Yangi hujjatlar

23-24 октябрь кунлари Президент Ислом Каримов расмий ташриф билан Туркманистонда бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

Photo: UzA

Photo: UzA

23 октябрь куни Ашхобод шаҳрининг халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Давлатимиз раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов кутиб олди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган «Сердар» ҳукумат қароргоҳига йўл олди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 24 октябрь куни бўлди. Расмий кутиб олиш маросимидан кейин Президентларнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бу галги Ашхобод учрашуви олий даражадаги самарадор ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Президентларнинг очиқлик ва ишонч руҳида ўтган суҳбатида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, мамлакатларимиз манфаатлари муштараклиги, икки томонда ҳам кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун хоҳиш ва ирода мавжудлиги, давлатларимиз бунинг учун улкан салоҳият ва имкониятларга эга экани таъкидланди.

Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов минтақада сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, сув-энергетика соҳасига доир масалаларни ҳал қилишда, жумладан, трансчегаравий дарёларда йирик гидроэнергетика иншоотларини барпо этишда БМТнинг тегишли конвенцияларида белгилаб берилган халқаро меъёрларга мувофиқ иш тутиш, бундай объектларнинг лойиҳаларини мустақил халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси савдо ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг янада самарали чора-тадбирлари ва механизмларини ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ўртасида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси воситалари етказиб беришга, ташқи сиёсат маҳкамалари ва савдо-саноат палаталари ўртасидаги муносабатларга, экология соҳасида ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар ушбу ташриф ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган олий даражадаги самарали мулоқотнинг давоми бўлганини, икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун қулай фурсат яратганини таъкидладилар. Музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Саммитнинг асосий воқеалари ниҳоясига етгач, давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлди. Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлидаги буюк хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистоннинг Махтумқули номидаги халқаро мукофоти билан тақдирланди. Ўзбек ҳамда туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари учун Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг “Мустақиллик” ордени топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов “Halk hakydasy” (“Халқ хотираси”) хотира мажмуига ташриф буюрди. Мамлакатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушида ҳамда Гўктепа жангида (1880-1881) ҳалок бўлганлар, Ашхобод зилзиласи (1948) қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ёдгорлик пойига гул қўйди. Ислом Каримов ушбу воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи музей экспонатлари билан танишиб, Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга расмий ташрифи якунига етди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига