Yangi hujjatlar

Катта суҳбат кейинга қолди

КАТТА СУҲБАТ КЕЙИНГА ҚОЛДИ
Рустам РАМЗИДДИНОВ, «Advokat» журналининг махсус мухбири
“Адвокат”, 2009 йил 1-сон.

Адвокатлик касби ҳам мароқли, ҳам машаққатли, ҳам масъулиятли касблардан бири. Унинг зиммасига инсон ҳуқуқи, унинг тақдири, қонун билан қўриқланадиган эрк ва манфаатларини ҳимоя қилишдек залвори катта вазифа юклатилган. Бу вазифани амал-тақал «кун ўтса бўлди» қабилида бажариб юрганлар ҳам бор, жонини жабборга бериб, ўз ҳимоясидаги шахснинг тақдирини, ҳаёт-мамотини, унинг ҳақ ва ҳуқуқларию, азоб-уқубатларини ўзиникидек билиб, фидоий ишлаётган адвокатлар ҳам талайгина.

Ана шундай фидоий «ҳимоячи»лар ҳамиша эл ардоғида, юрт назарида, Ватан эъзозидадир.

Суҳбатдошимиз Андижон вилояти Адвокатлар ҳайъати адвокати, «Шуҳрат» медали соҳиби Ҳамиджон Жамолов ана шундай, ўзгалар азобини ўзиники, деб, қувончига шериклигидан ғурурланиб, шу соҳада 30 йил тер тўкиб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Номдор адвокат тез тилга тушади. Аммо, ана шу номдорликка эришгунга қадар анчагина машаққатли йўл босиб ўтишига тўғри келади. Айниқса, бор ишонч-умидини сенга тикиб турган инсонларнинг ишончини қозониш, умиди ушалишига эришиш, ҳамиша ҳам осон кечавермайди. Бунинг учун аввало чуқур назарий билимга эга бўлиши, ҳаётий тажриба орттириши, янги қонун-қоидалар-у, қонунга киритилаётган қўшимча-ўзгартишларни ўз вақтида ўзлаштириб, амалиётга тадбиқ эта билиши лозим. Қисқаси, жон куйдириши, ўқиш-ўрганишдан чарчамаслиги даркор. Ҳамиджон Жамолов билан унчалик яқиндан танишмасмиз-у, ҳарқалай, у инсоннинг фидоийлиги ҳақида кўп эшитганларим бор.

Мукофот сабаб бўлди-ю, Ҳамиджон Жамолов билан бир суҳбатлашиш истаги туғилди.

Маълумки, номдор адвокатнинг на тиними, на қў­ними бўлади. Буни туманма-туман, судма-суд югуриб, яна талай идора-ю, мансабдорлар қўлидан хат-ҳужжат йиғиш азобини бошидан ўтказганларгина тушунади. Бундай паллада у кишини кундузи иш жойидан топиш амри маҳол. Шу мулоҳаза-ю истиҳола билан тонг сахарда Ҳамид акага қўнғироқ қилдим. Қисқа салом-алик ва танишувдан сўнг мукофот билан табриклаб, муддаога ўтдим. Ҳамиджон Жамоловнинг гап-сўзидан сездимки, вақти зиқ, иши кўп…

— Узр, дўстим, — деди Ҳамид ака, — худди эски қадр­донлардек, — бугун чекка туманларда иккита судим бор, иккаласи ҳам бугун якунланиш арафасида. Тунги соат 2 да бошлаган ҳимоя нутқимнинг бирини якунладим, иккинчисини тугатиб қўяй, фикр қочмасин, сўнг ўзим қўнғироқ қиламан, — дедилар.

Кутдим, орадан 1,5 соат ўтиб, вақт эрталабки 8 га яқинлашди. Ҳамид акадан дарак бўлмади. Ўзим яна қўнғироқ қилдим. Аммо бу сафар гўшакни Ҳамид аканинг турмуш ўртоғи олди ва қисқагина қилиб, «процессга шошилиб кетдилар, кечқурун ўзлари қўнғироқ қиладилар», деди.

Бундай пайтда адвокатнинг ҳолатини худди тик қояда машаққат билан чўққига яқинлашиб қолган альпинист­нинг ва шоир «қиличнинг дамидек арқон устида кўзларини боғлаб юрибди дарбоз» деб ёзганидек дорнинг охирига етай, деб қолган дарбознинг ҳолатига, унинг ёзган «Ҳимоя нутқи»ни эса мухбирнинг юрак қийноғи-ю, сўз қаймоғи ва ақл чироғи билан ёзган танқидий мақоласига ўхшатиш мумкин.

Нима бўлганда ҳам, Ҳамиджон Жамоловга ғойибдан омад тилаб, кечки қўнғироғини кутдим.

Тунги соат 22.30 лар чамаси Ҳамид ака қўнғироқ қилиб қолди. Салом-аликни насия қилиб «результат»ни сўрадим. Ҳамид ака толиққан, қисман асабий, қисман қувонч аралаш, «бирида ютдик, бирида ютқаздик. Энди «апелляция»га жиддий тайёргарлик кўришим керак», — деди…

Билдимки, адвокатнинг яна юмуши кўпайди, том-том «дело»ни яна қайтадан ҳижжалаб ўқийди, гувоҳлар кўрсатмаси-ю, айблов хулосаси, ишнинг ҳақиқий ҳолати-ю судьянинг эътиборидан четда қолган асосий далиллар устида «юрак қийноғи»ни ўтказади, «ақл чироғи» билан қонуний далилларни қидиради, «сўз қаймоғи» билан «апелляция шикояти» ёзади.

Ҳамид акага ҳам далда бериш, ҳам кайфиятини кўтариш учун ҳазил қилдим:

— Ҳамиджон ака, хафа бўлманг, бирида ютибсизку, иккинчисига апелляция бор, жа бўлмаса «назорат»да кўрасизда! — Хуллас, бизнинг суҳбатимиз ҳам журналнинг ке­йинги сонига қоладиганга ўхшайди, — дедим яна.

— Худди шундоқ, вақт зиқ, иш кўп, катта суҳбатни кейинга қолдирсак, нима дейсиз, — деди Ҳамид ака вақтини қизғаниб. Наилож…

Шундай қилиб, «катта суҳбат» кейинга қолди. Мана шундай масъулиятли ва машаққатли изланишлари, ўз касбига фидоийлиги учун эл ардоғи, юрт назари ва Ватан эътиборига тушган Ҳамиджон Жамолов мустақиллигимизнинг 17 йиллиги байрами арафасида Ватанимиз равнақи, юртимиз фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун Президентимизнинг Фармони билан давлатимизнинг юксак мукофоти «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Ҳамиджон Жамоловни чин юракдан муборакбод этиб, ишларига омад, ўзларига мустаҳкам саломатлик тилаб қоламиз.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига