Yangi hujjatlar

Жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқнинг бир куни салкам 54 минг сўмга тенглиги белгиланди

2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Мазкур ҳужжат асосида, 9 та Кодекс, 19 та Қонун ва 1 та Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам қатор янгиликлар киритилди.

Жумладан, ЖКнинг “Дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари” деб номланган 62-моддасига ўзгартиш киритилди.

Дастлабки қамоқ, бу – токи суд ҳукми чиққунга қадар дастлабки тергов ҳамда суд муҳокамаси вақтида шахсни қамоқда ушлаб туриш ҳисобланади.

Ўрнатилган тартиб-қоидага кўра, суд айбдор дея топилган шахсга жазо тайинлаётган вақтда ҳукм эълон қилингунгача шахс қамоқда ушлаб турилган бўлса, ўша муддатни умумий жазодан айириб ташлаши лозим.

Мисол учун, А. исмли шахс ҳукм чиққунгача 1 ой дастлабки қамоқда сақланган. Суд эса унинг содир этган қилмиши учун 6 ой қамоқ жазосини тайинлади. Шунда А. исмли шахс ҳукмдан сўнг, 6 ой эмас, балки 5 ой қамоқ жазосини ўтайди.

Эндиликда мазкур қоидага жарима жазоси тайинлаётганда дастлабки қамоқ муддатини ҳисоблаш билан боғлиқ қоида ҳам киритилди. Унга кўра, суд қамоқда сақланган шахсга жарима тайинлашда қамоқда сақланган ҳар бир кунини энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисмига тенглаштириб ҳисоблаши белгиланди.

Бу нима дегани?

Масалан, юқоридаги мисолимизни олсак. А. исмли шахс ҳукмгача 1 ой қамоқда сақланган. Суд томонидан унга энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди. Шунда А. исмли шахс жариманинг барчасини тўламайди. Унинг қамоқда ўтирган муддати айириб ташланади.

Бунинг учун қамоқда ўтирган кунларининг сони 0,5 га кўпайтирилади.

Бизнинг мисол бўйича:

1 ой = 30 кун

30 х 0,5 = 15

Демак, А. исмли шахс 1 ой қамоқда ўтиргани учун унга тайинланган жарима жазосидан энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари айириб ташланади.

Шунда у 100 баравар эмас, балки 85 баравар жарима тўлаши лозим бўлади.

Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, илгари ЖКнинг 62-моддасига биноан, суд жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқнинг ҳар бир кунини:

а) қамоқ, интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига;

б) ахлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига тенглаштириб ҳисоблар эди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига