Yangi hujjatlar

Ўзбекистон Республикаси Президенти МДҲнинг Минск саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24-25 октябрь кунлари Минск шаҳрида бўлиб, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Бу ҳақида, ЎзА хабар берди.

minsk 1

Минск учрашувида Ҳамдўстлик фаолиятини янада такомиллаштириш, аъзо мамлакатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Президентлар минтақавий ва халқаро муаммолар, хусусан, терроризм, экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандаси каби таҳдидларни бартараф этишда ҳамкорлик борасида фикр алмашдилар.

Афғонистондаги вазият ҳақида сўз борар экан, 2014 йилда халқаро коалиция кучлари бу мамлакатдан чиқарилиши хавфсизликни таъминлаш борасидаги муштарак саъй-ҳаракатларни янада фаол мувофиқлаштиришни тақозо қилиши таъкидланди.

Ислом Каримов Ҳамдўстлик маконида терроризм ва экстремизм ғоялари кириб келишига йўл қўймайдиган муҳитни шакллантириш, бу иллатларнинг олдини олишда фақат уларнинг ўзи эмас, манбаларига қарши курашиш зарурлигини қайд этди. Ўзбекистон раҳбари бу борада ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазият ҳақида тўхталиб, бу муаммонинг ҳарбий ечими йўқ эканини, қуролли можарога муроса ва музокаралар билан барҳам бериш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди.

Давлат раҳбарлари МДҲ доирасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга доир масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. Маълумки, бу йўналишдаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2011 йилда Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома имзоланган. Президент Ислом Каримов тўлақонли эркин савдо зонасини барпо этиш энг устувор ва муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади. Зеро, дунёдаги кўплаб мамлакатлар молиявий-иқтисодий инқирозни бошдан кечирган ва унинг асоратларини бартараф этаётган ҳозирги шароитда мукаммал эркин савдо зонасини шакллантириш ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, ишбилармон доираларнинг ўзаро ишончини янада мустаҳкамлаш, қўшма иқтисодий дастурларнинг вақтида ижро этилишини таъминлаш каби қатор иқтисодий самаралар беради.

Президентлар маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб, 2014 йилни МДҲда Сайёҳлик йили деб эълон қилишга келишиб олдилар.

Давлат раҳбарлари жиноятчилик, одам савдоси, наркобизнес, терроризмга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисидаги дастурларни тасдиқладилар.

Ҳамдўстликка раислик 2014 йилдан Украинага ўтади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига