Yangi hujjatlar

Уй олишдаги машмаша

УЙ ОЛИШДАГИ МАШМАША
Ҳамид РАҲМАТУЛЛАЕВ, Юнусобод туман прокурорининг катта ёрдамчиси
“Huquq” газетаси, 2015-06-11. Манба

Фаровон ҳаёт кечириш тинимсиз меҳнат ва сабр-тоқат талаб қилиши барчамизга аён. Шундай экан, агар кимдир сизга осон бойиш, мўмай даромадга эга бўлиш сингари ҳавойи таклифлар қилса, билингки, фирибгарга дуч келдингиз. Бугунги кунда жиноят турлари ичида энг кўп учрайдигани фирибгарлик бўлиб қолмоқда. Фирибгарликнинг келиб чиқиш тарихи анчагина қадимий бўлиб, кишилик жамияти билан бир пайтда пайдо бўлган.

Маълумки, фирибгарликнинг асосий омили бу ишончни суиистеъмол қилишдир. Унга кўра, айбдор мулк эгаси ёки учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган бошқа шахслар билан бўлган ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланади.

Хоразмлик Мансур Давлетов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) томонидан содир этилган қилмишни бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу кимса ўз жиноий қилмишлари давомида атрофидаги таниш-билишларининг унга бўлган ишончидан фойдаланиб келган. Хусусан, фуқаро Атҳам Умаров Тошкент шаҳридан турар жой сотиб олиш мақсадида таниш-билишлари орқали уй излай бошлайди. Ана шундай кунларнинг бирида синфдоши қўнғироқ қилиб, курсдошининг қайнакаси Мансур ёрдам қилиши мумкинлигини айтади. Танишлари орқали арзонроқ, ишончли уй сотиб олишни мўлжаллаган Атҳам бу гапга рози бўлиб, Мансур билан учрашади. Улар биргаликда сотиладиган бир нечта уйни кўришади. Бу орада Ат­ҳамнинг ўзи интернет орқали топган уйни кўришга боради. Уй унга маъқул келади ва хонадон эгаси билан савдолашиб, 34 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишади.

Уйни сотиб олиш учун эса Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмаганлиги боис нотариусда уйни Мансурнинг номига вақтинчалик расмийлаштирмоқчи бўлади. Аммо уй Мансурнинг номига расман ўтгандан сўнг турли машмашалар бошланади. Ҳужжатлар қўлида турганидан фойдаланиб қолишни кўзлаган Мансур Атҳам йўқлигида уйни сотадиган бўлади. Буни эшитган Атҳам Мансурга учрайди ва ундан: “Уй меники, менинг номимда. Пулини ҳам мен берганман”, деган жавоб олади.

Шундан сўнг Атҳам ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади. Тезкор тергов ва суриштирув давомида ўзганинг ишончини суиистеъмол қилиб, мўмай даромад топишни мақсад қилган Мансур Давлетовнинг қилмишлари (гувоҳлар, юзлаштиришларда) фош этилди. Фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини ўзлаштиришни кўзлаган Мансур Давлетов суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди. Атҳам Умаровга етказилган моддий ва маънавий зарар эса тўлиқ қопланди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (6)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига