2015 йил 26 май куни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси раиси Ш. Мирзиёев “Қонунга хилоф равишда муомалада бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Қарорга кўра, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш чораларини янада кучайтириш мақсадида қонунга хилоф равишда муомалада бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқланди.
Шунингдек, Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг 2010 йил 6 апрелдаги 10/10-сонли «Қонунга хилоф равишда сақланганлиги ёки муомалада бўлганлиги аниқланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг миқдорини кўп бўлмаган, озгинадан кўпроқ ва кўп миқдорга мансублигининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилди.
Иловадаги рўйхат асосида Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган ва чекланган 302 та турдаги гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати ҳамда уларнинг кўп бўлмаган, озгинадан кўпроқ ҳамда кўп миқдорлари тасдиқланди.
Рўйхатга эътибор берсак, кўпчилик учун таниш бўлган гиёҳвандлик воситаларидан героиннинг кўп бўлмаган миқдори 0,001 грамм, озгинадан кўпроқ миқдори 0,001-0,005 грамм ҳамда 0,005 граммдан юқори бўлган миқдор эса кўп миқдор сифатида белгиланди. Кўкнори хашаги 5 грамм (кўп бўлмаган), 5,0-50,0 грамм (озгинадан кўпроқ миқдори), 50,0 граммдан юқори (кўп миқдор) сифатида белгиланган. Кокаин бутаси учун эса 20,0 грамм (кўп бўлмаган), 20,0-250,0 грамм (озгинадан кўпроқ миқдори), 250,0 граммдан юқори (кўп миқдор) сифатида белгилаб берилган.
Изоҳ: Қонунга хилоф равишда муомалада бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг «кўп бўлмаган» миқдордан кам миқдорлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган «оз миқдор» деб ҳисобланади.
Гиёҳвандлик воситалари материалларга (тампон, дока, бинт ва бошқаларга) шимдирилган кўринишда бўлса, материалдаги гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модданинг экстракцияси амалга оширилади ҳамда унинг миқдори қуруқ қолдиғига кўра аниқланади.
Замбуруғларнинг мевали танасининг миқдори у доимий оғирликкача қуритилгандан сўнг аниқланади.