Yangi hujjatlar

«Кўзи очилмаган» йигит

«КЎЗИ ОЧИЛМАГАН» ЙИГИТ
Мирзо ҲАМДАМОВ, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори
“Huquq” газетаси, 2013-06-26. Манба

Пойтахтдаги машина бозори одатдагидек гавжум. Турли русумдаги автомашиналар олдида одамлар куймалашиб юришибди. Қашқадарёдан автомашина олиш ниятида бу ерга келган Қ.Ваҳобов ҳам бозор оралаб юрибди. Ўзига маъқул уч-тўрттаси билан савдолашиб кўрди, аммо нархи тўғри келмади. Машина олишдан умидини  узиб, уйига қайтмоқчи эди, 40 ёшлардаги бир кимса уни четга тортди.

— Ҳа, ака, кўнглингиздагиси учрамадими?

— Борку-я, қимматроқ. Чўнтак кўтармайди.

— Содда экансиз. Бу ердан мўлжалдагисини олишингиз қийин. Ахир аксарияти олибсотарлар бўлса…

— Майли, кейинги бозор тушарман. Омон бўлинг…

— Шошманг, агар ростдан ҳам машина олиш ниятингиз бўлса, менда биттаси бор. Хоҳласангиз, олиб бориб кўрсатаман. Ёқса, нархини келишамиз. Нима дедингиз?

— Қанақа машина?

— “Эсперо”. Йили эскироқ. Аммо яхши сақланган.

— “Иномарка” экан, қиммат бўлса керак? Менда унча пул йўқ. Машинангиз шу ердами?

— Машина уйда, Сирдарёда. Бу ерга олиб келишдан наф йўқ. Биринчидан, фалон пул тўлаб кирасиз. Кейин, ҳозир айтганимдек, олибсотарлар дарров ёпишиб олишади. Бошингизни қотириб, арзимаган нархга баҳолашади. Бунақаларга сотгандан кўра, сизга ўхшаганларга текинга берган афзалмасми? Шароитингиздан келиб чиқиб, сизга таклиф қилдим. Сиз аввал бориб кўринг, бу ердагидан анча арзон қилиб бераман. Ахир савоб ҳам керак-ку?! Нима дедингиз, кетдикми? Яшанг, айтмоқчи исмингиз нима? Яхши, меники Шуҳрат…

Шу гапдан кейин икковлон йўлга чиқиб, маълум вақтдан сўнг Гулистон шаҳрига етиб келишди. Бир уйнинг ёнида машинадан тушишгач, Шуҳрат дарвозани тақиллатди, аммо ҳеч ким жавоб бермади.

— Аксни қаранг, уйда ҳеч ким йўқ экан. Майли, шу ердан ҳам яхши кўринади. Ана қаранг, турибди…

Қ.Ваҳобов дарвоза четидаги ёриқдан ичкарига мўралади. Сал нарида турган оқ ранг­ли автомашинани кўриб, Шуҳратга юзланди:

— Ёмонга ўхшамайди. Нархи қанча экан?

— Тошкентдан шу ергача сизни олиб келиб, ёмон машина кўрсатармидим. Айтдим-ку, яхши сақланган, деб. Майли, сиз 10 миллион берақолинг.

— Сал қиммат эмасми? Иложи бўлса, озроқ туширинг. Менда бор-йўғи 8 миллион бор, холос.

Бу гапни эшитган Шуҳрат ўйлаб кўришини айтиб, унинг уй манзили билан телефон рақамини ёзиб олди-да, ҳар эҳтимолга қарши паспортининг нусхасини ҳам сўради. Шу билан хайрлашишди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Шуҳрат Қ.Ваҳобовнинг уйига машинани ҳайдаганча кириб келди.

— Мана ака, ваъда-ваъда. Машинани олиб келдим, бемалол кўришингиз мукин.

Уйдагилар машинани обдон кўздан кечиришди. Маъ­қул бўлди, шекилли, Қ.Ваҳобов Шуҳрат билан савдолашишга киришди. Бироз тортишувдан сўнг 8 миллион сўмга келишишди-да, Қ.Ваҳобов уйга кириб, пул олиб чиқиб, Шуҳратга тут­қазди:

— Мана, биз ҳам сўзимизда турамиз. Бу машинанинг пули. Бемалол санаб олишингиз мумкин. Қачон расмийлаштирамиз?

— Аммо сизга қойилман. Бир сўзлик экансиз. Мен ҳам сизни овора қилмаслик учун бир иш қилиб келганман.

У шундай, дея ёнидан аллақандай қоғозларни олиб, хонадон эгасига узатди:

— Бу транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси. Буниси эса машинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома. 3 йилга тузилган. Шу қоғоз билан бемалол машинани ҳайдаб юрсангиз бўлади.

— Буларни қандай тўғриладингиз, ахир мен ҳеч қаерга бормадим-ку, — ҳайронлигини яширмади Қ.Ваҳобов.

— Ҳақиқатан ҳам содда экансиз. Шу жиҳатингиз менга жудаям маъқул бўлди. Машинани сизга сотиб янглишмабман. Буюрсин, яхши кунларда миниб юринг. Энди гапни эшитинг, ўтган ҳафта паспортингиз нусхасини сўраб олгандим, эсингиздами? Ҳа, яшанг. Шундай экан, Гулистон шаҳридаги таниш нотариусдан сизнинг номингизга ишончнома қилдириш қийин иш бўлибдими? Уч йилдан кейин келиб, машинани сизнинг номингизга тўлиқ расмийлаштириб кетаман. Энди менга жавоб…

Шуҳрат бу сафар ҳам ваъдасига вафо қилди. Уч йилдан кейин келиб, Қ.Ваҳобовнинг номига расмийлаштириш учун машинанинг ҳужжатларини сўраб олди-да, бошқа қорасини ҳам кўрсатмади, қўнғироқ ҳам қилмади. Бу ҳолдан Қ.Ваҳобов ҳайрон бўлса-да, машина уйида турганлиги учун анча хотиржам эди. Бироқ, орадан бир йилга яқин вақт ўтиб, унинг хотиржамлигига “кўз тегди”. Аниқроғи, уйига тўсатдан кириб келган милиция ҳамда божхона хизмати ходимлари автомашинани текшириш учун олиб кетиб, жарима майдонига жойлаштиришди.

Нимага бундай бўлаётганини билиш учун у ерга борган Қ.Ваҳобов эса асл ҳақиқатни билгач, эсанкираб қолди. Маълум бўлишича, “Эсперо”га тақилган давлат белгиси бошқа русумли автомашинага тегишли бўлиб, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси-ю ундаги муҳр ҳам компьютер ёрдамида тайёрланган экан. Бузуқ ҳолатдаги бу автомашинанинг айрим қисмларини эса Ш.Суяров бир фуқародан сотиб олиб, давлат белгиси билан ҳужжатларини ҳам вақтинчага сўраб олади ва давлат белгисини “Эсперо”га тақиб, сотиб юборади.

Афсуски, Қ.Ваҳобов Шуҳрат Суяровнинг фирибгарлигидан жабр кўрган ягона одам эмас. Нишон туманида истиқомат қилувчи А.Чориев пойтахтдаги машина бозорида Ш.Суяров билан танишиб қолади-да, кўп ўтмай Шуҳрат унинг уйига келиб, қарзга 500 АҚШ доллари олиб кетади. Кўп ўтмай қўнғироқ қилиб, 2 минг АҚШ доллари сўрайди ва гап орасида бир дўстининг “Нексия” автомашинасини арзон нархда олиб беришни ваъда қилади. Автомашинага қизиққан, қолаверса, “Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш”, деганларидек, А.Чориев бу сафар ҳам унга ёрдам қўлини чўзади. Маълум вақт ўтиб, яна машина бозорига келган А.Чориев бу ерда Ш.Суяровни учратиб қолиб, қарзни қайтаришни сўрайди. Ш.Суяров унга арзон-гаровга машина олиб беришни ваъда қилганини эслатиб, бозор ташқарисида турган “Нексия” автомашинасини кўрсатади. Автомашина А.Чориевга маъқул келгандан сўнг, баҳосини 8 минг АҚШ долларига келишишади ва у ҳозирча 2 минг 500 АҚШ доллари миқдорда пули борлигини, қолганини кейинчалик тўғрилаб беришини айтади. Ш.Суяров унинг гапига кўниб, пулни олади ва 2 йил муддатга машинани бошқариш учун ишончнома тайёрлаб беради ҳамда автомашинани унга бериб юборади.

Ушбу ҳолатда ҳам “Нексия” автомашинасининг давлат белгиси бошқа машинага тегишли бўлиб, ҳужжатлар ҳам компь­ютер воситаси ёр­дамида тайёрланади.

Ш.Суяровнинг алдовига учганлардан яна бири Э.Ишмуратов бўлиб, у “Нексия” автомашинасини 3 минг 200 АҚШ долларига сотиб олади. Аммо автомашина нима учун бунчалик арзон эканлиги билан қизиқиш кераклигини хаёлига ҳам келтирмайди.

Айнан ўша кезларда Ш.Суяров М.Азизова билан танишиб, арзон-гаровга автомашина олиб беришни ваъда қилади ва унинг 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулини олиб, нафақат автомашина олиб беришни, балки пулни қайтаришни ҳам хаёлига келтирмайди…

Бугун аксарият юртдошларимиз тадбиркорлигу ишбилармонлик билан фаолият юритиб, нафақат ўзларининг, балки мам­лакат ривожига ҳам қўлдан келганча ҳисса қўшмоқдалар. Ўз навбатида ҳукуматимиз томонидан уларга қулай шарт-шароитлар яратиб берилган. 1973 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Ш.Суяров бўлса бу йўлдан кетишни, яъни ҳалол меҳнат орқали рўзғор тебратишни хоҳламади. Муқаддам бир неча бор шу турдаги қилмишларни содир этиб, судланган бўлса-да, “кўзи очилмади”. Уддабуронлигидан тўғри фойдаланмай, аксинча, алдов ор­қали чўнтагини қаппайтиришга ружу қўйди. Бу йўлда юқорида ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришдан  ҳам тап торт­мади. Охир-оқибат яна суднинг қора курсисидан жой олди ва қилмишларига яраша тегишли жазога тортилди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (3)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига