Сурхондарё вилоятидан ўз мухбиримиз хабар қилади.
“Адвокат”, 2009 йил 2-сон.
Жорий йилнинг 27-28 март кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз ва Денов туманларида бўлиб ўтган «Қишлоқ аҳолисига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш масалалари: ҳуқуқий асослар ва тажриба» мавзусидаги семинарлар ҳам айнан мамлакатимизда эълон қилинган «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» муносабати билан қабул қилинган тадбирлар дастурини амалиётга тадбиқ этиш ва мазкур йилда қишлоқ аҳолисига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш масалаларига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур семинарларда Сурхондарё вилоятининг тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, адлия, адвокатура, прокуратура идоралари, жамоат ташкилотлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш ва ҳуқуқий давлат асосларини шакллантириш мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг пировард мақсади десак муболаға бўлмайди. Мустақиллик йилларида миллий ва бой тарихий давлатчилигимиз анъаналари асносида яратилаётган ҳуқуқий тизимимизда энг аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга ҳамда уларнинг ҳуқуқий ёрдамга бўлган эҳтиёжларини таъминлашнинг қонуний асосларини яратишга катта эътибор қаратилиб келинмоқда.
Йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бу борада қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, Юртбошимизнинг асарлари ва маърузалари мазмун моҳиятини аҳоли ўртасида кенгроқ тушунтириш ишлари изчиллигини оширишга, қабул қилинган қонунлар моҳиятини оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилишни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Сўзга чиққанлар қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари юзасидан фуқароларнинг таклифларини ўрганишни ташкил этиш, ҳуқуқий йўналишдаги мақола ва чиқишларни халқимизга тушунарли, содда тилда баён этиш — аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидладилар. Шунингдек йиғилишда аҳоли ўртасида ҳуқуқий мавзудаги давра суҳбатлари фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари билан оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамкорлигида кўпроқ савол-жавоб ва очиқ мулоқотлар шаклида ташкил этилиши лозимлиги таклиф этилди.
Аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мавзусига доир ўтказилган мазкур семинарда депутатлар Қонучилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларнинг мазмун моҳияти ҳақида йиғилганларга атрофлича сўзлаб беришди ва уларнинг саволларига жавоб қайтаришиб йиғилиш ғоят самарали ўтганлигини таъкидлашди.