Тўтиёхон Султонова, ТДЮИ тадқиқотчиси
“Huquq va burch”, 2009 йил 2-сон. Манба
Мамлакатимизда нотариат тарихи мавзуидаги изланишлар нотариал идоралар фаолияти узоқ тарихга эга эканидан, бу жараён мусулмон ҳуқуқида ҳам ўз ифодасини топганидан далолат беради. Жумладан, ҳозирги кунда давлат нотариуслари томонидан ҳал этилаётган “Гаров” масаласи “Мухтасар”нинг
89-бобида, “Ижара” – 82-бобда, “Кафолат” – 92-бобда ёритилган. Айни ҳолат нотариал идораларнинг тарихи узоқ ўтмишга боғланишини тасдиқлайди. Демак, ўша вақтлардаёқ ворислик масалаларини муайян тартибга риоя этган ҳолда расмийлаштириш талаб этилган.
Шунингдек, Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 7-оятида, ҳозирги кунда ҳам нотариуслар фаолиятида энг мураккаб нотариал ҳаракатлардан бири – мерос ҳақида: “Эркаклар учун ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъи назар) фарз қилинган ҳақлардандир”, — дейилади. Ушбу суранинг 11-оятида: “Аллоҳ фарзандларингизга бир ўғил учун икки қиз баробарида мерос беришни амр қилур”, — дейилган бўлса, 12-оятида: “Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан, агар улардан фарзанд қолмаган бўлса – ярми тегур”, — дейилади. Қуръоннинг мазкур сурасидаги қоидалар, тарихий материалларнинг кўрсатишича, инқилобга қадар Туркистонда амал қилиб келган. Шунингдек, 11-оятнинг давомида марҳумнинг васияти ва қарзлари адо этилгандан сўнггина меросни тақсимлаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилади. Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонуни 57-моддасида ушбу ҳолатнинг умумий жиҳатлари сақланиб қолганининг гувоҳи бўламиз. Ҳозирги кунда амалдаги “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 57-моддасида нотариус меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунига қадар, иш ҳақи бўйича даъволарни ва уларга тенглаштириладиган даъволарни қаноатлантириш, мерос мол-мулкни қўриқлаш ва уни бошқариш билан боғлиқ харажатларни ва қонунларда мерос мол-мулк ҳисобидан харажатларни қоплаш ҳақида фармойиш берилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган ҳужжатлар ва бошқа тарихий манбаларга таяниб айтиш мумкинки, шариат ва одат нормалари асосида иш кўрилган замонларда нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи махсус шахслар бўлмаган, лекин низоли ишлар ёки шикоятларни ҳал этиш юзасидан қозиларга мурожаат этилиб, қозилар бу масалаларни гувоҳлар иштирокида ҳал этганлар. Қозилар мазмунан нотариал ҳаракатларни ҳам ҳал қилганлар. Бундай ҳолатни Хоразм давлатчилиги тарихида ҳам кўришимиз мумкин. Ўша вақтларда фуқаролар ўртасидаги муносабатлар одат нормалари билан тартибга солиниб, бу нормалар ҳуқуқий ва ҳуқуқий бўлмаган одатларга бўлинган. Ҳуқуқий одатлар давлат томонидан тан олиниб, юридик кучга эга бўлган.
Архивда сақланаётган ҳужжатлар ўлкамизнинг нотариал идоралар тарихи ўзига хос бой тажрибага эга эканини кўрсатади. Чунончи, Қўқонда 1890 йилдан бошлаб расмийлаштирилган нотариал ҳужжатлар аниқ ва равшан тузилганлигини таъкидлаш мумкин. Бажарилган ҳар бир нотариал ҳаракат алоҳида тартиб рақами билан реестр дафтарига қайд этилган, нотариал ҳаракатнинг тури, ундирилган давлат божи, нотариал ҳужжатни олганлик ҳақида мурожаат этган шахснинг имзоси реестр дафтарида нотариус томонидан тўғри қайд қилинган.
Хива хонлигида VII – VIII асрларда феодаллар ерларини тортиқ сифатида эмас, балки сотиб олишга ҳаракат қилиб, хусусий мулк сифатида бир томондан феодал иштирокида “битим” тузилган. Бундай ерлар мулки-хурри холис деб аталиб, барча солиқлардан озод қилинган. Битимлар давлат номидан расмийлаштирилган, шунинг учун битимни расмийлаштирган қозининг ҳузурида хоннинг ўзи ҳам шахсан иштирок этган. Битимни қози расмийлаштиргач, қози томонидан ерни давлатдан сотиб олгани ҳақида васиқалар берилган.
Бухоро амирлигида ХIХ асрнинг иккинчи ярмида суд тизими ўзгариб, жиноий ва фуқаролик ишлари алоҳида-алоҳида шахслар томонидан ҳал этилган. Жиноий ишларни беклар ва қушбегилар кўриб ҳал этган. Қозилар эса фуқаролик ишларини кўриб, бунда оила, ер, ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ ҳолатлардан келиб чиқадиган низоли ва низосиз муносабатларни ҳал этганлар ва бу билан улар қисман нотариус вазифасини ҳам амалга оширганлар.
Марказий давлат архивдаги ҳужжатларни ўрганиш шундан далолат берадики, нотариал идоралар томонидан бажарилган ҳаракатларни шариат нормаларига кўра, қозилар бажариб келганлар. Қозиларнинг фаолияти суд тизими билан боғлиқ бўлгани боис, ўша вақтда топилган ҳужжатларни суд-нотариал ҳужжатлари, деб номлаш жоиздир. Хусусан, Тошкент шаҳрининг ХIХ асрга оид расмийлаштирилган фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган ишларни ўрганиш шуни кўрсатадики, Кўкча даҳасида фаолият юритган қози мулла Боймирза қози ибн Мирзо Оғали томонидан васиқаларни қайд этиш дафтарида 497 та ҳужжат расмийлаштирилгани мазкур масалага ўша даврда жиддий аҳамият берилганини кўрсатади. Бу манбаларда савдо-сотиққа оид, закалат, даъводан воз кечиш, иқрор бўлиш ҳақидаги аризалар, ер эгалиги, турар жойлар ва бошқа кўчмас мулклар сотиб олингани ҳақида битимлар ва меросни тақсимлашга оид ҳужжатлар мавжудлиги аниқланди. Буларнинг барчаси юртимизда XX асрга қадар нотариал идоралар ўзига хос йўлни босиб ўтганидан далолат беради.
Қозилар томонидан бажарилган нотариал ҳаракатларнинг ўта синчковлик билан амалга оширилганини тасдиқловчи яна бир тарихий ҳужжат олим Баҳром Иброҳимов томонидан 1982 йилда “Мажмуъ ал-васоиқ” асари асосида нашр этилган “Васиқалар тўплами”дан жой олган. Китобда XVI асрда Самарқанд вилояти ҳудудида тасдиқланган васиқалар жамланган. Жумладан, васиқалардан бирида қуйидагилар ёзилган: “Жумоди ал-аввал ойининг йигирма бешинчи куни ҳижрий 998 йили (1590 йил 2 апрель)да мулло Мирзо Муҳаммад ибн мулло Муҳиб Али шариатда тўғри қарор қилдики, тубанда ёзилган ишлар тўғрисида қозиларнинг қозиси, одил ҳоким, Самарқанд шаҳрининг ҳамда унга қарашли вилоятлар қозисининг ноиби томонидан расмийлаштирилиб, менга берилган ваколатномага биноан, мен сағира Фотима исмли устод Ҳизр гилкор қизининг ишларини тўғрилаш учун васий қилиб тайинланган эдим. Шунга биноан, мазкур сағиранинг мамлакати шоҳий ерида қурилган, баланд-паст уйлардан иборат ҳовлисини, ҳамма ускуналари билан фазилатлик ҳофиз Вали ибн мулло Исмоилга эллик беш дона янги, бир мисқоли ўттиз динорлик, соф кумушдан зарб қилинган, ярми йигирма етти ярим хоний танга бадалига сотдим. Ҳовлининг тўрт томон чегараси аниқ бўлиб, ғарб тарафдан Оғабек ака қизининг ҳовлисига, шимол тарафдан мулло Мирзо Муҳаммад ибн мулло Аҳмад ҳовлисига, шарқ тарафдан умумий йўлга ва жануб тарафдан боши берк кўчага туташган бўлиб, ҳовлига кириш йўли ҳам ўша томонда. Шариат қонунига мувофиқ, ҳар икки томон, яъни сотувчи пулни, харидор ҳовлини олдилар ва қабул қилдилар. Савдо адолатли бўлиб, ҳар қандай бузуқлик, ҳийла, алдашлардан холидир. Мулло Боқи фарзандлари… гувоҳлик беришларича, мазкур сотилаётган ҳовли кун сайин хароб бўлиб бормоқда ва сағирларнинг нафақаси учун бошқа манба йўқ, шунинг учун мулкнинг сотилиши сағиранинг фойдасига бўлиб, ушбу муомала эътиборли кишилар ҳузурида иқрор ва тасдиқ қилинди”.
Ушбу васиқа ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тузилиб, унда ҳовлининг жойлашган манзили, чегаралари тўлиқ баён этилган. Вояга етмаган шахс номидан нотариал ҳаракатни амалга оширган шахснинг васий этиб тайинлангани ҳужжат билан тасдиқлангани васиқа матнида ёритилган, нотариал ҳаракатни бажарган қози эса, ушбу ҳаракатни амалга ошириш жараёнида вояга етмаган меросхўрнинг манфаатларига путур етказмасликка ҳаракат қилгани, бунинг учун гувоҳларни ишга жалб этгани кўринади. Бу ҳолат эса шариат нормаларига таяниб иш кўрган қозиларнинг нотариал ҳаракатни амалга оширишда кўпроқ гувоҳларнинг берган кўрсатмаларига таяниб иш кўрганидан далолат беради.