Ўзбекистон Респуликаси Адлия вазири Н.Йўлдошев 2013 йил 14 октябрь куни “Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруққа имзо чекди.
Мазкур Буйруққа мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йил 20 октябрдаги 223-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзгартиришларга назар ташлайдиган ва таҳлил қиладиган бўлсак, энг аввало нотариус стажёри бўлиш учун иш стажи ва ёш цензи белгиланганлиги эътиборга молик. Хусусан, эндиликда олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин. Илгари Низомда олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин дейилганди.
Шунингдек, Низомга янги 11 (1) банди ҳам қўшилди. Унга кўра, стажёрликка қабул қилинадиган шахс нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими лавозимида ишлаган бўлса, унинг ушбу лавозимларда ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этмаганлигини аниқлаш мақсадида тегишли идоралардан маълумотлар олиниши белгиланди.
Бундан ташқари, стажёрликка қабул қилинишда номзод билан ўтказиладиган суҳбат тартиби ҳам ўрнатилди. Гап шундаки, Низомнинг олдинги таҳририда, қуйидаги қоида бор эди:
12. Фуқаро стажёрликка қабул қилинишидан олдин адлия бошқармасида суҳбатдан ўтади, бунда унинг тайёргарлигининг умумий даражаси ва стажёрликка қабул қилиш учун мурожаат қилишга ундаган сабаблар аниқланади.
Эндиликда мазкур банд қуйидаги кўринишда ўзгартирилди:
12. Фуқаро стажёрликка қабул қилинишидан олдин адлия бошқармасида суҳбатдан ўтади. Суҳбат адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилади. Махсус комиссия адлия бошқармасининг масъул ходимлари, шу жумладан тажрибали нотариуслар орасидан 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Махсус комиссияга адлия бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилади.
Суҳбатда фуқаронинг юриспруденция соҳасидаги умумий билим даражаси ҳамда унинг стажёр бўлишга лаёқати мавжудлиги аниқланади. Суҳбат натижаси бўйича хулоса тузилади ва махсус комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.
Стажёрликка қабул қилишда фуқаронинг нотариат соҳасидаги тажрибаси устувор аҳамиятга эга бўлади.
Яна бир ўзгартиришлардан бири, стажировка даврида стажёр нотариал ҳаракатларнинг асосий турлари бўйича ҳар олти ой якунида реферат тайёрлайдиган бўлди. Олдинги таҳрирда ҳар уч ойда реферат тайёрлаши белгиланганди.
Буйруқнинг расмий матни билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари Миллий базасида танишишингиз мумкин.