Yangi hujjatlar

Тадбиркорлар автомашина сотиб олиш учун интернет орқали буюртма беришлари мумкин

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида янги “Тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжлари учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларини харид қилиш учун буюртма тақдим этиш” хизмати жорий этилди. Бу ҳақида Ягона портал матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эндиликда, бизнес фаолияти учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил ёки тижорат транспорти воситасини харид қилмоқчи бўлган тадбиркорлар, иш жойларини тарк этмаган ҳолда, автотранспорт модели ва ҳудудий дилерни танлашлари ҳамда кейинчалик ушбу моделни танланган дилердан харид қилиш учун олдиндан банд этиб қўйиш имкониятига эга бўладилар.

Ягона порталда банд қилиш учун қуйидаги компанияларнинг моделлари тақдим қилинган – “GM Uzbekistan” ЁАЖ, “Samarqand Avtomobil Zavodi” МЧЖ ва “JV MAN Auto – Uzbekistan” ҚК.

Ушбу хизматнинг натижасида ариза юборган шахсларга – тадбиркорлик субъектларига электрон тарзда муайян автомобил русумини харид қилиш буюртмаси рўйхатга олинганлиги санаси ва тартиб рақами ҳақида билдирги юборилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларини харид қилиш учун буюртма (хат) юбориш жараёнида, тадбиркорлик субъектлари битта дилер корхонасини танлаш ҳуқуқига эгалар.

Ягона портал орқали буюртмани тўлдириш жараёнида, қуйидаги маълумотларни тегишли майдонларга киритиш талаб этилади: юридик шахс номи, юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, юридик шахснинг почта адреси, банк реквизитлари (банк номи, банк адреси, ҳисоб рақами, МФО, СТИР, ОКОНҲ), директор ФИШ, иш ва мобил телефон рақамлари, электрон почта манзили.

Ариза “GM Uzbekistan” ЁАЖ компанияси билан тузилган дилерлик шартномасига биноан тадбиркорлик субъектларига автомобилларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш ҳуқуқига эга расмий дилер корхоналари томонидан кўриб чиқилади.

Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги ПҚ-2164 сонли “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш доирасида жорий этилган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (36)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига