Yangi hujjatlar

Нотариат: янги қонун, янги талаб, янги меъёрлар

НОТАРИАТ: ЯНГИ ҚОНУН, ЯНГИ ТАЛАБ, ЯНГИ МЕЪЁРЛАР
Улуғбек Алоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги
қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими
“Huquq va burch”, 2010 йил 9-сон. Манба

Мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Миллий қонунчилик тизимининг такомиллашуви ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигининг ошишига олиб келмоқда. Айни пайтда миллий ҳуқуқий тизимни, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2010 йилнинг 14 сентябрида оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ва шу кундан кучга кирган “Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам айнан шу мақсадда қабул қилинган. У 12-моддадан иборат бўлиб, 2010 йил 12 августда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 28 августда Сенат томонидан маъқулланган.

Ушбу қонун Ўзбекистон Президентининг 2010 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармонига асосан ишлаб чиқилган. Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Оила, Солиқ кодексларига, “Нотариат тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунларга ҳамда Олий Мажлиснинг 2001 йил 12 майда қабул қилинган “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги қарорига адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариатнинг ролини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Энг аввало, таъкидлаш жоизки, 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган “Нотариат тўғрисида”ги Қонунда нотариат институтининг ҳуқуқий мақоми ва фаолияти билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топди. 2010 йилнинг 5 майида Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши билан мамлакатимизда нотариат институти янада такомиллашди.

Ушбу қонун мазмунини янада кенгроқ шарҳлаш мақсадида уни икки гуруҳга ажратиш мақсадга мувофиқ. Биринчи гуруҳ бевосита нотариат институтини такомиллаштиришга қаратилган “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартишлардан иборат. Иккинчи гуруҳга эса хусусий нотариусларнинг тугатилиши ҳамда нотариал идоралар фаолиятининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар киради.

1996 йилнинг 26 декабрида қабул қилинган “Нотариат тўғрисида”ги Қонун II бўлим, 93-моддадан иборат бўлиб, бугунги кунга қадар унга 7 марта қўшимча ва ўзгартишлар киритилган. Айни пайтда ушбу қонунга яна қўшимча ва ўзгартишларнинг киритилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган муҳим ўзгартишлардан бири — 2010 йилнинг 5 майида Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши билан мамлакатимизда фаолият юритаётган хусусий нотариусларнинг тугатилиши ҳамда Ўзбекистон қонунларидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳақидаги нормаларнинг чиқариб ташланиши бўлди.

Шунингдек, аввалги таҳрирдаги қонундан фарқли равишда, мазкур қонунда нотариат тушунчасига қуйидагича таъриф берилди: “Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир”. Нотариатга берилган мазкур таъриф илгариги таърифдан қуйидаги жиҳатлари билан ажралиб туради:

а) нотариусларнинг қонунларда назарда тутилган ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни содир қилиши белгиланди;

б) нотариуснинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт экани қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, нотариусга берилган мазкур таъриф дунёдаги илғор давлатлар, жумладан, Россия, Франция, Германия, Латвия қонунларида берилган таърифга мазмунан яқиндир. Бу мамлакатимизда нотариат институти мазмун жиҳатдан янада такомиллашганидан далолат беради. Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасидан нотариуслар бўлмаган аҳоли пунктларида нотариал ҳаракатларни фуқаролар йиғинларининг раислари амалга ошириши ҳақидаги норма чиқариб ташланди. Нега деганда, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш махсус юридик билимларни талаб қилади. Айнан шу сабабли ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш мақсадида махсус ҳуқуқий билим ва малака талаб қиладиган барча нотариал ҳаракатлар нотариуслар томонидан амалга оширилиши мустаҳкамланди. Ушбу моддага киритилган муҳим ўзгартишлардан яна бири бошқа давлатлар ҳудудидаги нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон консуллари амалга оширишидир. Мазкур нормага киритилган ўзгартишнинг янгилиги шундан иборатки, илгариги таҳрирда бошқа давлатлар ҳудудидаги нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон консуллик муассасаларининг ушбу ҳаракатларни амалга ошириш ваколати берилган мансабдор шахслари амалга ошириши мустаҳкамланган, энди эса бошқа давлатлар ҳудудидаги нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон консуллик муассасаларининг ушбу ҳаракатларни амалга ошириш ваколати берилган мансабдор шахслари эмас, балки айнан консуллар амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Иккинчидан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига киритилган муҳим ўзгартишнинг мазмуни шундан иборатки, ходимлар таркибини ҳалол ва малакали мутахассислар билан кучайтириш мақсадида нотариусларга қўйиладиган малака талаблари кучайтирилиб, кимларнинг нотариус бўлиши мумкин ёки мумкин эмаслиги билан боғлиқ талаблар белгиланди. Унга мувофиқ нотариус:

— Ўзбекистон фуқароси бўлиши;

— Йигирма беш ёшдан кичик бўлмаслиги;

— Олий юридик маълумотга эга бўлиши;

— Юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлиши, жумладан, нотариал идорада камида икки йил стажировкани ўтаган бўлиши;

— Малака имтиҳонини топширган бўлиши шарт.

Таъкидлаш жоизки, нотариусга қўйиладиган талаблар хорижий давлатлар қонунчилигида турлича ифодаланган. Хусусан, Латвия қонунчилигига мувофиқ нотариус Латвия фуқароси бўлиши, 25 ёшдан кичик бўлмаслиги, олий юридик маълумотга эга бўлиши, давлат тилини билиши, юридик стажга эга бўлиши, шунингдек, камида икки йилгача нотариус ёрдамчиси бўлиши лозим. Германия қонунчилигига кўра, нотариус лавозимига фақатгина юксак шахсий хусусиятлар ва маҳоратга эга кишилар тайинланиши мумкин. Германия қонунчилигида нотариус лавозимини эгаллаш учун қатор махсус талаблар ҳам белгиланган. Унга мувофиқ, нотариус лавозимига адвокатлик ёки нотариат соҳасида беш йил фаолият юритган, шундан сўнгги уч йил мобайнида адвокат ёки нотариал идораларда ишлаган ҳамда икки йил амалиёт ўтаган шахсларгина даъвогарлик қилиши мумкин. Айни пайтда Германия “Нотариат тўғрисида”ги федерал низомига мувофиқ нотариус лавозимига тайинланадиган шахслар немис юридик атамашунослигини тўлиқ ўзлаштирган бўлиши шарт.

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Қонунига киритилган қўшимча ва ўзгартишларга мувофиқ қуйидаги шахслар нотариус бўлиши мумкин эмас:

— белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

— қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

— касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.

Учинчидан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган яна бир муҳим ўзгартишлардан бири нотариуснинг ёрдамчи ва стажёрга эга бўлиши мумкинлиги ҳамда уларга тегишли талабларнинг қонунда мустаҳкамлаб қўйилиши бўлди. Хусусан, юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон фуқароси нотариус ёрдамчиси бўлиши, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон фуқаросининг эса нотариус стажёри бўлиши мумкинлиги белгиланди. Шунингдек, нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия бошқармалари деб юритилади) томонидан амалга оширилиши ҳамда нотариус ёрдамчиси нотариуснинг топшириғига кўра нотариал ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этишга, битим, ариза ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тузишга, ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ва дубликатларини, улардан кўчирмаларни тайёрлашга, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш масалалари юзасидан тушунтиришлар беришга ҳақли эканлиги ҳам қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

Нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади. Айни пайтда нотариус бўла олмайдиган шахслар доираси ҳақидаги талаблар нотариус стажёрига нисбатан ҳам қўлланиши белгилаб қўйилди. Таъкидлаш жоизки, бир қатор ривожланган давлатлар, хусусан, Латвия, Нидерландия, Германия, Россия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда нотариус стажёри ва ёрдамчиси лавозимларининг жорий этилиши ва ҳуқуқий мақомининг қонунда белгилаб қўйилиши нотариал идоралар фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тўртинчидан, нотариуснинг ҳуқуқий мақомини янада кучайтириш ҳамда масъулиятини ошириш мақсадида “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга нотариуснинг қасамёд қилиш тартиби киритилди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси мажлисида тегишли мазмунда қасамёд қилиши ҳамда қасамёднинг матни ифода этилди. Нотариусларни танлаш ва лавозимга тайинлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш мақсадида малака комиссияларининг фаолияти, уларни тузиш тартиби ва ваколатлари белгиланди. Унга мувофиқ, стажировкадан ўтган шахслардан малака имтиҳонларини қабул қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари ташкил этилиши ҳамда улар Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари орасидан тенг миқдорда тузилиши белгиланди.

Шу билан бирга, нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш, малака комиссияларининг амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси тузилиши ва унга Ўзбекистон Конституциявий судининг, Ўзбекистон Олий судининг, Ўзбекистон Олий хўжалик судининг судьялари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари, адвокатура вакиллари кириши, Олий малака комиссиясининг шахсий таркиби Ўзбекистон Адлия вазири томонидан тасдиқланиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Бешинчидан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган муҳим қўшимча ва ўзгартишлардан яна бири нотариал иш юритиш ва ҳисобдорлик билан боғлиқ нормаларнинг такомиллаштирилиши ҳисобланади. Унга кўра қонун нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архивини юритиши шартлиги, шунингдек, нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач, Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги нотариал архивларга топширилиши кераклиги, Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги нотариал архивлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг дубликатлари ва реестрлардан кўчирмалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилиши ҳамда уларни берганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ ундирилиши билан боғлиқ қоидалар билан тўлдирилди. Айни пайтда Солиқ кодексининг 341-моддаси талабидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари давлат божи тушумларининг ҳисобини юритиши ва улар юзасидан давлат солиқ хизмати органларига ҳисобот тақдим этиши белгиланди. Шу билан бирга, нотариуслар фаолияти устидан назоратни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Адлия вазирлиги тасдиқлайдиган ягона намуна бўйича нотариуснинг муҳри тайёрланиши, муҳрнинг изи ва нотариус имзосининг намунаси Қорақалпоғистон Адлия вазирлигида, адлия бошқармаларида сақланиши ҳақидаги нормалар билан тўлдирилди.

Нотариуслар нотариал ҳаракатлар ва бевосита улар билан боғлиқ ҳуқуқий ва техник характердаги ҳаракатларни бажариш орқали юридик ёрдам кўрсатишини назарда тутиб, қонуннинг 17-моддаси нотариусларга давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни олиш, жисмоний ва юридик шахслар номидан тегишли давлат органларига мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун, шунингдек, ҳужжатларнинг чет элда амал қилиши учун мазкур органлар расмийлаштирган ҳужжатларни олган ҳолда уларни легаллаштириш учун мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳақидаги нормалар билан тўлдирилди.

Олтинчидан, нотариусларнинг мажбурий малака ошириш тизимини жорий қилиш мақсадида қонун нотариуслар зиммасига Ўзбекистон Адлия вазирлиги белгилайдиган тартибда беш йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши; қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни солиқ органига тақдим этиши ҳамда суд, прокуратура, тергов органлари талабига биноан мазкур органларнинг юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида маълумотномалар (маълумотлар) бериши билан боғлиқ қўшимча мажбурият юкловчи нормалар билан тўлдирилди. Ундан ташқари, нотариуснинг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида, касбий мажбуриятини бузганлиги оқибатида нотариус етказган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат томонидан қопланиши ҳақидаги норма киритилди.

Иккинчи гуруҳ, яъни, хусусий нотариусларнинг тугатилиши ҳамда нотариал идоралар фаолиятининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар жумласига қуйидагиларни киритишимиз мумкин:

Биринчи, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга ошиладиган нотариал ҳаракатлар махсус юридик билимларни талаб қилганлиги боис, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонундан шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар чиқариб ташланди. Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига аҳоли пунктлари ФҲДЁ органларидан узоқ бўлган ҳолатларда вафот этганларни дафн этиш масаласини тезкорлик билан ҳал этиш, шунингдек, Фуқаролик кодексининг 137-моддасига асосан, фуқаролар йиғинларининг раислари баъзи ишончномаларни оддий ёзма равишда тасдиқлаш ҳуқуқига эгалиги ҳисобга олиниб, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинларининг раислари белгиланган тартибда ўлимни қайд этиши ҳамда хат-хабарни, жумладан, пул ва жўнатмани олиш учун, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш учун, муаллифлар ва ихтирочиларнинг ҳақларини, пенсия, нафақа ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олиш учун ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлашлари мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Иккинчи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нотариуснинг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, жумладан, унга нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни тақдим этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи 197-2-модда билан тўлдирилди. Ушбу модда нотариусларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз самарали фаолият юритишларини кафолатлашга хизмат қилади. Ундан ташқари, қонунчиликда меросхўр ўлими муносабати билан унинг ўрнига бошқа меросхўр тайинлаш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинмаганлиги, Фуқаролик кодексида фақат тақдим қилиш билан боғлиқ ворислик тартибини белгиловчи норма мавжудлиги ҳамда Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига мувофиқ меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини, бунда меросхўр ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш лозимлигини ҳисобга олиб, Фуқаролик кодекси “Мерос трансмиссияси”, яъни, “Меросни қабул қилиш ҳуқуқининг ўтиши” деб номланувчи 1140-1-модда билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтиши қатъий мустаҳкамланди.

Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши келгусида мамлакатимизда адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг янада такомиллашувига, бу эса қонунийлик тамойилининг юзага чиқишига хизмат қилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига