Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2013 йил 13 декабрь куни “Хорижий давлатлар ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг муассасалари ва ташкилотлари ўтказадиган тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа имзо чекди.
Буйруқ асосида тасдиқланган қоидалар чет элда ўтказиладиган тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиш тартибини белгилаш, тадбир иштирокчиларида ватанга садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Буйруқда Ўзбекистон Республикасининг муассасалари ва ташкилотлари томонидан хорижий давлатлар ҳудудида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига эҳтиром билан қараши шартлиги таъкидланган.
Ўзбекистон Республикасининг муассасалари ва ташкилотлари хорижий давлатлар ҳудудида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига олдиндан маълум қилиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикасининг муассасалари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган қуйидаги тадбирлар вақтида хорижий мамлакат тажрибаси ва маҳаллий урф-одатларини инобатга олган ҳолда ижро этилади:
- Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умуммиллий байрамлар муносабати билан ўтказиладиган тантанали тадбирлар ва йиғилишларнинг очилиши чоғида;
- ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтариш чоғида;
- хорижий мамлакатга сафар билан ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири ҳамда бошқа юқори мартабали мансабдор шахсларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида;
- Ўзбекистон Республикасининг турли расмий тадбирларини ўтказиш чоғида;
- ўтказиладиган спорт мусобақалари давомида — Ўзбекистон Республикасининг миллий терма командалари иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш чоғида.
Хорижий давлатлар ҳудудида расмий тадбирлар ва маросимлар ўтказаётган Ўзбекистон Республикаси муассасаси ёки ташкилотининг делегацияси Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатдаги тегишли дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан хорижий мамлакат тажрибаси ва маҳаллий урф-одатлари ҳақида хабардор қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси “Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси тўрисида”ги Қонун билан тасдиқланган матни ва мусиқавий таҳририга айнан мувофиқ ҳолда ижро этилмоғи лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясининг оркестр, хор, ҳам оркестр-ҳам хор томонидан ёки ўзга вокал ҳамда вокал-чолғу асбоблари билан ёки кўпчилик ҳузурида ижро этиш Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Эслатиб ўтаман, аввалроқ спорт мусобақалари ўтказиш вақтида давлат мадҳиясини ижро этиш қоидалари тасдиқлангани ҳақида хабар бергандим.