Yangi hujjatlar

Нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ низолар

НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОЛАР
Шерали Тошев, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг раиси
Олий суд ахборотномаси, 2010 йил 3-сон.

Амалдаги қонунларда мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи омиллардан бири – мерос ҳуқуқи давлат ҳимоясида эканлиги эътироф этилиб, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қатъий белгилаб қўйилган.

Нотариал идоралар томонидан расмийлаштирилаётган кўчмас мулкка оид олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномалари турларининг кўпайгани фуқароларимизнинг ҳуқуқлари тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради. Ворислик ҳуқуқи аҳоли турмуш даражасининг ҳам маънавий, ҳам иқтисодий юксалиши билан боғлиқ. Мерос ҳуқуқи фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи билан ҳам бевосита алоқадор.

Мерос фуқаро вафот этган кундан унга тегишли бўлган мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бошқа шахсларга, яъни унинг ворисларига ўтиши демакдир. Юртимизда ворислик Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан икки хил тартибда: қонун бўйича ва васиятнома асосида вужудга келади.

Қонун бўйича ворислик мулк эгаси ўзига тегишли бўлган хусусий мулк тақдирини васиятнома қолдириб ҳал қилмаган, яъни вафот этганидан сўнг уни маълум бир шахс тасарруф қилишини белгиламаган ҳолларда, васият бўйича ворислик эса мерос қолдирувчининг ихтиёрига кўра, вужудга келади. Бугунги кунда васият бўйича ворислик тайинланганда, мерос қолдирувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларининг меросхўрлар ўртасида тақсимланиши, ворисларни белгилаш тартиби фақатгина мерос қолдирувчининг истаги билан амалга оширилади.

Фуқаролик кодексининг 1118-моддасига биноан мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ҳамда мерос очилганидан кейин тирик туғилган болалар васият ва қонун бўйича меросхўр бўлиши мумкин.

Амалдаги қонунда кетма-кетлик асосида амал қилувчи бешта меросхўрлар тоифаси белгиланган бўлиб, улар навбат бўйича мерос ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Мерос қолдирувчининг авлодлари, фарзандликка олинганлар, қон-қариндош муносабатлари билан боғланган бошқа шахслар ҳам қонун бўйича ворислик ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар ҳам қонун бўйича меросхўр бўлишга ҳақли. Ҳозирги амалиётда меросни қабул қилиб олиш бир томонлама битим бўлиб, меросга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома мерос­хўрларнинг аризасига кўра, олти ой ўтгандан кейин берилади. Мерос олинганда нотариус тегишли мол-мулк ёки бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлигини аниқласа, гувоҳномани юқорида кўрсатилган муддат тугамасдан олдин бериши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига кўра, меросхўр қонун ёки васият бўйича ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросхўрлар жумласига кирадиган бошқа шахслар фойдасига меросдан воз кечишга ҳақли. Бир неча меросхўрлар фойдасига меросдан воз кечилган тақдирда, уларнинг ҳар бирига тегадиган улушни меросхўр­нинг ўзи белгилаб бериши шарт. Акс ҳолда, меросдан воз кечган вориснинг мерос мулкидаги улуши барча меросхўрлар фойдасига кечилган ҳисобланиб, уларнинг барчасига тенг тақсимланади.

Баъзан фуқаролар ҳатто ўн йилдан сўнг ҳам ота ёки онадан мерос қолган кўчмас мол-мулк­ларни расмийлаштириб беришни сўраб мурожаат қиладилар. Масалан, фуқаро М. орадан 12 йил ўтгач, 1990 йилнинг 20 мартида отаси вафот этгани, унинг номида уй-жой борлиги ва ушбу меросни ўзига расмийлаштириб беришни сўраб, нотариусга мурожаат қилади. Нотариус мерос қолдирувчининг ундан бошқа яна 10 нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи борлигини аниқлаб, улар ҳам шу уй-жойнинг меросхўрлари эканини тушунтиради. М. эса ўзининг кенжа ўғил экани, опа-укалари ва онасининг бу уй-жойга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдиради. Аммо нотариус, амалдаги қонунчиликка асосан, барча меросхўрлар воз кечиш учун белгиланган олти ойлик муддатни ўтказиб юборганликлари ва улар хоҳлайдими-йўқми, энди меросни қабул қилиши лозимлиги, кейинчалик эса унга ҳадя қилиб беришлари мумкинлигини айтади.

Меросдан воз кечиш муддати амалдаги қонунчиликда олти ой қилиб чеклаб қўйилгани фуқароларнинг қайта-қайта ҳужжат йиғиши ва ортиқча ҳаражатлар қилишига сабаб бўлмоқда. Агар нотариусга меросхўрлар ўртасида ҳеч қандай низо йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ўз ҳиссасини олишдан воз кечмоқчи бўлган меросхўрлардан «меросни қабул қилиб олишни хоҳлайман ва келгусида ҳеч қандай мулкий ва моддий ҳақ даъво қилмайман», деган маънодаги аризани шахсан имзолатиб олиб, нотариал ҳаракатни амалга ошириш имкони берилса, фуқароларга анча енгиллик яратиларди. Ўз ўрнида, нотариус улушини олишдан бош тортган меросхўрларга бундай ариза кейинчалик бекор қилинмаслиги ва қайтариб олиниши мумкин эмаслигини тушунтириши лозим.

Амалиётда кўп учрайдиган яна бир ҳолатга тўхталиб ўтиш жоиз. Дейлик, икки нафар меросхўрнинг бири хорижий давлатда доимий истиқомат қилади. Ўзбекистонда яшаётган меросхўр эса, мерос қолдирувчи вафот этганидан кейин олти ойлик муддатни ўтказиб, нотариусга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришни сўраб мурожаат қилади ва акаси (бошқа меросхўр) чет элда яшашини ва унга мерос мулки керак эмаслигини айтади. Фуқаролик кодексининг 1151-моддасига кўра, агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган бўлса-ю, лекин юртидан узоқда бўлгани сабабли кела олмаган меросхўр олти ойлик муддат ичида меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар хабар қилинган вақтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ўзаро келишувга кўра, мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақли. Мана шу модда тегишли меросни ажратиб, яъни ўша ҳозир бўлмаган меросхўрнинг ҳиссасини очиқ қолдириб, меросни қолган меросхўрларга тенг расмийлаштириб бериш кераклигини назарда тутади. Бу ҳолатда ҳам ўша меросхўрлар «мерос мулкини идора этишга киришмадим, мулкни қабул қилмадим ва меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олишни хоҳламайман», деган мазмунда ариза олинса, адолат нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ бўларди.

Мерос мулкидаги ўз улушини расмийлаштирган меросхўр ҳозир бўлмаган меросхўрнинг улуши очиқ қолдирилгани сабабли ушбу мулкни тасарруф этишга кириша олмайди. Аммо меросни қабул қилган, белгиланган вақт­да ариза билан мурожаат этиб, ўз ҳиссасини расмийлаштирган фуқаронинг ҳуқуқи бузилган ҳисобланади. Чунки хорижга доимий яшашга кетган фуқаро ўз улушини расмийлаштиришга умуман келмаслиги ҳам мумкин. Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда, вақтида ҳозир бўлмаган меросхўрларнинг ўз ҳиссаларини расмийлаштирган меросхўрларга Фуқаролик кодексида кўрсатилган умумий даъво муддати узайтирилса яхши бўларди.

 

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (9)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига