Раҳим АЛИЕВ, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туман судининг судьяси
“Адвокат”, 2009 йил 1-сон.
Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидан дадил бораётган мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият эканлигини кўрсатувчи яна бир муҳим ҳужжат — “Амнистия актини қўллаш тартибини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур Қонун Олий Мажлис Сенатининг 2008 йил 4-5 декабрда бўлиб ўтган XVI ялпи мажлисида маъқулланиб, 23 декабрда матбуотда эълон қилинди ва шу кундан эътиборан кучга кирди. Амнистия актини қўллаш тартиби янада такомиллаштирилиши ва амнистия актини қўллаш судлар ваколатига ўтказилиши орқали судлар нафақат жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо тайинловчи орган, балки уларнинг қилмишига яраша жазо тайинлашда адолат мезонларига қатъий амал қилиб, улар манфаатларини ҳимоя қилувчи, жазо ўтаётган шахсларга нисбатан қўлланиладиган амнистия акти қоидаларини адолатли таъминловчи холис органга айланиб бормоқда.
Янги қонун Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида изчил амалга оширилаётган фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини босқичма-босқич судларга ўтказиб бориш жараёнининг мантиқий давоми бўлди.
Мустақилликка эришгач, мана 18 йилдирки, деярли ҳар йили у ёки бу сана байрами муносабати билан эълон қилиниб келинаётган амнистия акти инсонпарварлик, меҳр-мурувват, саҳоват, кечиримлилик каби халқимиз менталитетига хос эзгу фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида биринчи марта билиб-билмай жиноят содир этган шахсларга, энг аввало, аёлларга, ногиронларга, кексаларга, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан қўлланиладиган озодликдан маҳрум қилишдек оғир жазо чораларини қўлламаслик ёки уларни тамомила жазодан озод этишга қаратилиб келинмоқда.
Озодликдан маҳрум этилиб, жазо ўтаётган ва ўзига тўғри хулоса чиқариб, одил йўлга кираётган фуқароларимизни тезроқ ўз оиласи бағрига ва тўлақонли ҳаётга қайтиши ҳамда жамиятга фаол инсон бўлиб қўшилиши учун Президентимиз томонидан жуда катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Авф этилганларни нафақат озодликка чиқариш ва оиласи бағрига қайтариш, балки уларнинг соғлиги, турмуш шароитларини яхшилаш ва ишга жойлаштириш каби қатор яхлит чора-тадбирлар амалга оширилмоқдаки, буларнинг бари мамлакатимизда ҳуқуқий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ва суд ҳокимияти тизимида изчил демократик ислоҳотлар олиб борилаётганлигининг ёрқин исботидир.
2008 йил бошида “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва 2009 йил бошида эса “Амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши нафақат инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси самарадорлигини ошириш, балки суд мустақиллигини таъминлаш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, бурчга бўлган садоқат ва масъулиятини янада оширишга қаратилган тизимли дастур бўлди, десам муболаға бўлмайди.
Мазкур қонун амнистия актини судга қадар иш юритиш ва жиноий жазоларни ижро этиш босқичида судлар томонидан қўллаш тартибининг янги механизмини процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаб берди. Унга кўра, Жиноят процессуал кодексининг “Суднинг ваколатлари” номли 29-моддаси биринчи қисмига киритилган қўшимча билан судларга прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколати берилди.
Эндиликда жиноят ишини амнистия акти асосида тугатишнинг суд тартиби жорий этилиши муносабати билан Жиноят процессуал кодексининг 372-моддасида кўрсатилган дастлабки терговни тамомлаш турлари қаторига дастлабки тергов тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёки амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш билан тамомлаш тартиби қўшилди.
Яна бир муҳим жиҳат, мазкур қонунга мувофиқ Жиноят процессуал кодекси мутлақо янгича тартиб-тамоилларни ўз ичига олган беш моддадан иборат “Ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш” номли 63-боб билан тўлдирилди.
Бу билан терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчи, терговчи томонидан прокурорга юбориш тартиби; амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани судга киритиш тўғрисидаги масаланинг прокурор томонидан кўриб чиқиш тартиби; суд мажлиси, суднинг ажрими каби процессуал жараёнларга тегишли бўлган тартиб-қоидалар янада аниқлаштирилди.
Янги тартиб тамоилга кўра прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини ғўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномаси судга келиб тушган кундан эътиборан 10 суткадан кечиктирмай жиноят процессуал кодексининг 590-моддасига мувофиқ суд мажлисида албатта прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.
Агар суд амнистия актини қўллаш учун асос топмаса, терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини умумий тартибда тегишлилиги бўйича терговга қадар текширув ўтказиш ёки дастлабки тергов ишини давом эттириш учун прокурорга юбориш ҳақида ажрим чиқаради.
Амнистия тўғрисидаги қарор ҳар бир шахсга нисбатан якка тартибда қўлланилиши боис, бир жиноят иши бўйича бир нечта гумон қилинувчи ёки айбланувчи ўтаётган бўлса, уларнинг ҳар бирига нисбатан амнистия актини қўллаш хусусида алоҳида тақдимнома ва илтимоснома киритилади.
Амнистия актига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш масаласи ҳал этилиши назарда тутилган шахс амнистия актини қўллашга эътироз билдирган тақдирда, унга нисбатан умумий асосларда иш юритув давом эттирилиб, жиноят иши қўзғатилгач, кейинчалик дастлабки терговда ва ишнинг судда кўрилиши жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини унга амнистия актини қўллаш хусусида мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Суд муҳокамасида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш масаласи қўйилаётган шахс, гумон қилинувчи, айбланувчининг ишида қатнашаётган уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари ҳам судда қатнашишади. Лекин, иш кўриладиган жой ва вақт ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилган тақдирда, мазкур шахсларнинг узрсиз сабабларга кўра судга келмаганликлари ишни кўришга монелик қилмайди.
Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган шахсларнинг суд муҳокамасида иштирок этиш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Дастлабки тергов органининг қарори ёки суднинг ажримига асосан қидирувда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган ҳамда судга етиб келишнинг имкони бўлмаган амнистия акти таъсири доирасига тушувчи айбланувчи ва судланувчининг унга амнистия актини қўллашга чет эл давлати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органи, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки чет эл давлат нотариал идораси томонидан тасдиқланган ёзма розилиги бўлган тақдирда амнистия акти қўллаш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
Апелляция шикояти берилиши амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масалалар бўйича қабул қилинган қарорнинг ижросини тўхтатмайди, шуни назарда тутиш керакки, апелляция шикояти ажрим чиқарган суд орқали берилади, жиноят процессуал кодексида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун билан ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллашнинг суд тартиби жорий этилиши яъни амнистия актини қўллашни судлар ваколатига ўтказилиши, суд ҳокимияти ваколатларини янада кенгайтирилиши билан бир қаторда биз судьяларнинг ҳам ўз бурчларига бўлган масъулиятларини бир неча баробар оширишни талаб этади.