Yangi hujjatlar

Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

2014 йил 27 июль куни Ички ишлар вазирининг “Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ҳамда уларни бир муассасадан бошқасига кўчириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.

Буйруққа биноан, Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ҳамда уларни бир муассасадан бошқасига кўчириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2009 йил 20 июлдаги 93-сонли «Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган шахсларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ва маҳкумни жазони ижро этувчи бир муассасадан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи ўз кучини йўқотган деб топилди.

Низомга кўра, бир қатор қоидалар белгилаб берилди.

Хусусан, қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар жазони ҳукм чиқарилган жойдаги махсус қамоқ уйларида ўтайдилар.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазо муддатини жазони ижро этиш муассасаларида ўтайдилар.

Қасддан содир этилган оғир жинояти учун биринчи марта саккиз йилгача ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар алоҳида ҳолларда, маҳкумнинг ёзма розилиги бўлган тақдирда, муассаса бошлиғининг буйруғига биноан хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун жазо муддатини тергов ҳибсхонаси ёки турмада ўташи мумкин.

Маҳкумлар жазо муддатини ўташ учун муассасаларга суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки ажримига асосан жўнатилади.

Манзил колонияларда жазо муддатини ўташга ҳукм қилинган маҳкумлардан ташқари, қуйидаги тоифадаги маҳкумлар жазо муддатини ўташ учун ихтисослаштирилган жазони ижро этиш муассасаларига жўнатилади:

  • вояга етмаганлар;
  • аёллар;
  • чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • умрбод озодликдан маҳрум этилганлар;
  • ўта хавфли рецидивистлар;
  • суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг собиқ ходимлари;
  • турли юқумли касалликка чалинганлар;
  • суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш белгиланган маҳкумлар.

Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахс жазонинг бутун муддатини, одатда, битта қамоқ уйида, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс эса, битта муассасада ўтайди.

Маҳкумлар қуйидаги ҳолларда бир муассасадан бошқа шу турдаги муассасага кўчирилиши мумкин:

а) маҳкумнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, унинг розилигини олган ҳолда;

б) маҳкумнинг мазкур муассасада қолишига тўсқинлик қилувчи қуйидаги ҳолларда:

  • муассасанинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши муносабати билан;
  • бир жиноят иши бўйича судланувчи, гувоҳ ёки жабрланувчи бўлган маҳкумларни бир-биридан ажратиш мақсадида;
  • муассасада белгиланган кун тартибини мустаҳкамлаш ва жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида;
  • муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида юзага келган низони ҳал этишнинг бошқа чораси бўлмаганда;
  • маҳкумларнинг салбий гуруҳлари етакчилари ва аъзоларининг муассасада ўрнатилган тезкор вазият барқарорлигига таъсирининг олдини олиш мақсадида;
  • маҳкум ёки қариндошларининг аризасига асосан;
  • суднинг ҳукм ёки ажримда назарда тутилган жазони ижро этиш тартибини ўзгартириш ҳақидаги қарорига асосан;

в) маҳкум касал бўлиб қолган тақдирда.

Маҳкумни бир муассасадан бошқа шу турдаги муассасага кўчириш Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланган хулосага ёхуд суд қарорига асосан ЖИЭББнинг Махсус бўлими тайёрлаган нарядга мувофиқ амалга оширилади.

Маҳкумларни ихтисослашган даволаш муассасасига ўтказиш соқчи, зарурат бўлганда, тиббий ходимлар кузатувида амалга оширилади. Маҳкум касал бўлиб қолган тақдирда, уни қамоқ уйидан, колониядан ёки турмадан ихтисослашган даволаш муассасасига ўтказишга тиббий хулоса асосида йўл қўйилади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларга мувофиқ маҳкумни жазони ижро этишнинг бир тартибли колониясидан бошқа тартибли колониясига, турмадан колонияга ва колониядан турмага ўтказиш жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг тақдимномасига биноан, шунингдек маҳкумнинг ёки унинг ҳимоячисининг илтимосномасига кўра судья томонидан амалга оширилади. Бунда маҳкум бир муассасадан бошқасига ушбу бобда белгиланган тартибда кўчирилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига