Yangi hujjatlar

Нурланиш дозаси юқори ҳудудлардаги корхона ходимларига текин сут бериш лозимлиги белгиланди

2014 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нурланиш олиш дозаларининг белгиланган асосий чегараларидан ошиб кетиш эҳтимоли бўлган ҳудудларда яшовчи фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, Нурланиш олиш дозаларининг белгиланган асосий чегараларидан ошиб кетиш эҳтимоли бўлган ҳудудларда яшовчи фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом бўйича нурланиш олиш дозаларининг белгиланган асосий чегараларидан ошиб кетиш эҳтимоли бўлган ҳудудларга «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига мувофиқ белгиланган санитария-муҳофаза зоналарига туташ ҳудудлар киради.

Ўзбекистон Республикаси айрим аҳоли пунктларини нурланиш олиш дозаларининг белгиланган асосий чегараларидан ошиб кетиш эҳтимоли бўлган ҳудудлар деб эътироф этиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тақдимотига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, Низомда шундай ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун бир қатор имтиёзлар ҳам берилиши назарда тутилган.

Хусусан, нурланиш олиш дозаларининг белгиланган асосий чегараларидан ошиб кетиш эҳтимоли бўлган ҳудудларда яшовчи фуқаролар:

а) саломатликни муҳофаза қилиш ва нурланиш олиш дозаларининг белгиланган асосий чегараларидан ошиб кетиш эҳтимоли билан боғлиқ касалликлар профилактикаси соҳасида:
яшаш жойи бўйича соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиш;

юқори нурланиш дозасини олган шахслар — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда дори воситалари;

корхоналар ва муассасалар ходимлари — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган нормалар бўйича корхоналар ва муассасалар маблағлари ҳисобига бериладиган сут;

б) аҳолининг айрим гуруҳларини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида:

умумтаълим мактабларининг бошланғич синфлари ўқувчилари — ҳар йили мактаб таътиллари вақтида болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар;

I ва II гуруҳ ногиронлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар — ҳар икки йилда камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизими санаторийларига бепул йўлланмалар билан таъминланадилар.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига