Ягона интерактив давлат хизматлари портали яратувчилари томонидан, “Тошшаҳартрансхизмат” АК билан ҳамкорликда, фойдаланувчилар учун, турли хил тадбирлар учун автобусларни ижарага олиш бўйича аризаларни онлайн тарзда бериш имкониятини яратувчи янги хизмат жорий этилди. Бу ҳақида Ягона порталда хабар берилган.
Ушбу хизмат жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилади. Автобусларни ижарага бериш нафақат Тошкент шаҳри ҳудудида, балки унинг чеккасидаги ҳудудларда ҳам амалга оширилади.
Фойдаланувчи томонидан ариза онлайн тарзда берилгандан сўнг “Тошшаҳартрансхизмат” АК мутахассислари автобусни ижарага бериш бўйича қўшимча шартларни муҳокама қилиш учун, ариза берувчи билан 3 кунлик муддат мобайнида боғланадилар.
Фойдаланувчилар шуни ёдда тутишлари лозимки, дейилади Ягона порталдаги хабарда, онлайн ариза автобусни ижарага олиш санасидан 3 иш кунидан кеч бўлмаган муддатда ичида берилиши мумкин.
Эслатиб ўтаман, My.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ягона портал) 2013 йилнинг 1 июль куни ишга туширилган бўлиб, Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида, шу жумладан «бир дарча» режимида фаолият кўрсатади. Ушбу хабар ёзилаётган вақтда, Ягона порталга жами 3097 та мурожаат келиб тушгани қайд этилганди.