2013 йил 12 октябрь куни “Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор Марказий банк раиси Ф.Муллажонов томонидан имзоланди.
Мазкур Қарорга кўра, Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомга бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, “хусусий тижорат банки” атамаси Низомдан чиқариб ташланди. Энди ушбу атама “хусусий банк” атамаси билан алмаштирилди.
Шунингдек, банк ўз устав капиталини қонун ҳужжатларига мувофиқ шакллантира олмаслиги сабабли, ўз мақомини хусусий банкка ўзгартиришига йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Низомнинг 4-бандига қоида киритилиб, эндиликда юридик ва/ёки жисмоний шахслар томонидан банкнинг устав капиталидаги акцияларнинг ўттиз беш ва ундан ортиқ фоизини тасарруф этиш бўйича битимлар тузиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш талаб этилади.
Бундан ташқари, банклар устав капиталининг энг кам миқдорлари 2 бараварга оширилди. Шундай қилиб устав капиталининг энг кам миқдорлари қуйидаги миқдорларда белгиланади:
банклар учун — 10 млн. евро эквивалентида;
хусусий банклар учун — 5 млн. евро эквивалентида.
Қарорнинг расмий матни билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари Миллий базасида танишишингиз мумкин.