Yangi hujjatlar

Сайлов соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликлар жорий қилинди

2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Мазкур ҳужжат асосида, 9 та Кодекс, 19 та Қонун ва 1 та Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сайлов соҳасида йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар учун бир қатор маъмурий жавобгарликлар белгиланди.

Жумладан, Кодексга ушбу қоидаларни тартибга солувчи “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” номли янги боб киритилди.

Ушбу бобдан 8 та янги турдаги маъмурий жавобгарликлар ўрин олган бўлиб, улар қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш (мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима);

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик (мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима);

Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш (мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима);

Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш (энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима);

Номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатиш (фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима);

Сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш (энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима);

Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш (фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима);

Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш (мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима).

Таъкидлаш жоизки, илгари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сайлов қонунчилиги билан боғлиқ жавобгарликлар мавжуд эмас эди. Бундай ҳуқуқбузарликлар Жиноят кодексидаги 146-модда (Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) ҳамда 147-модда (Сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш) билан таснифланар эди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига