Yangi hujjatlar

Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимлар ёллаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

2015 йил 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори имзоланди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қарор асосида тасдиқланган Низом хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Низомга кўра, хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни банкда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоб рақами очилгандан кейин амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, Низомга қайси фаолият билан шуғулланаётган хусусий тадбиркорлар неча нафарга ходим ёллаши мумкинлигини белгиловчи рўйхат ҳам илова қилинган. Унга кўра, фаолият турларига қараб, бир нафардан уч нафаргача ходим ёллаши мумкинлиги қайд этилган.

Бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган хусусий тадбиркор, фаолиятнинг турлари сонидан қатъи назар, уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга.

Хусусий тадбиркор билан меҳнат муносабатлари ўрнатган жисмоний шахсларга хусусий тадбиркорлар сифатида қаралмайди ва улар хусусий тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.

Меҳнат шартномасини тузиш ва ёлланган ходимларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш хусусиятлари

Ходимни ёллашда (ишга қабул қилишда) хусусий тадбиркор унинг билан махсус шаклга мувофиқ ёзма меҳнат шартномасини тузади.

Меҳнат шартномасининг муддати хусусий тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.

Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан биттаси хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига берилади, иккинчиси хусусий тадбиркорда, учинчиси эса — ходимда қолади.

Аҳамиятли томони, меҳнат шартномасида хусусий тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди.

Ходимга хусусий тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

Хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади.

Солиқ солиш хусусиятлари

Хусусий тадбиркорга ўз мажбуриятлари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш билан бир қаторда ҳар бир ходим учун қуйидагиларни:

  • Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини — ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;
  • қатъий белгиланган солиқни — хусусий тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият бўйича назарда тутилган белгиланган ставканинг 30 фоизи миқдорида тўлаш мажбурияти юкланади.
  • Хусусий тадбиркор бир неча фаолият турлари билан шуғулланган тақдирда қатъий белгиланган солиқ ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқнинг тегишли фаолият турлари учун белгиланган максимал ставкасининг 30 фоизи миқдорида тўланади.
  • Хусусий тадбиркор фаолиятнинг ушбу турини характерловчи физик кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда солиқ солинадиган фаолият турини амалга оширган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ ҳар бир ходим учун ҳар ойдаги физик кўрсаткич бирлигига белгиланган қатъий солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида тўланади.
  • Хусусий тадбиркор томонидан унинг билан меҳнат муносабатлари ўрнатган ва тузилган меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажарадиган ходимга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи олинмайди.
  • Хусусий тадбиркор касб-ҳунар коллежини тамомлаган ходимлар учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ходим коллежни тамомлаган санадан бошлаб ўн икки ой мобайнида озод қилинади.
  • Хусусий тадбиркор қатъий белгиланган солиқни тўлашдан қонунчиликка мувофиқ вақтинчалик озод қилинган ҳолларда, мазкур имтиёз қатъий белгиланган солиқни ҳар бир ходим учун тўлашга ҳам татбиқ этилади.

Жавобгарлик масаласи

Хусусий тадбиркор билан меҳнат шартномалари тузмасдан фаолиятни амалга ошираётган ходимлар аниқланган тақдирда, хусусий тадбиркор ходимлар сонини яширганлик учун назарда тутилган маъмурий жавобгарликка тортилади.

Бунда хусусий тадбиркор билан меҳнат шартномалари тузмасдан фаолиятни амалга ошираётган ходимларга давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар сифатида қаралади ва давлат солиқ хизмати органлари улардан қатъий белгиланган солиқни қонунчиликда белгиланган тартибда йиллик миқдорда ундирадилар.

  Ходимларни ёллаган ҳолда хусусий тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган фаолият турларининг

РЎЙХАТИ

Фаолият турининг номи

Ёлланадиган ходимларнинг чекланган сони (нафар)

1. Чакана савдо
(Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 1-5-бандлари)

1

2. Қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича ҳунармандчилик фаолияти

3

3. Маиший хизматлар, қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича ҳунармандчилик фаолиятидан ташқари
(Рўйхатнинг 6 — 35-1-бандлари)

3

4. Фаолиятнинг бошқа турлари*
(Рўйхатнинг 36-41, 51-59, 62, 64-66, 68-74-бандлари)

2

* Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 42, 50, 60, 61, 63, 67, 75-бандларида кўрсатилган фаолият турларини амалга оширадиган хусусий тадбиркор фаолиятининг асосий тури бўйича ёрдамчи ишларни бажариш учун бир нафар ходимни ёллаши мумкин.

 

Қарорни расмий манбадан ўқиш:

Қарорни расмий манбадан ўқиш:

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (73)
  • Йўқ (8)
  • Бироз (5)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига