Yangi hujjatlar

16-17 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат ташрифи билан Латвия Республикасида бўлди

18102013_1Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан 16-17 октябрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди.

Бу ҳақида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати ҳамда ЎзА хабар бермоқда.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 17 октябрь куни бўлиб ўтди.

Латвия Президенти қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.

Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида Президентлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.

Қайд этиш керакки, музокаралар ёрқин воқеа билан бошланди: Ўзбекистон Республикаси Президентига Латвиянинг олий давлат мукофоти – биринчи даражали «Эътироф крести» ордени топширилди. Латвия Республикаси Президенти мамлакатимизнинг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Бу бир жиҳатдан икки давлат раҳбарларининг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги улкан хизматларининг ўзаро эътирофи бўлса, бошқа томондан, муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги умумий манфаатдорлик ва интилишларнинг ифодасидир.

Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. 1992 йилда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларига оид қирқдан ортиқ давлатлараро шартнома ва ҳукуматлараро битимлар имзоланган.

Парламентлараро ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда – парламентлар аъзоларининг ташрифлари мунтазам амалга оширилиб, қонун ижодкорлиги борасидаги ўзаро тажриба алмашиш яхши самаралар бермоқда. 2010 йилда Латвия Сеймида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ таъсис этилди. 2012 йилда Ўзбекистон парламентида Латвия Сейми билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ташкил қилинди.
Икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам ва конструктив маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган.

Музокаралар чоғида терроризм, экстремизм, наркотрафик каби замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашишга оид масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Латвия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонни иқтисодий ва ижтимоий тиклаш борасида кўрсатаётган ёрдами, хавфсизликни таъминлаш бўйича халқаро коалициянинг иштирокчи давлатлари билан ҳамкорлигига юксак баҳо берди.

Ўзбекистон ва Латвия Президентлари савдо-иқтисодий, сармоявий ва гуманитар ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Латвия – Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Энг кўп қулайлик яратиш тизими самарасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилда қарийб 20 фоиз ўсиб, 246 миллион АҚШ долларидан ошди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, бу кўрсаткич 126 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, мотор мойлари, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқа товарлар етказиб беради. Латвия мамлакатимизга ускуналар, транспорт воситалари, пластмасса экспорт қилади, шунингдек, логистика хизмати кўрсатади.

Ўзаро инвестициявий ҳамкорлик ривожланмоқда. Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокидаги 22 корхона фаолият юритмоқда. Латвияда эса мамлакатимиз компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган қирқдан ортиқ корхона ишлаб турибди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Латвия тенг ҳуқуқли иқтисодий ҳамкорлардир. Мамлакатларимиз ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириши мумкин бўлган йўналишлар кўп. Ўзбекистон компанияларининг жорий йил сентябрь ойида ўтган «Riga Food – 2013» халқаро кўргазмасидаги иштироки натижалари ҳам бунга мисол бўла олади. Ушбу кўргазма якунларига кўра, Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини Латвия ва Европа мамлакатларига етказиб бериш бўйича 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги шартнома ва келишувлар имзоланди.

Таълим соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир. Бугунги кунда Ўзбекистон Латвияда ўқиётган хорижлик талабалар сони бўйича бешинчи ўринда туради. Латвияда қарийб 200 нафар ўзбекистонлик йигит-қиз таҳсил олмоқда.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Латвия Республикаси Президентининг Қўшма баёноти қабул қилинди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт ва юклар транзити, савдо алоқаларини кенгайтириш, туризм ва инвестициявий ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия Сеймига ташриф буюриб, Спикер Солвита Аболтиня билан музокаралар ўтказди. Давлатимиз раҳбари Латвия парламенти фаолияти билан танишди. Суҳбат жараёнида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Латвия Бош вазири Валдис Домбровскис билан учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз Ислом Каримов Латвия Президенти Андрис Берзиньш ҳамроҳлигида Озодлик монументи пойига гул қўйиб, Латвия озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Латвия Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига