2013 йил 29 октябрь куни “Наманган давлат университети фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарорда Наманган давлат университети фаолиятини ўрганиш натижалари бўйича бир қатор камчиликлар ва муаммолар аниқланганлиги таъкидланган.
Хусусан, Университетда илм-фан етарлича ривожланмаяпти, университет битирувчиларининг асосий иш берувчилари — касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва мактаблар билан самарали ҳамкорлик ўрнатилмаган. Университетда маънавий-маърифий ишларни ташкил этишга тизимли ёндашув мавжуд эмас. Университетнинг профессор-ўқитувчилари томонидан хорижий тилларни ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини эгаллаш даражаси ўта қониқарсиз.
Ўқув-тарбия жараёнини ва илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишда, кадрларни жой-жойига қўйишда йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун Наманган давлат университетининг ректори Й. Раҳимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги қайд этилган.
Шунингдек, Қарорда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги раҳбарияти томонидан зарур даражадаги эътиборнинг мавжуд эмаслиги Наманган давлат университети фаолиятидаги юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликларнинг сабаби эканлиги кўрсатилган.
Махсус тузилган комиссия томонидан бир ой муддат ичида Наманган давлат университети раҳбар кадрлари ва профессор-ўқитувчилар таркиби аттестациядан ўтказилади, унинг натижалари бўйича уларнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги даражаси аниқланади, университетни замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали раҳбар ва илмий-педагог кадрлар билан таъминлаш чора- тадбирлари кўрилади.
Наманган давлат университети раҳбар кадрлари ва профессор-ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш ҳамда фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурининг бажарилиши мониторингини олиб бориш комиссияси қуйидаги таркибда ташкил этилди:
1. Икрамов А.И. — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Комиссия раиси
2. Ходиев Б.Ю. — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Комиссия раисининг ўринбосари
3. Болтабоев М.Р. — Вазирлар Маҳкамаси Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот- таҳлил департаменти мудири
4. Муродов О.Б. — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари
5. Алимухамедов Б.Б. — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари
6. Куранбоев К.К. — Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари
7. Исмаилов Б.М. — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори
8. Шерматов Ш.Х. — Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг ўринбосари
9. Қўчқоров Ж.А. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари
10. Тохиров Б.Б. — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг бошқарма бошлиғи
11. Жалолов Ҳ.С. — Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари
12. Пўлатов М.Э. — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи
13. Хакимов Х.И. — Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети проректори
14. Содиқов Б.О. — Тошкент давлат техника университетининг кадрлар бўлими бошлиғи, Комиссия котиби
Қарорнинг расмий матни билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари Миллий базасида танишишингиз мумкин.