам равишда хабар олиниб, уларнинг кундалик юмушларига кўмаклашилади.
Матбуот анжумани доирасида Ҳаракат фаолияти ҳамда йирик лойиҳалар лавҳалари акс этган “Камолот билан ҳаракатдамиз” фотокўргазмаси, шунингдек, “Камолот” кутубхонаси туркуми остида чоп этилаётган китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Анжуман якунида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши томонидан 10 нафар фаол ёш оилаларга “Камолот” уйларини олиш ҳуқуқини берувчи тавсияномалар топширилди.