Yangi hujjatlar

Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Ушбу Қонун асосида 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиш учун талаб қилинадиган шартлар баён қилинди. Унга кўра, эндиликда йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловни, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Қонун асосида кимлар Марказий сайлов комиссияси аъзоси бўла олмаслиги ҳам белгилаб қўйилди. Унга кўра, қуйидаги шахслар Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас:

  • оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари;
  • Миллий хавфсизлик хизматининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;
  • диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси тегишли гувоҳномага эга бўлиши белгиланди.

Марказий сайлов комиссияси Раиси ва унинг ўринбосарининг гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Марказий сайлов комиссияси бошқа аъзоларининг гувоҳномаси эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси томонидан имзоланади.

Бундан ташқари Қонунга Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принципларини шарҳловчи қуйидаги нормалар киритилди:

2-1-модда. Мустақиллик

Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мойиллар ва бошқа ёт таъсирлардан ҳоли бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради.
Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

2-2-модда. Қонунийлик

Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, сайлов, референдум тўғрисидаги қонунларга ҳамда бошқа қонунларга амал қилади.

2-3-модда. Коллегиаллик

Масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш Марказий сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади.

2-4-модда. Ошкоралик

Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини ошкора амалга оширади. Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари очиқ ўтказилади.
Марказий сайлов комиссияси мажлисларида сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан ва ҳаракатлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

2-5-модда. Адолатлилик

Марказий сайлов комиссияси номзодларни, сиёсий партияларни сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар билан таъминлаш, сайловга, референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов, референдум якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига